Совуқ об-ҳаво юрак ва ўпка касалликларини кучайтиради
Саломатлик
−
24 Январь 3217 2 дақиқа
Ўзбекистонда сўнгги кунларда ҳаво ҳароратининг пасайиши кузатилмоқда. Мутахассислар бундай об-ҳаво шароити айрим сурункали касалликлар хуружининг кучайишига сабаб бўлишини маълум қилди.
Миллий тиббиёт маркази директори ўринбосари Акмал Раҳматуллаевнинг сўзларига кўра, совуқ кунларда энг аввало юрак-қон томир касалликлари фаоллашади. Паст ҳарорат таъсирида организм иссиқликни сақлаб қолиш учун қон томирларини торайтиради, бу эса қон босимининг ошишига олиб келади. Оқибатда гипертония, бош мия қон томирлари атеросклерози, стенокардия, инсульт ва инфарктдан кейинги ҳолатда бўлган беморларда аҳвол оғирлашиши мумкин.
“Совуқ кунларда, айниқса, юрак-қон томир касалликлари бор беморлар ўз соғлиғига янада эътиборли бўлишлари керак. Бундай пайтда организм иссиқликни сақлаб қолиш учун қон томирларини торайтиради. Оқибатда қон босими ошиши кузатилади”, дейди мутахассис.
Шунингдек, қиш мавсумида камроқ сув ичиш қоннинг қуюқлашишига сабаб бўлади. Жисмоний фаолликнинг пасайиши, тузли ва ёғли овқатларнинг кўп истеъмол қилиниши ҳамда D витамини етишмовчилиги қон томирлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Мутахассис бронх ва ўпка касалликлари, хусусан, бронхиал астма билан оғриган беморларда ҳам совуқ фаслда касаллик хуружлари кўпайишини таъкидлаган.
“Бронх ва ўпка хасталиклари, хусусан, бронхиал астмага чалинган беморларда касалликнинг фаол давридаги асоратлар зўраяди. Шу сабабли бундай инсонлар шифокор тавсияси билан ёнида доимий ичиб юрадиган дориларини олиб юриши шарт”, дейди у.
Бундан ташқари, қаттиқ совуқ ҳаво тери ва буйрак касалликлари бор беморларнинг умумий ҳолати ёмонлашишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу муносабат билан мутахассислар кўчага чиқишда қалин ва мавсумга мос кийинишни тавсия этмоқда. Айниқса, бош мияни қон билан таъминловчи йирик қон томирлари жойлашган бўйин қисмини иссиқ тутиш муҳим ҳисобланади.
Совуқ об-ҳавода алкоголь ва тамаки истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Чунки бу зарарли одатлар қон томирларини кескин торайтириб, қўл ва оёқларнинг тез музлашига олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, қиш мавсумида эрталаб нонушта қилиш муҳим аҳамиятга эга. Оч қолиш тананинг тез музлашига ва иммунитетнинг пасайишига сабаб бўлади.
Live
Барчаси