Соядаги иқтисодиёт. Сигаретни яширинча сотганлар
Таҳлил
−
05 Март
5823Ҳеч ноқонуний товар сотиб олганмисиз? Балки, олгансизу, ўзингиз унинг қонунга хилоф олиб келингани ёки сотилаётгани ҳақида ўйлаб кўрмагандирсиз. Ҳар ҳолда бугун божхонадан яширинча маҳсулот олиб киришга уриниш ҳолатлари тез-тез қулоғимизга чалиниб қоляпти. Айтайлик, тамаки савдоси. Ўзбекистон аҳолисининг 12 фоизи, яъни қарийб 4 миллион 416 минг киши сигарета чекади. Бу эса ушбу товарга бўлган талабнинг юқори эканлигидан далолат. Балки сотиладиган маҳсулотлар жавоб бериши керак бўлган стандартларнинг юқорилиги, балки осон йўл билан пул орттиришга бўлган истакнинг кучи қўштирноқ ичидаги баъзи тадбиркорларни қинғир йўлларга бошлаяпти.
Тамаки маҳсулотларининг истеъмоли инсон саломатлиги учун шундоқ ҳам зиён. Яна унинг ноқонуний йўллар билан мамлакатга олиб кирилишига нима дейсиз. Ҳар ҳолда қонунбузарлар ҳам бир нимани кўзламаса, беркитишга уринмаса, қинғир йўлга оёқ босмайди. Ўзбекистон божхона қўмитаси раиси матбуот котиби Нурбек Саломов жиноятчиларнинг контрабанда йўли билан мамлакатга тамаки олиб кириш сабабларини тушунтирди.
“Тамаки маҳсулотларининг Ўзбекистонга ноқонуний олиб келинишининг ҳуқуқбузарлар томонидан рухсат этувчи ҳужжатларни олишдан, божхона тўловларини тўлашдан қочиш ёки ноқонуний даромад олишга бўлган қизиқиш асосий сабаблардан ҳисобланади”, дейди мутахассис.
Статистик маълумотларга кўра, 2023 йилда Ўзбекистон бозорида ноқонуний сигаретанинг ўртача улуши 22,4 фоизни ташкил этди. Бу нафақат давлат бюджетининг бир триллион сўмлик солиқ тушумларидан маҳрум бўлгани, балки 2,4 миллиард дона текширувдан ўтмаган сигарет ички бозорга ноқонуний йўллар билан кириб келганини англатади. Хўш, сигаретанинг ички бозорга бунчалик кўп миқдорда ноқонуний кириб келишига нима сабаб бўлмоқда?
“Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, тамаки маҳсулотлари Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали дастлаб транзит режимига расмийлаштирилиб, қўшни мамлакатларга олиб ўтилиб, кейинчалик водий вилоятлари орқали олиб кириляпти ва майда партияларда сотиляпти. Яқинда Сурхондарё вилояти Сариосиё чегара божхона постидаги темирйўл вагонида транзит режимида олиб ўтилаётган юклар кўздан кечирилаётганда, яширинча олиб ўтилаётган 402 минг қути тамаки аниқланган”, дейди мутахассис.
2023 йилда “World Population Review” нашри томонидан қайд этилган кўрсаткичларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 16,5 фоизи тамаки чекарди. Аммо 2024 йилга келиб бу миқдор 12 фоизгача камаяди. Унга кўра, айни пайтда мамлакатдаги 23,3 фоиз эркаклар ҳамда 1,3 фоиз аёллар тамаки истеъмол қилади. Шунингдек, ташкилот чекиш 8 миллионга яқин бевақт ўлимга, саратон, юрак ва ўпка касалликлари, инсульт ҳамда диабетга сабаб бўлаётганини алоҳида урғулаган.
Шу сабабдан ҳам Ўзбекистонда сўнгги ярим йил ичида икки маротаба тамаки ва алкоголь савдосига қўшимча тақиқлар ўрнатилди. Хусусан, 2023 йил 26 август кунидан кучга кирган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига кўра, кўча сотувчилари фаолиятига, сигаретларни маркировкасиз, стационар савдо нуқталаридан ташқарида ва доналаб сотишга тақиқ қўйилди. Унга асосан кўча сотувчилари фаолияти товарни тўлиқ мусодара қилиш ва 15 млн сўмгача жаримага сабаб бўлиши белгиланди. Шунингдек, 21 ёшга тўлмаган шахсларга тамаки сотиш ва сотиб олиш борасида тақиқлар қўйилди.
Бундан ташқари, 2024 йилнинг 17 февралидан янги қонун кучга кирди. Унга кўра, Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш учун маъмурий эмас, балки жиноий жавобгарлик белгиланди.
"Тамаки маҳсулотларининг Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилиши ва мамлакатда ноқонуний айланиши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига асосан, жиноий жавобгарликка, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 186-1-моддасига асосан этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг Ўзбекистон Республикасида ноқонуний муомалага киритилиш ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарлик белгиланган. Бунда БҲМнинг 50-100 баробари миқдорида жарима жазоси қўлланилади. Агарда бу ҳолат бир йил давомида такроран содир этиладиган бўлса, жиноий жавобгарликка сабаб бўлади ва 5-7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши мумкин”, дейди мутахассис.
Ноқонуний тамакини сотиб олиш мумкин эмаслигини-ку билдик, аммо маҳсулотнинг қонуний ёки йўқлигини қандай биламан, деяётгандирсиз. Саломовнинг сўзларига кўра, бундай сигареталарни 3 та белгига қараб аниқлаб олиш мумкин.
"Ўзбекистон Республикаси қонунларида тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ёки мамлакат ҳудудига олиб кирилиши билан боғлиқ муайян нормалар киритилган. Хусусан, қонунга кўра, тамаки маҳсулотларининг қадоғида тиббий огоҳлантириш бўлиши керак. Ушбу тиббий огоҳлантиришда ушбу маҳсулотларнинг инсон саломатлигига хавф туғдириши бўйича маълумотлар мавжуд бўлиши керак. Бу биринчи талаб. Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида тамаки маҳсулотларининг қадоғи махсус код билан маркировкаланиши керак. Учинчи талаб эса, Ўзбекистонга олиб кириладиган, ишлаб чиқариладиган тамаки маҳсулотлари мажбурий равишда акциз маркалари билан маркаланиши керак. Ушбу учта белги мавжуд бўлмаган ҳолда ноқонуний тамаки маҳсулоти ҳисобланади", дейди мутахассис.
Бундан ташқари, сигаретани огоҳлантириш белгисисиз ноқонуний сотиш ҳолларини олдини олиш учун, жамоатчилик назорати ҳам муҳим саналади. Ҳозирда фуқаролар тамаки маҳсулотларининг ноқонуний сотилаётганини дуч келган пайтда, тегишли органларга хабар бериш тартиби ишлаб чиқилмоқда.
"Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилиши, айланишишига қарши фуқароларимизда қандайдир маълумот бўлса, Божхона органларининг қисқа рақамли 1108 телефон рақамларига мурожаат қилишлари мумкин. Ушбу мурожаатлар асосида Божхона органлари томонидан тегишли амалга оширилади", дейди мутахассис.
Қайд этиш жоизки, контрабандага қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишларнинг кўлами кичик эмас. Бош прокуратура ҳузурида “Соя иқтисодиётига” қарши курашиш департаментининг ташкил этилгани ҳам бунга бир мисолдир. Айни пайтда яширин иқтисодиёт ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш билан нақ 14 та бошқарма шуғулланади. Аммо айтиш керакки, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ягона тизим мавжуд эмас. Шу каби муаммоларнинг бартараф этилиши ноқонуний товарлар айланмасига чек қўйса ажаб эмас.
Сиз эса ўзингиз, соғлиғингиз ва атрофингиздагиларни эҳтиёт қилинг. Сиз чиқараётган тутундан фарзандларингиз ҳам нафас олишини унутманг. QALAMPIR.UZдан узоқлашманг!
LiveБарчаси