“Шаҳарликка” айланган Абдуқодир Ҳусанов
Таҳлил
−
11 Январь
9281Декабрда бошланган сериал январь ойининг биринчи қисмига келиб якунланди. Энди ўзбекистонлик футболчи дунёнинг энг кучли клубларидан бирида, энг зўр лигада ва футбол тарихидаги энг яхши мураббий қўл остида тўп тепади. Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари учун севимли инсонга айланиб улгурган италиялик машҳур инсайдер Фабрицио Романо 11 январь Тошкент вақти билан тунги иккиларда орзиқиб кутилган янгиликни тасдиқлади ва Абдуқодир Ҳусанов АПЛда ўйнайдиган биринчи ўзбекистонлик футболчига айланди.
Ассалому алайкум. Ўзбек футболи тарихидаги мега трансфер билан боғлиқ воқеалар билан катта ҳаяжонда ўтган ҳафта спортига оид энг муҳим воқеалар билан QALAMPIR.UZ’да Спорт дайжести.
Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” футболчисига айланди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англиянинг “Манчестер Сити” футболчисига айланди. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо ўз Х саҳифасида маълум қилди.
Романонинг сўзларига кўра, футболчи ва “шаҳарликлар” ўртасидаги шартнома 5+1 кўринишида бўлади. Шунингдек, манчестерликлар Ҳусанов учун “Ланс”га бонусларни ҳисобга олган ҳолда 50 миллион евро тўлади.
Маълумот ўрнида, “Ланс” Абдуқодир Ҳусановни 2023 йилда “Энергетик БГУ”дан 100 минг еврога сотиб олганди. 20 ёшли футболчи клуб сафида умумий 24 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та ассист амалга оширди. Футболчини тарбиялаган “Бунёдкор” эса 1 миллион евро даромад қилади.
Ҳусановнинг трансферига Гвардиола муносабат билдирди
Англиянинг “Манчестер Сити” клуби устози Пеп Гвардиола ўзбекистонлик Абдуқодир Ҳусанов трансферини тезроқ якунлашни хоҳламоқда. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо ўз Х саҳифасида маълум қилди.
Романонинг сўзларига кўра, “шаҳарликлар” мураббийи Хосеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов атрофидаги жараёнларни якунлаш ва амалга ошириш учун бу келишувга розилик берган. “Ланс” ва “Менчестер Сити” ўзбек марказий ҳимоячиси билан музокараларнинг якуний босқичда эканлиги келтирилган. “Манчестер Сити” учун янги трансфер бўлиши кутилаётган 20 ёшли ҳимоячининг охирги тафсилотлари ҳал бўлмоқда ва жараён давом этмоқда.
“Манчестер Сити” Ҳусанов трансфери учун қанча тўлаши аниқ бўлди
Англиянинг “Манчестер Сити” клуби “Ланс”нинг ўзбекистонлик ҳимоячиси трансфери учун бонуслар билан ҳисоблаганда 50 миллион евро тўлайди. Бу ҳақда футбол журналисти Патрик Бергер Х саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, томонлар 5+1 кўринишида шартнома имзолайди. Бу дегани 20 ёшли ўзбекистонлик ҳимоячи янги клубида 5 йил тўп тепади ва ўзаро келишувга кўра, келишувни кейинчалик яна бир йилга узайтириши мумкин.
Маълумот учун, Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсум Франция клуби сафида 16 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та голга ассистентлик қилди. “Transfermarkt” ҳимоячининг нархини 12 миллион еврога баҳоламоқда. Футболчининг “Ланс” билан амалдаги шартномаси эса 2027 йилнинг ёзига қадар тузилган.
“Тан олинмаган йигитлар”ни ҳамма тан олди
Ортда қолаётган ҳафта ўзбекистонлик футболчи йигитларнинг медиа футбол бўйича Жаҳон чемпионатидаги шов-шувли иштироки билан ҳам ёдда қолди.
“King’s League” деб номланувчи мусобақада иштирок этган “Анвонтед бойс” клуби футболчиларидан ташкил топган Ўзбекистон медиа терма жамоаси мусобақада 4 та ўйин ўтказиб, 2 та ғалаба ва 2 та мағлубият қайд этиб, дунёнинг энг кучли 8 та медиа жамоасидан бирига айланди.
QALAMPIR.UZ’га маълум бўлишича, “Анвонтед бойс” йигитларидан иборат жамоани Жаҳон чемпионатидаги иштироки учун Ўзбекистондаги ҳеч қайси спорт ташкилоти қўллаб-қувватламаган. Табиийки, Жаҳон чемпионатига бориб-келиш, меҳмонхона ва бошқа жиҳатлар яхшигина харажат келтириб чиқаради, ЖЧда иштирок этаётган йигитлар эса барча чиқимларни ўз бўйинларига олиб, мундиалга йўл олган.
Жамоа раҳбари Ислом Абдужабборовнинг айтишича, фақатгина Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев томонидан Абдужабборовнинг Ўзбекистондаги тўловлари билан боғлиқ айрим муаммолар бўйича амалий ёрдам берилган.
Тахминан 5 ой аввал QALAMPIR.UZ мазкур жамоа Ўзбекистонда ҳам футбол ўйнашда муаммоларга дуч келаётганини аниқлаганди.
Тушунишимиз бўйича, “Тан олинмаган йигитлар”ни ҳали ўзбек спорт ташкилотлари тан олмаяпти, шекилли.
Нима бўлган тақдирда ҳам, бу йигитлар Жаҳон чемпионатида Саудия Арабистони ва Перуни мағлуб этди, Германия, Испания ва Италия терма жамоалари уддалай олмаган ишларни уддалади ва шу тариқа ўзбек футболи тарихида янги саҳифа очган йигитлар сифатида тарихда қолди.
LiveБарчаси
Исроил ва ҲАМАС келишувга эришди.
15 Январь
Эрон Президенти Марказий Осиёга келди.
15 Январь