Собиқ Президентнинг хотини яна китоб ёзди

Олам

image

АҚШнинг собиқ биринчи хоними Мишель Обама 2018 йилда ўзининг “Becoming” (Айланиш) номли мемуар китоби билан катта муваффақиятга эришган эди. Дунё бўйлаб 17 миллиондан ортиқ нусхада сотилган китобидан илҳомланган Мишель Обама яна бир китоб ёзганини эълон қилди.

У ўзининг “ The Light We Carry” (Биз олиб юрган нур) номли янги китоби тақдимот саънасини эълон қилди. У жорий йилнинг 15 ноябр куни Мишель Обаманинг автобиографиясини нашр этган “Penguin Random House” томонидан чоп этилади. 

Мишель Обама ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида китоб ёзишни аввалдан режа қилмаганини, янги китобида кўплаб муаммоларни енгиб ўтишда ўз тажрибасини ҳикоя қилишини маълум қилган.

“Мен ҳаётим давомида китоб ёзаман деб ўйламагандим. Энди эса иккинчи китоб тақдимоти ҳақидаги янгилик билан бўлишмоқдаман. Бу китобни ёзиш мен учун фикрларимни жамлаш ва шу вақт ичида кўпроқ илиқлик топишимга ёрдам берганини тушундим. Умид қиламанки, бу китоб мен каби сиз учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу китоб туну кун бизга тинчлик бермайдиган барча саволлар ва муаммоларни енгиб ўтишга ёрдам берган амалий ҳикоялар тўпламидир”, дейди Мишель Обама.

Китоб 14 тилда нашр этилади ва АҚШда дастлабки нашри 2 миллион нусхадан ошади.

Мишель Обама ижтимоий тармоқларда янги китобга бағишланган сайт манзилини ҳам ёзиб қолдирган. Сайтга жойланган хабарда қуйидагилар баён этилган:

“Мишель Обама ўқувчиларга ўзгаришлар, қийинчилик ва куч ҳақида бир қатор янги ҳикоялар ва чуқур мулоҳазаларни тақдим этади. Она, қиз, турмуш ўртоқ, дўст ва биринчи хоним сифатидаги тажрибасидан келиб чиқиб, ўзгаришларга муваффақиятли мослашиш, турли тўсиқларни енгиб ўтиш учун ўзлаштирган одатлари ва тамойиллари билан ўртоқлашади. У ўзига хос ҳазил ҳисси, самимийлик ва ҳамдардлик билан ирқ, жинс ва кўриниш билан боғлиқ муаммоларни ўрганади”, дейилган хабарда.

Маълумот ўрнида, Мишель Обама АҚШни 2009-2017 йилларда бошқарган 44-Президент Борак Обаманинг рафиқаси. Улар 1992 йил оила қурган. Жуфтликнинг Малия Энн ва Наташа (Саша) исмли қизлари бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

123

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг