Спорт мактабларида разрядли ва унвонли спортчилар тайёрланади — Президент тақдимот билан танишди
Жамият
−
09 Июль 2021
3366Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 9 июль куни спорт таълимини ривожлантириш ва Олимпия захираларини тайёрлаш масалаларига доир тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, бу соҳани янада ривожлантириш учун спорт таълими муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мураббийлар малакасини ошириш зарур. Хусусан, ушбу муассасаларда ишлаётган 14 мингга яқин мураббийларнинг қарийб 6 минг нафари олий маълумотга эга эмас. Шунингдек, жойларда от спорти, замонавий беш кураш, регби, ўқ отиш, камондан отиш, велоспорт, сувга сакраш ва синхрон сузиш бўйича мураббийлар етишмайди.
Тақдимотда спорт таълими тизимини тубдан яхшилаш, замонавий дастур ва методикаларни жорий этиш, муассасаларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Давлат раҳбари Олимпия захиралари коллежлари ҳамда жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги олий таълим муассасалари инфратузилмасини яхшилаб, спорт таълимини такомиллаштириш, ўқувчи ва талабалар сонини ошириш бўйича топшириқлар берди.
Соҳадаги таълим муассасаларининг Паралимпия бўлимларига 10 фоизгача қўшимча квота ажратилиши ҳамда ота-оналар томонидан тўлов тартиби бекор қилиниши белгиланди. Шунингдек, қизлар учун квотани кўпайтириш орқали Халқаро олимпия қўмитасининг гендер тенгликка доир тамойиллари таъминланади.
Селекция ишларини кучайтириш, бу жараёнда очиқлик ва шаффофликни таъминлаб, коррупция ҳолатларига барҳам бериш бўйича кўрсатмалар берилди. Олимпия захиралари коллежларига ўқувчиларни қабул қилиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва мусобақалар ташкил этиш бўйича электрон платформани ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Президент Олимпия захиралари коллежларини спорт федерациялари билан узвий боғлаш, иқтидорли ёшларни ўстиришда промоутер, скаут, агент каби мутахассислар фаолиятини кенг қўллаш ва бу йўналишларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Спортчиларнинг жисмоний, тиббий ва психологик ҳолатини ҳамда фармакологик таъминотини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди. Спортчиларни тайёрлаш ва ўқув муассасаларини бошқариш тизимини илмий асосланган равишда ривожлантириш зарурлиги айтилди.
2021–2022 ўқув йилидан бошлаб, спорт мактабларида давлат буюртмаси асосида разрядли ва унвонли спортчиларни тайёрлаш йўлга қўйилиши белгиланди.
Мураббийлар етишмаётган спорт турлари бўйича малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш, уларга маҳаллий мураббий ва талабаларни бириктириб, тажрибасини ўрганиш кераклиги қайд этилди.
Спорт таълими муассасаларини қуриш ва таъмирлаш, замонавий жиҳозлар ва спорт адабиётлари билан таъминлаш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Ўзбекистонлик спортчилар Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ушбу нуфузли мусобақага жами 126 та йўлланмани қўлга киритган.
Давлат раҳбари спортчи ва мураббийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, яхши натижаларга эришиши учун барча шароитларни яратиш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, 2024 йили Францияда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига тайёргарликни ҳозирдан бошлаш бўйича кўрсатмалар берди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь