Камарлар учун жанг қилган ўзбеклар – Спорт дайжести

Спорт

Ортда қолаётган ҳафта ўзбек яккурашчилари учун муҳим воқеаларга бой ўтди. Ўзбек бокси тарихидаги энг катта ва шов-шувли жанг сифатида қаралаётган тўқнашув ўз тасдиғини топди, Муроджон Аҳмадалиев мутлақ жаҳон чемпионига қарши жанг қиладиган бўлди, яна бир ўзбекистонлик боксчи ўз вазнида WBA камари учун элиминаторлик жангини ўтказади, футболчилардан Элдор Шомуродов “Рома” яна ойнинг энг яхши футболчиси бўлди.

Шу ва бошқа муҳим спорт мавзулари юзасидан бугун QALAMPIR.UZ’нинг спорт дайжестида батафсил сўз юритамиз.

Рамазон Темировнинг рақиби ва жанги санаси аниқ бўлди

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик UFC жангчиси Рамазон Темиров қозоғистонлик Асу Алмабаевга қарши октагонга чиқиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. 

Тахминларга кўра, мазкур беллашув 2025 йилнинг 26 июль куни Абу-Даби мезбонлик қиладиган UFC Fight Night турини доирасида бўлиб ўтади.

Маълумот ўрнида, Темиров ўзининг сўнгги жангини жорий йилнинг март ойида америкалик Чарльз Жонсонга қарши ўтказиб, очколар ҳисобига кўра, ғалаба қозонган эди. Алмабаев эса охирги жангида португалиялик Манель Кейпега нокаут эвазига мағлуб бўлди.

28 ёшли Темиров шу вақтга қадар UFC’да 2 та жанг ўтказишга улгурди ва ҳар иккисида ғалаба қайд этди. 31 ёшли Алмабаев эса ташкилотда 5 та жанг ўтказган ва 4 тасида ғалаба қозонган. Яна 1 та жангда қозоғистонлик MMA устаси мағлубиятни қабул қилиб олган.

Бектемир Мелиқўзиев даъвогарлик жангида қатнашади

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Бектемир Мелиқўзиев ўзининг навбатдаги жангини америкалик Дарьюс Фулхумга қарши ўтказади.

Ушбу тўқнашув жорий йилнинг 30 май куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтадиган профессионал бокс оқшоми доирасида ўтказилади. Мазкур жанг супер ўрта вазн тоифасидаги WBA Элиминатори мақомида бўлиб ўтади. 

Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) камари учун элиминатор мақомида ўтказиладиган жангнинг промо ролиги ҳам эълон қилинди.

Видео динамик темпда бўлиб, лавҳаларда иккала боксчининг профрингдаги ёрқин фаолияти ва машғулот жараёнлари акс этган.

Маълумот учун, Бектемир Мелиқўзиев фаолияти давомида ҳозирга қадар 16 та жанг ўтказиб, 15 та ғалаба ва 1 та мағлубият қайд этган. Дарюс эса 14 та жангнинг барчасида ғалаба қозонган.

Аҳмадалиев ва Иноуэ жанги тасдиқланди

Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил вазн тоифасида фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик боксчи, WBA Интерим камари соҳиби Муроджон Аҳмадалиев тоифанинг мутлақ чемпиони япониялик Наоя Иноуэга қарши жанг бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда промоутер Эдди Хирн ўз Инстаграм саҳифасида маълум қилди. 

Эдди Хирн ўз саҳифасига пост жойлаб, жанг расман тасдиқланганини билдирди.

“Музокаралар якунланди. Ўзбек кучига қарши “монстр”. Дивизиондаги энг зўр жанг”, дейилади Хиррнинг постида.

Иноуэ ўзининг навбатдаги жангини америкалик Рамон Карденасга қарши 4 май куни ўтказади. Аҳмадалиев ҳам май ойида рингга кўтарилиши кутилмоқда. Аҳмадалиев ва Иноуэ ўртасидаги супер жанг жорий йилнинг 14 сентябрида Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Маълумот учун, 30 ёшли Аҳмадалиев шу вақтга қадар профбоксда 14 та жанг ўтказиб, 13 тасида ғалаба қозонган, 1 та жангда эса имкониятни бой берган. Мутлақ чемпион 32 ёшли Иноуэ эса профбоксда 29-0 рекордга эга.

Баҳодир Жалолов Усик билан жанг қилишга улгурмайди

Супер оғир вазн тоифасидаги ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалолов катта эҳтимол билан украиналик Александр Усик билан жанг ўтказа олмайди. 

Қозоғистоннинг “Sports” нашри маълум қилишича, Усик икки жангдан сўнг боксдаги фаолиятини якунлашини айтган. Улардан бири британиялик Даниэль Дюбуага қарши 19 июль куни Лондонда бўлиб ўтади. Иккинчи жанг учун Александрда иккита вариант бор - Энтони Жошуа ва Тайсон Фюри.

Усик ўзи билан жанг қилиш истагини бир неча бор билдирган Жалолов билан рингда тўқнаш келиш эҳтимоли жуда паст.

Озарбайжонлик боксчи Камран Шоҳсуварли ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов ва ҳамюрти Магомедрасул Межидов ўртасидаги жанг ўтказилмаганини айтиб, Жалолов боксдаги фаолияти ҳақида фикр билдирди. 

“Мен Жалоловга қарши спарринг қилишни ҳам хоҳламадим. Ўзбекистонлик боксчи икки карра Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов бир вақтлар уч карра жаҳон чемпиони Магомедрасул Межидовга қарши жанг қилишни истамаганини яхши эслайман. Ҳа, Жалолов ўз даврининг юқори савияли боксчиси, лекин Межидов ёки Жошуа пик вақтида Жалолов юқори натижаларга эришолмасди. Улар Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпиони ҳисобланган вақтда Жалолов ҳам бўлганида, уларга қаршилик кўрсата олмасди”, дейди Шоҳсуварли.

Маълумот учун, Баҳодир Жалолов 5 апрель куни Остонада анча танаффусдан кейин профессионал боксдаги жангини ўтказди. У украиналик Игорь Шевадзуцкий билан тўқнаш келди ва кутилмаганда рақибини нокаутга учратолмади, Жалолов рақибини ҳакамларнинг бир овоздан чиқарган қарор билан мағлуб этиб, профессионал фаолиятида илк бора тўлиқ жанг ўтказди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг