Сирдарё ва Жиззаҳда беморлардан асоссиз 440 млн сўм ундирилди
3-саҳифа
−
02 Июнь 2906 2 дақиқа
Сирдарё ва Жиззахда вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида 350 минга яқин фуқаролардан тиббиёт хизматлари учун қарийб 440 миллион сўмлик асоссиз маблағ олингани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Гулистон тиббиёт кластерида ўтказилган ўрганишларда муассаса 2024 йил давомида кўрик йўналишдаги хизмат турлари бўйича билвосита харажатларни тақсимлаш коэффициентини ҳисоблашда хатоликка йўл қўйгани аниқланди. Яъни 110 та пуллик тиббий хизмат тури бўйича 100 минг нафарга яқин истеъмолчи билан ҳисоб-китоб қилиниб, 340 млн сўмга яқин асоссиз даромад олинган.
Шу билан бирга, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалида ўтказилган ўрганишларда ҳам мазкур илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан 2023-2024 ва 2025 йиллар мобайнида пуллик тиббий хизматларда нотўғри ҳисобланиши оқибатида 40 минг 500 га яқин мижозлардан асоссиз равишда жами 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ олингани аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6 ва 21-моддаларига кўра, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Шунингдек, қонунда сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга ҳамда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгилаб берилган.
Юқоридагиларга кўра, ҳудудий бошқармалар Махсус комиссиясилари томонидан қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, Гулистон тиббиёт кластерига нисбатан 340 миллион сўмга яқин маблағни, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалига нисбатан эса 100 миллион сўмдан ортиқ маблағни истеъмолчиларга қайтариш мажбурияти юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида бир гуруҳ шахслар томонидан “Soliq Mobile” иловаси орқали 35,1 миллиард сўм маблағлар кешбек сифатида талон-торож қилингани фош этилган эди.
Live
Барчаси