Сирдарёда ОТБ ажратган 7 млн доллар “туя қилингани” айтилди. “Ўзсувтаъминот” изоҳ билан чиқди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган Сирдарё вилояти Ховос туманида ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган 7 млн доллар пул талон-торож қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. “Ўзсувтаъминот” АЖ мазкур хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, 2016 йил 23 август куни “Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туман марказларини ичимлик суви билан таъминлаш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома расмийлаштирилган.

Халқаро тендер комиссиясининг баённомасига асосан пудратчи сифатида Туркиянинг “Alke Insaat Sanayi ve Ticaret” компанияси ғолиб деб топилган.

“Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун жами 7 млн 310 минг доллар пул ажратилган эди. Лойиҳа хабарда айтилаётганидек Осиё тараққиёт банки эмас, балки Жаҳон банки иштирокида амалга оширилган бўлиб, бунда Жаҳон банки томонидан 6 млн 250 минг доллар, Ўзбекистон томонидан эса 1 млн 60 минг доллар ажратилган.

Ушбу маблағлар талон-тарож қилинмай, пудратчи томонидан лойиҳада кўзда тутилган барча ишлар бажарилган. Хусусан, пудратчи томонидан субпудратчи “Mega-Mebiko” қўшма корхонаси билан биргаликда “Сирғали” сув иншоотидан Ховос туманининг “Оқчангал” аҳоли яшаш пунктигача 28 км масофага диаметри 700 мм бўлган шиша толали қувурлар ётқизилиб, қурилиш-монтаж ишлари 2019 йилнинг июнь ойида тугатилди”, дейилади акциядорлик жамияти хабарида.

Бироқ, бугунги кунда қувурлар сув босимини кўтара олмаётгани туфайли тармоқда бир қанча сизгичлар пайдо бўлган. Бу эса, ўз навбатида, аҳолини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш имконини бермаяпти.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, бугунги кунда:

•    биринчидан, шиша толали қувурларни полиэтилен қувурларга алмаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда;

•    иккинчидан, мазкур объект “Ўзсувтаъминот” АЖ балансида турмаётганлигига қарамасдан, акциядорлик жамияти мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб бормоқда;

•    учинчидан, акциядорлик жамияти пудратчи ва қурувчи ташкилотларга қувурлардаги ҳаво чиқариш ускуналарини янгисига алмаштириш ишларида амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда;

•    тўртинчидан, айни пайтда мазкур ҳолат бўйича тегишли идоралар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

177

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг