Собиқ Президентни қўлга олиш учун махсус операция бошланди
Олам
−
07 Август 2019
9747Қирғизистоннинг Чуй вилояти Қўй-Тош қишлоғида мамлакатнинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевни қўлга олиш бўйича операция бошланди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Атамбоевнинг уйига махсус бўлинма куч билан кирган, воқеа жойида ўқ овози ҳам эшитилган. Ким ўқ узгани номаълум. Қайд этилишича, собиқ Президентнинг тарафдорлари тошлар билан ҳимояланяпти. Вазият жуда жиддий тус олган.
Эслатиб ўтамиз, 22 июль куни Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Мирлан Каниметов ва тергов гуруҳи Алмазбек Атамбоевни терговга чақириш учун унинг резиденциясига келганди. Бироқ орадан 20 дақиқа ўтгач, қуруқ қўл билан ортга қайтишга мажбур бўлган.
Маълумот учун, Қирғизистон парламенти жорий йилнинг 20 июнь куни Атамбоевнинг дахлсизлигини бекор қилиш бўйича қарор қабул қилиб, уни мамлакат Бош прокуратурасига юборди.
Прокуратура Атамбоевни Иссиқ-кўл вилоятида ер участкаларини қайта профиллаш, Бишкек иссиқлик электр станцияси ва мамлакат пойтахтидаги Тарих музейи реконструкциясида коррупцияга қўл урганликда, жиноий “авторитет” Азиз Батукаевни жазони ўташ жойидан ноқонуний озод қилишга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқарди. Агар суд уни айбдор деб топса, Атамбоев бутун умрга қамалиши мумкин.
Атамбоевнинг ўзи парламент аъзоларининг айбловини “мавҳум” деб, халқ олдида виждони тоза экани ва Президентлигидаги барча ҳаракатлари учун жавоб беришга тайёр эканини таъкидлади.
Алмазбек Атамбоев 2011-2017 йилларда Қирғизистонга раҳбарлик қилган. Атамбоев биринчи тўлиқ президентликдан кейин ўз хоҳиши билан лавозимни тарк этган биринчи президент бўлган.
LiveБарчаси