Совуқ ҳарорат сабаб Германия ва Англиядаги футбол ўйинларини қолдирилди
Спорт
−
10 Январь 1566 2 дақиқа
Германия бўйлаб майдонларни қалин қор ва муз қоплагани сабабли Бундеслиганинг иккита учрашуви қолдирилди. Шунингдек, Буюк Британиядаги кескин совуқ об-ҳаво туфайли Англия Кубогининг учинчи босқичидан ўрин олган бир ўйин ҳам бекор қилинди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Манбага кўра, эртага, 11 январь куни ўтказилиши режалаштирилган Бундеслиганинг иккита учрашуви “Сент-Паули” – “РБ Лейпциг” ҳамда “Вердер” – “Ҳоффенхайм” ўйинлари об-ҳаво шароитлари сабабли қолдирилган.
Сўнгги кунларда Германияда кучли қор ёғиши ва паст ҳароратлар кузатилмоқда. Мутахассислар дам олиш кунлари ҳаво янада совишини кутмоқда. Буюк Британия эса кескин совуқ таъсирига тушиб қолган.
Германия футбол лигаси берган баёнотида “Миллернтор” стадионининг оператори маҳаллий ҳокимият билан маслаҳатлашган ҳолда майдонни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилди.
“Бу қарор стадион ҳудудида кўп миқдорда қор ва муз қатламининг мавжудлиги, ўйин куни иштирок этадиган барча шахслар хавфсизлиги, шунингдек, Гамбургдаги умумий оғир вазият билан боғлиқ. Учрашувнинг янги санаси яқин вақт ичида эълон қилинади”, дейилади баёнотда.
Бременда ҳам шунга ўхшаш вазият қайд этилган. Уч ҳафталик қишки танаффусдан сўнг, Бундеслига шу ҳафта охири қайта бошланиши режалаштирилган бўлса-да, об-ҳаво шароитлари бошқа ўйинларга, жумладан “Унион Берлин” – “Майнц 05” учрашувига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар мавжуд.
Англияда эса Англия Кубогининг учинчи босқичи доирасидаги “Салфорд Сити” – “Свиндон Таун” ўйини совуқ об-ҳаво сабабли қолдирилган.
“Сўнгги икки ҳафта давомида майдонда ноль даражадан паст ҳароратлар кутилгани сабабли ҳимоя чойшаблари ёпилди, ҳафта давомида эса майдонни эритиш учун иссиқлик лампалари қўлланилди. Бироқ, барча саъй-ҳаракатларга қарамай, майдоннинг айрим қисмлари ҳануз музлаган. Саёҳат қилаётган мухлисларга ортиқча ноқулайлик туғдирмаслик учун ушбу учрашув бошқа кунга қолдирилди”, дейилади “Салфорд Cити” клуби баёнотида.
Шунингдек, Англияда тўртинчи дивизион доирасидаги учта учрашув ҳам қолдирилган.
Live
Барчаси