Совуқдан қалтираётган уйлар: Янги Ўзбекистон қишга тайёрми? 

Жамият

image

Бу йил совуқ эрта кириб келди. Одатда куз-қиш мавсуми эшик тақиллатганда қишлоқларда яшайдиганлар газ пасайиб ёки буткул йўқолиб, электр энергияси кунда бир неча соат берилишига тайёргарликни бошлаб, ўтин, кўмир ғамлайди, таппининг тахини бузади. 

Қишлоққа яраша бўлмаса-да шаҳарда яшайдиганларнинг ҳам ўзига яраша дард-ҳасрати бор. Айниқса, кўп қаватли уйда яшайдиганлар қировли кунларда ҳам уйи исимаслиги, томидан чакка ўтишидан нолийди. Биринчи қаватдагилар эса заҳдан азият чекади. Бу эски Ўзбекистондан Янги Ўзбекистонга мерос қолган ҳолатлар. 

Хўш, бу йил қиш мавсумини қандай қаршилаймиз? Саволга жавоб топмасданоқ, этим жунжукяпти. Жорий йилнинг 6 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг иссиққина залида бўлиб ўтган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутасаддилари иштирокидаги Матбуот анжуманида юқоридаги каби саволларга жавоб берилди. 

Анжуманда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев молиявий кўмак мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига махсус жамғарма очиш учун рухсат берган. Молия вазирлиги унга 2021 йил учун 100 млрд сўм маблағ ажратмоқда. Ушбу жамғарма маблағлари кўп қаватли уйларни таъмирлашга йўналтирилади. Хусусан, ҳар бир хонадон эгаси тўлайдиган мажбурий бадалларнинг 30 фоизи жамғарма ҳисобига ўтказилади. Қолган 70 фоизи эса давлат бюджетидан ажратилади.

“Кўп квартирали уйлардан чакка ўтмаслиги, ер тўлалардаги ҳар хил носозликларни бартараф этиш, уй йўлакларини таъмирлаш бўйича ишлар амалга ошириляпти. Вазирлик тизимида ишлаётган 32 мингдан зиёд ходимимиз ушбу муаммоларни бартараф этиш учун сафарбар этилган”, дейди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров.

Вазирликнинг Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Абдуназар Эрдонов кўп қаватли уйларнинг таъмирлаш бўйича ҳам маълумот берди. У кўп қаватли уйларнинг чакка ўтаётган томини ёпиб беришда ушбу уйларда яшайдиган фуқароларнинг солиқлардан қарздорлиги инобатга олинмаслигини, қайсидир фуқаронинг қарзи учун бутун бошли уй эгалари азият чекмаслиги кераклигини таъкидлади.

“Ширкатнинг мурожаатчи ёки унинг қўшнисининг қарздорлиги сабаб томни ёпиб бермаслиги ҳақидаги эътирози нотўғри. Нимагаки, том умумий фойдаланишдаги мулк ҳисобланади. Бир инсон ёки фуқаронинг солиқларни вақтида тўламагани томни ёпиб бермасликка важ бўла олмайди. Жорий йилнинг октябрь ойига қадар бизга 7 мингдан ошиқ, айнан томдан чакка ўтишига қарамасдан уни вақтида ёпиб берилмаслиги тўғрисида мурожаатлар келиб тушди. Кимдир агар шундай ҳолга тушиб қолса, бемалол бизга мурожаат қилиши мумкин. Қарзлар суд томонидан ҳам ундириб олинаверади. Бу сабаб фуқаролар азият чекмаслиги керак”, дейди Абдуназар Эрдонов.

Маълумот ўрнида, Республика миқёсида кўп квартирали уйларни бошқарувчи ташкилотлар томонидан 1 227 та кўп квартирали уйлар, 54 804 та хонадон, 14 та ижтимоий соҳа объектлари қамраб олинган ва уларга шартнома асосида хизмат кўрсатилмоқда.

Қайд этилишича, жорий йилда республика бюджетидан кўп квартирали уй-жойларни мукаммал ва жорий таъмирлаш учун 60 млрд сўм маблағ молиялаштириш ҳисобига ишлар амалга оширилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

172

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг