Собиқ АОКА раҳбари Рақамли технологиялар вазирига ўринбосар бўлди

Жамият

image

Бугун, 10 сентябрь куни Асаджон Хўжаев Рақамли технологиялар вазирининг Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг тегишли фармойиши билан Асаджон Озодбекович Хўжаев Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирининг Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

Маълумот учун, Асаджон Хўжаев 1970 йилда туғилган. У Тошкент электротехника алоқаси институти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (2001 йил) битирувчиси. Мутахассислиги – электроалоқа муҳандиси, иқтисодиёт магистри.

1995-2001 йилларда Алоқа вазирлиги, Почта ва телекоммуникация марказий аппаратида ишлаган, 2001-2003 йилларда “Ўзбекистон почтаси” Давлат акционерлик компанияси бош директорининг биринчи ўринбосари, UZINFOCOM Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази директорининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.

Шунингдек, 2012-2017 йилларда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона директори сифатида, Ўзбекистон Президенти давлат маслаҳатчиси ўринбосари – Президент матбуот хизмати раҳбари, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимларида ҳам фаолият олиб борган. Шу билан бирга, у Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг бошлиғи лавозимида ҳам ишлаган.

Асаджон Хўжаев 2020 йилнинг июлидан 2025 йилнинг июлигача Президент Администирацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори лавозимида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Президент фармони билан АОКА фаолияти тугатилган эди. Шунингдек, Хўжаев ҳам раҳбарлик лавозимидан озод этилган. Шудан бери у Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси (“Ўзкомназорат”) бошлиғининг маслаҳатчиси сифатида фаолиятини давом эттираётганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг