Сочсиз ва қошсиз Matrang мухлисларидан пул сўради
Маданият-санъат
−
12 Февраль
23682Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Медуза” хит қўшиғи ижрочиси, Matrang тахаллуси билан танилган Алан Хадзараговнинг видеомурожаати тарқалди. Видеода қўшиқчи ўз мухлисларидан моддий ёрдам сўраган ва қаерда эканлигини ҳам маълум қилган. Бу ҳақда МСК1 нашри хабар берди.
“Менга ёрдам бера оласизми? Мен ҳозирда даҳшатли муаммоларни бошимдан кечиряпман. Бугун бувим вафот этди, ўзимни жуда ёмон ҳис қиляпман. Мен уйдан узоқдаман, деярли пулим йўқ. Яқинларим ҳам мендан ўзини олиб қочяпти. Ҳамма вазиятдан хабардор, лекин ҳеч ким ёрдам бера олмайди, ҳатто қўнғироқ ҳам қилишмайди”, дейди қўшиқчи видеохабарида.
Тасвирлардаги хонанданинг янги қиёфаси Matrang'нинг кўпчилик мухлисларини ҳайратлантирди – унинг қошлари ва сочлари батамом қириб ташланганини кўриш мумкин. Маълум бўлишича, қўшиқчи уни таниб қолмасликлари учун шундай қарорга келган. Хавотирга тушган мухлислар Аланнинг Газгольдердаги ҳамкасбларидан ёрдам сўраган.
Аланнинг синглиси ҳам ўз саҳифасида акасининг дийдиёларига жавоб берган.
“Агар бизни ҳаётингизга бепарво деб ўйласангиз, адашасиз. Биз ҳаммамиз узоқ вақтдан бери қаттиқ стрессдамиз. Илтимос, менга хабарларда ёки комментарийда ёзманг, одам бўлинг”, дея пост жойлаган у.
Таниқли ашулачи ўзининг қандай қилиб бу аҳволга тушиб қолгани ҳақида батафсил маълумот бермаган. Лекин ўтган йилнинг қишида унинг жиноий тўдаларга аралашиб қолгани, у икки номаълум шахс томонидан тутилиб, номаълум томонга олиб кетилгани ҳақида миш-мишлар болалаган эди. Бу воқеадан сўнг Алан мамлакатни тарк этиб, Таиландга кетган. Ҳозирда эса у Қозоғистонда яшаб юрибди.
Райҳона Улканбаева
LiveБарчаси