Солихон домла ишдан бўшатилди

Жамият

image
Ижтимоий тармоқларда Солихон домла номи билан танилган, Тошкент вилояти Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжидида имом ноиби вазифасида ишлаб келган Солихон Маҳкамович Ортиқхўжаев ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати маълум қилди.
 
Қайд этилишича, Солихон домланинг интернет тармоқларидаги кескин чиқишлари фуқаролар, айниқса, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчиларнинг эътирозларига сабаб бўлган. 
 
"Дарҳақиқат, айрим шахслар, шу жумладан, диний соҳа вакилларининг ижтимоий тармоқ ёки маърака-маросимларда масалани чуқур ўрганмай, воқеликни ҳисобга олмай, урф-одат, қонун-қоидаларга эътибор қилмай гўёки фатво сифатида айтаётган гаплари, ҳалол-ҳаромга ажратаётганлари ёки фосиқ-кофирга чиқараётганлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасини хавотирга солмоқда. Бундай ўйланмаган чиқишлар жамиятда муаяйн саволларни, айниқса, зиёлилар қатламларида турли фикр-мулоҳазаларни келтириб чиқармоқда", дейилади хабарда.
 
Таъкидланишича, илмга эга бўлмай ёки масалани чуқур таҳлил этмай, манбаларга таянмай айтилган ҳар қандай гап, ҳатто уни аҳли илм айтган бўлса ҳам, фатво ҳисобланмайди ҳамда шаръий кучга эга эмас.
 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизими вакилларининг Ислом дини таълимотларини жамиятни бирлаштириш йўлида эмас, аксинча кескинлик келтириб чиқаришга сабаб бўладиган шаклда баён қилишлари, аҳоли орасида нохуш баҳс-мунозараларга сабаб бўлишининг олдини олиш учун ўзини масъул ҳисоблайди.
 
"Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларида оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида фуқаролар, давлат, жамоат ва диний ташкилотларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи ахборот тарқатмаслик, салбий мазмундаги кескин мунозараларга сабаб бўлувчи чиқишлар қилмаслик талаблари қатъий белгилаб қўйилган", дейилади хабарда.
 
Маълум қилинишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2021 йил 30 ноябрь куни чиқарилган буйруқда диний соҳа ходимлари томонидан жамоат олдида, оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда муайян шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган маълумот эълон қилиш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган тартибда меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган интизомий чора кўрилиши қайд этилган.
 
"Таъкидлаш жоизки, Солихон домла Ортиқхўжаев аҳоли, айниқса, Тошкент вилояти мусулмонлари орасида ҳурмат-эҳтиромга эга бўлгани эътиборга олинган ҳолда, 2021 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимига имом ноиби вазифасига расман ишга қабул қилинган эди. Мазкур имом ноиби халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондиришга, тақво, илм-маърифат, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат бўлган исломий одоб-ахлоқ билан самарали хизмат қилади, деб умид қилинган эди. Таассуфки, ўтган давр давомида Диний идора Солихон домла Ортиқхўжаевнинг фаолиятидан кутилган натижаларни олмади. Домла биринчидан, аксарият вақтини турли ҳудудларда истиқомат қилувчи мухлислари таклиф этган тўй-маросимларга сарфлаб, иккинчи томондан, яшаш манзили узоқда эканини сабаб қилиб, бириктирилган масжидда тўлақонли ишлагани йўқ", дейилади хабарда. 
 
Матбуот хизматига кўра, энг асосийси, Солихон домла Ўзбекистон мусулмонлари идораси ички меҳнат тартиби, буйруқлари, шунингдек, имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ва меҳнат мажбуриятларида ахборот тарқатиш, маъруза қилиш масалаларида юқорида қайд этилган талабларга риоя эта олмади. Ўтган давр ичида Солихон домла ижтимоий тармоқларда диний соҳа вакили мақомига зид чиқишлари учун бир неча бор Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан огоҳлантирилиб, унга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилган.
 
Солихон домла 2021 йилда ўзининг чиқишларида амалдаги қонун талабларини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.
 
"Афсуски, Солихон домланинг сўнгги вақтлардаги ижтимоий тармоқларда тарқалган маърузалари унинг юқорида қайд этилган огоҳлантиришлардан тўғри хулоса чиқармаганидан далолат бермоқда", дейилади хабарда.

Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

3707

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг