Соқолли йигитни куч билан ИИБга олиб борган ходимнинг лавозими пасайтирилди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида Ички ишлар бўлими ходими соқол қўйган йигитни зўрлик билан олиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳолат бўйича Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан ўтказилагн текширув натижаларини эълон қилди.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг маълумотига кўра, хақиқатдан ҳам жорий йилнинг 31 октябрь куни Қашқадарё вилояти ИИБ Пост-патруль ва жамоат тартибини сақлаш бўлинмаси ходими сержант Х.Нормуродов белгиланган тақсимотга асосан Қарши шаҳридаги “Оқтепа файз барака” савдо мажмуаси (халқ орасида Орзу бозори деб номланади) ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хизматга жалб этилган.

Хизмат жараёнида, савдо мажмуаси ҳудудида ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланганлигига гумон қилиб, Касби туманида яшовчи 1993 йилда туғилган Ф.Ахадовни ҳуқуқбузарлик содир этмаслиги тўғрисида оғзаки равишда огоҳлантириб, ушбу жойни тарк этиши хақида талаб қўйган. Ўз навбатида Ф.Ахадов ходимнинг сўзларига беписандлик қилганлиги оқибатида улар ўртасида тортишув юзага келган. Шундан сўнг Х.Нормуродов фуқарони шахсини аниқлаш мақсадида, уни, бозор ҳудудидаги таянч пунктига олиб бориш учун патруль автомашинасига миндирмоқчи бўлганида, Ф.Ахадов қаршилик кўрсатган. Айнан мана шу ҳолат видеотасвирда акс эттирилган.

Х.Нормуродов фуқаро Ф.Ахадовни автомашинанинг ҳуқуқбузарларни олиб юриш учун мўлжалланган орқа қисмига миндириб, ички ишлар органлари таянч пунктига олиб борган. У ерда Х.Нормуродов Ф.Ахадовнинг хатти-ҳаракатлари ноўринлигини, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсуниши унинг бурчи эканлигини тушунтирган, шундан сўнг Ф.Ахадов Х.Нормуродовдан узр сўраб, бошқа бундай ҳолат қайтарилмаслигини таъкидлаган. Х.Нормуродов ўз навбатида фуқарони оғзаки огоҳлантириш билан чекланиб, ҳуқуқбузарлик ҳолатини хужжатлаштирмасдан Ф.Ахадовга жавоб берганлиги маълум бўлди.

Текширув жараёнида Х.Нормуродов фуқаро Ф.Ахадовни исмини билмаганлиги сабабли, унинг соқол қўйиб олганлиги учун унга нисбатан “соқолтой” деб мурожаат қилганлиги, диний эътиқоди бўйича таҳқирлаш мазмунида бирор бир гап айтмаганлиги, фуқаро Ф.Аҳадов ҳам буни тасдиқлаётганлиги аниқланган.

Хулосага кўра Х.Нормуродов фуқаролар билан мулоқот жараёнида касб маданиятини тамойилларини бузганлиги, ўзининг хатти-ҳаракатлари туфайли кенг жамоатчиликда ички ишлар органларининг фаолиятига нисбатан салбий фикр шаклланишига сабаб бўлганлигини инобатга олиб, интизомий жазо сифатида лавозимидан четлатилиб қуйи тизимга туширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё ИИБ соқол

Баҳолаганлар

535

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг