“Сквер”даги намойишда 12 киши ҳибсга олинди – ИИББ митинг тафсилотларини очиқлади
3-саҳифа
−
28 Март 2021
39278Аввалроқ, Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида мамлакатда бесоқолбозлик – ЛГБТга рухсат беришга қарши намойиш ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий маълумот берди ва унинг тафсилотларини очиқлади.
Унга кўра, бугун, 28 март куни тахминан соат 15:00-15:15 ларда Юнусобод туманидаги Амир Темур хиёбони олдида 3-4 нафар фуқаролар Т.С. исмли йигит ва Б.Р. исмли қизни ЛГБТ фаоллари деб гумонлаб, уларни уришга ҳаракат қилган. Ушбу фуқароларга 20-25 нафар бошқа шахслар қўшилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, безорилик ҳаракатларини содир этишган.
Воқеа жойида хизмат қилаётган Тошкент шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия ходимларининг аралашуви билан Т.С. ва Б.Р. ҳимоя қилиниб, уларга тан жароҳати етказилишига йўл қўйилмаган.
"Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ҳамкорликдаги чора-тадбирлари натижасида низонинг оммалашиб кетишининг, шунингдек бошқа оғирроқ оқибатларнинг олди олинди ҳамда ҳеч кимга шикаст етмади", дейилади хабарда.
Жанжални бошлаган ва фаол иштирокчиси бўлган фуқароларнинг 12 нафари ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми (“Безорилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аниқланишича, мазкур жанжалда диний мазмундаги низо бўлмаган, дея қўшимча қилган ИИББ.
LiveБарчаси