ММА'га аталган ҳафта – Спорт дайжести
Спорт
−
12 Август 2023
5022Ўзбекистонлик шахматчилар учун Жаҳон кубоги эрта якунланди, Гулруҳбегим Тоҳиржонова Американинг энг яхши аёл шахматчиси бўлди, дзюдочи Музаффар Тўрабоев “Мастерс” турнирида ғолиб бўлди, ўзбекистонлик UFC жангчиси Богдан Гусков ташкиотдаги дастлабки жангидаёқ жиддий рақибга дуч келади. Ассалому алайкум! QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.
Ўзбекистонлик шахматчилар Жаҳон кубогида муваффақиятсиз иштирок этди
Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида шахмат бўйича Жаҳон кубоги баҳслари давом этмоқда. 10 август куни 1/16 финал учрашувларининг 2-партияси бўлиб ўтди.
Унда мазкур босқичга қадар етиб келган ягона ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров Ҳиндистон вакили Аржун Эригаисига қарши иккинчи ўйинни ўтказди.
Дастлабки партияда дуранг билан қаноатланган Синдоров 2-баҳсда рақибига имкониятни бой бериб қўйди ва мусобақадаги иштирокини 4-босқичда якунлашга мажбур бўлди.
Шу тариқа, Ўзбекистон шахматчилар учун Бакудаги Жаҳон кубоги ўз ниҳоясига етди.
Тоҳиржонова АҚШнинг энг яхши аёл шахматчиси бўлди
Асли ўзбекистонлик бўлган, ҳозирда АҚШ аёллар жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШнинг энг яхши аёл шахматчиси деб топилди.
Куни кеча спортчи Америка шахмат федерацияси томонидан ўз совринини қабул қилиб олди.
Тоҳиржонова 2021 йилдан буён АҚШ жамоаси таркибида дона суриб келади. 24 ёшли шахматчи 2016 йилда гроссмейстер унвонини қўлга киритган.
Тоҳиржонова ўз вақтида Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбарияти билан низолар сабаб Ўзбекистон терма жамоаси аъзолигидан кетган. Ўтган йили декабрь ойида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилган шахматнинг рапид ва блиц йўналишларидаги Жаҳон чемпионатида Гулруҳбегим АҚШ байроғи остида ўз опаси Нафиса Мўминовага қарши дона суриб, ғалаба қозонганди.
12 йиллик танаффус якунланди. Ўзбекистонлик дзюдочи нуфузли мусобақада ғолиб бўлди
Венгриянинг Будапешт шаҳри мезбонлик қилган дзюдо бўйича “Мастерс” турнири якунланди. -100 кг вазнда баҳсларда иштирок этган Ўзбекистон вакили Музаффарбек Тўрабоев олтин медалга эга чиқди.
Тўрабоев турнирдаги дастлабки баҳсида икки карра Олимпиада ва жаҳон чемпиони Лукаш Крпалек устидан ғалаба қозонди. Шунингдек, ўзбекистонлик дзюдочи Шейди Элнахас (Канада), Михаэль Коррел (Нидерландия) ва Боян Досен (Сербия) каби спортчилардан устун келди. Финалда Тўрабоев исроиллик Петер Палтчикни мағлуб этди.
“Мастерс” турниридаги ғалаба орқали Тўрабоев 1800 рейтинг очкосига ҳам эга бўлди.
Мусобақа давомида ўзбекистонлик спортчилардан -90 кг вазн тоифасида Давлат Бобонов, аёллар ўртасида -52 кг да Диёра Келдиёрова шоҳсупанинг 3-поғонасидан жой олди.
йилда бир бора ўтказиладиган “Мастерс” мусобақасида ўзбекистонликлардан сўнгги бор 2011 йилда Ришод Собиров ғалаба қозонган эди. Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси бу йилги турнирни 1 та олтин ва 2 та бронза медали билан якунлади.
UFC Гусковга жиддий рақиб берди
2 сентябрь куни Францияда навбатдаги UFC Fight Night мусобақаси бўлиб ўтади. Мазкур мусобақа доирасида Ўзбекистонда туғилган ва мамлакат байроғи остида жангларда иштирок этувчи ярим оғир вазнли UFC вакили Богдан Гусков дебют жангини ўтказади. Ўша куни унга Швейцария вакили Волкан Оздемир рақиблик қилади.
Аввалига Оздемирнинг россиялик Азамат Мурзаконовга қарши жанг қилиши белгиланган эди. Бироқ Мурзаконов бу жангда иштирок эта олмаслиги маълум бўлди. Бу орқали UFC билан яқиндагина шартнома имзолаган ўзбекистонлик спортчи Мурзаконовнинг ўрнига захира жангчиси сифатида Оздемир билан жанг қиладиган бўлди.
Богдан Гусков профессионал фаолияти давомида 16 та жанг ўтказган бўлиб, уларнинг 14 тасида ғалабага эришган ва 2 та баҳсда рақибларига имкониятни бой бериб қўйган. Унинг швейцариялик рақиби Волкан Оздемир эса бунга қадар 25 та жангда иштирок этиб, 18 тасида ютган ва 7 та жангда мағлубиятга учраган. У Гусковга қараганда анча тажрибали ҳисобланади. Оздемир фаолияти давомида Даниель Кормье, Энтони Смит, Доминик Рейес, Иржи Прохаска, Магомед Анкалаев каби спортчилар билан жанг қилган.
Муродовнинг кейинги режалари маълум бўлди
6 август куни Тошкент шаҳрида ўзбекистонлик UFC жангчиси Маҳмуд Муродов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Муродов журналист ва мухлисларнинг бир қатор саволларига жавоб берди.
Маълумки, Муродов охирги жангида америкалик тажрибали Брайан Барберенани мағлуб этди. Барберенага қарши жангга тайёргарлик кўриш мақсадида анча муддат Ўзбекистонда бўлмаган спортчи энди эътиборини Муродов профессионал лигасининг (MPL) ташкилий ишларига қаратишини айтиб ўтди.
Шунингдек, Муродовнинг мураббийи Жасур Алижонов MPL'нинг 8-турнири сентябрь ойида ўтказилиши режа қилинаётганини таъкидлади.
“MPL 8 катта масштабда ўтказилади. MPL 10'ни эса “Ҳумо арена”да ўтказишни режалаштиряпмиз. MPL 10'га Марказий Осиё ва Европанинг номдор спортчиларини жалб қилишни ўйлаганмиз. Ҳозирча бошқа лигалар билан ҳамкорликда турнир ўтказиш ниятимиз йўқ”,
Тадбирда ўзбекистонлик собиқ UFC жангчиси Саидёқуб Қаҳрамонов ҳам MPL билан шартнома имзолагани маълум бўлди.
“Қаҳрамонов бизнинг лига билан шартнома имзолади. Ҳозир у билан MPL'нинг қайси турнирида жанг қилиши бўйича музокара кетмоқда”,
Йиғилганлар Муродовнинг UFC'даги кейинги жанги бўйича режалари билан ҳам танишди.
“Рақибни менга UFC белгилаб беради. Кейинги жангимнинг қачон ўтказилиши менинг жисмоний ҳолатимга боғлиқ. Вазиятга қараймиз, балки ноябрь ёки декабрь ойида жанг қиларман”,
Бир неча кун олдин QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасига нашримизнинг Маҳмуд Муродов билан қилган интервьюси жойланди. Интервьюда спортчи UFCʼдаги кейинги жанги, марҳум Мурод Хонтўраев билан муносабати, қўқонлик спортчи Ҳумоюн Тўхтамуродовнинг МПЛдан кетиши, бир вақтлар ижтимоий тармоқларда тарқалган беҳаё видеолар ва бошқа бир қатор шов-шувли ҳолатларга изоҳ берди.
Бензема Умра зиёратини бажарди
6 август куни Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” клуби ҳужумчиси Карим Бензема Умра зиёратига борди.
5 июнь куни Испаниянинг “Реал Мадрид” клубидан эркин агент сифатида Жидданинг “Ал-Иттиҳод” клубига кўчиб ўтган футболчи трансфердан сўнг, илк марта Умра зиёратини амалга оширди.
35 ёшли Франциялик футболчи Жидда клуби билан икки йиллик шартнома имзолаган ва у бу муддат ичида 200 миллион евро ишлаб олади.
Бензема 2009 йилдан буён “Реал Мадрид” сафида тўп суриб келаётганди. У 353 та гол билан клуб тарихида Криштиану Роналдудан кейин иккинчи энг яхши тўпурар мақомини қўлга киритди. 35 ёшли ҳужумчи ортда қолган мавсумда “қаймоқранглилар” сафида барча турнирларда 42 та ўйинда майдонга тушиб, 30 та гол урди ва 6 та голли узатмани амалга оширди.
Шомуродов янги клубида қайси рақам остида тўп тепади?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов Италиянинг “Кальяри” клуби сафида 61-рақам остида тўп тепадиган бўлди.
“Кальяри” Instagram'ида эълон қилинган постдан италиялик футболчи Алессандро Дейола янги мавсум жамоада 14-рақамда ўйнашини билиб олиш мумкин. Демак, Шомуродов янги жамоасида ўзининг севимли рақамида тўп тепа олмайди.
“Кальяри” 27 июль куни Шомуродов трансферини эълон қилди. “Кальяри” ўзбекистонлик 29 ёшли ҳужумчини 9 миллион евро эвазига, кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан бир йилга ижарага олди.
Август ойи бошида ўзбекистонлик яна бир футболчи Отабек Шукуров ҳам фаолиятини Италияда давом эттириши мумкинлиги хабар қилинганди. Шукуровга Элдор Шомуродовнинг собиқ жамоаси “Женоа” қизиқиш билдирмоқда.
Хасбулла UFC’дан қанча даромад қилди?
Хасбик номи билан машҳур бўлган россиялик блогер Хасбулла Муҳаммедов UFC'да сўнгги бир йилда қанча пул ишлаб олгани маълум бўлди.
Блогер 2022 йилнинг сентябрь ойидан бугунга қадар UFC ҳомийлигида миллион доллардан ортиқ даромад олган.
“Хасбик - ажойиб йигит. У ўтган вақт ичида ақл бовар қилмайдиган ишларни амалга ошира олди. Биз у билан келишувга эришдик. Ҳозир унинг сурати туширилган футболкаларни сотяпмиз, бу эса унга жуда кўп фойда келтирмоқда. Хасбикнинг ҳозиргача ишлаб топган пули 1 миллион доллардан ошиб кетди. Бу фақат UFC'дан, Хасбикнинг бошқа бизнеслари ҳам бор”,
Муҳаммедов бир неча йиллардан бери аралаш яккакурашлар (ММА) оламида анча машҳур ҳисобланади. Унинг бўйи 93 сантиметр, оғирлиги эса тахминан 18 килограммни ташкил қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь