Солиқ кодексига ўзгартириш киритилмоқда
Жамият
−
15 Декабрь 2021
8642Бугун, 15 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама этилди.
Таъкидланишича, Солиқ кодексига солиқ юкини қисқартириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш борасидаги қатор янги нормалар киритилмоқда.
Хусусан, қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) яхлит занжирини таъминлаш ҳамда маҳсулот (хизматлар) таннархи ва фойда суммасини ҳисоблашда хатоликларнинг олдини олиш мақсадида бюджет ташкилотларидан ташқари жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳам ҚҚС объекти сифатида белгиланмоқда.
Тадбиркорлик субъектларини асосий воситалар ва асбоб ускуналарни доимий янгилашга рағбатлантириш учун солиқ мақсадларида асосий воситаларни қайта тиклашга ҳисобланадиган амортизация ажратмалари нормалари миқдорларининг оширилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, инновацион ҳамда ички ва ташқи инвестицион фаолиятни рағбатлантириш мақсадида қўшимча “инвестициявий чегирма” нормаси киритилмоқда. Шунингдек, “илмий тадқиқотларга ва (ёки) тажриба-конструкторлик ишланмаларига доир харажатлар”ни ҳисобга олиш халқаро стандартларга мувофиқлаштирилмоқда.
Шунингдек, фаолият шаклидан қатъий назар солиқ тўловчиларнинг барча тоифалари учун соф фойдани солиққа тортишнинг ягона шарт-шароитларини яратиш мақсадида норезидентларнинг республика ҳудудида оладиган дивидендлари ҳамда хорижий инвесторлар киритган инвестициялардан дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадларидан солиқ тўлаши тартиби киритилмоқда.
Қонунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 13 июлдаги Фармони талабларидан келиб чиқиб, ёш оила томонидан олинган ипотека кредитлари ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни эр-хотин ёки улардан бирининг ёши белгиланган ёшдан ошгунига қадар ҳар бир солиқ даври давомида тегишли миқдорда қоплашга йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиш назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 9 августдаги қарорига мувофиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун белгиланган имтиёз қўшимча равишда уларга давлат томонидан ажратиладиган уй-жойлар бўйича улар 23 ёшга тўлгунига қадар амал қилиши белгиланиб, мол-мулк солиғидан озод этилмоқда.
Бюджетга солиқ тушумларининг тўлиқлигини таъминлаш, маҳаллий бюджетлар даромад базасини ошириш, шунингдек, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш мақсадида биноларга мол-мулк солиғини ҳисоблаш учун минимал қиймат белгилаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш, товар ва маҳсулот кузатишнинг тўлиқ тизимини яратиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ҳисобварақ-фактура ёки назорат-касса машинаси чекларида хўжалик юритувчи субъект амалга оширадиган фаолият тури ва хусусияти ёки харид қилинган товарлар (хизматлар) номенклатурасига мос келмайдиган идентификация кодларини акс эттириш ҳолатлари бўйича жарима белгиланмоқда.
Қонун билан мулк солиғи, ер солиғи ставкалари ва имтиёзлари бўйича ўзгартишлар, фойдали қазилмани қазиб олиш (ажратиб олиш) ҳажми ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, фойдали қазилмаларнинг айрим турларига нисбатан солиқ базасини аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари, фойдали қазилмаларни қазиб олишда махсус рента солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш бўйича қўшимчалар киритилмоқда.
Сенат аъзолари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди.