Солиқ тизимини 38,3 млрд сўмга “ухлатган” кешбэкчи шоввозлар ушланди
3-саҳифа
−
06 июл 5727 1 дақиқа
Андижон вилоятида 38,3 млрд сўм маблағлар кешбэк сифатида талон-торож қилинганлиги фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Ё.Қ. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, 5 та МЧЖга бошқа МЧЖлар томонидан 2,2 трлн сўмлик маҳсулотлар етказиб берилганлиги ҳақида соҳта электрон ҳисоб-фактураларни расмийлаштирганлиги аниқланган. Улар гўёки савдодан тушган пулларни назорат касса машиналари орқали кирим қилиб, фуқароларга сотганлиги ҳақида харид чекларини чиқарган ҳамда 94 921 нафар фуқаро ва ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган шахсларга “Soliq Mobile” иловаси орқали кешбэк сифатида тўлаб бериб, 38,3 млрд сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада 125 млрд сўмлик сунъий ҚҚС орқали ноқонуний кешбэк олиш схемаси аниқланган эди.
Live
Барчаси