Синвар ўлдирилди. Навбат кимга?
Таҳлил
−
18 Октябрь
5630“Душманнинг мен учун энг катта совғаси – бу мени ўлдиришидир. Мен душман қўлида жон бериб, шаҳид бўлган ҳолда Худонинг ҳузурига боришни хоҳлайман. Мен коронавирусдан ўлгандан кўра, F-16 қирувчи самолётлари томонидан ўлдирилиб, шаҳид бўлишни афзал кўраман. Мен инсулт, юрак хуружи ёки бахтсиз ҳодисадан ўлишни хоҳламайман. Мен оддий ўлимдан кўра шаҳид бўлишни хоҳлайман”. Бу бир неча йиллар олдин Яхё Синвар томонидан айтилган гаплар эди.
Кеча, 17 октябрь куни тушдан кейин Исроил кучларининг матбуот хизмати ҲАМАС етакчиси Яҳё Синвар Ғазо секторига уюштирилган ҳужумда йўқ қилингани ҳақидаги хабарларни оммага сиздира бошлади. ЦАХАЛ баёнотида Ғазо секторига берилган зарбада 3 нафар ҲАМАС аъзоси йўқ қилингани, ўлдирилганлардан бири Яҳё Синвар бўлиши эҳтимоли текширилаётгани айтилганди. Дастлаб Исроилнинг юқори мартабали мулозимлари Синварнинг ўлдирилгани эҳтимоли жуда юқорилиги ва воқеа жойида буни тасдиқловчи белгилар етарлича эканини айтди. Кейинчалик эса “The New York Times” 4 нафар Исроил расмийсига таянган ҳолда ҳужумда ҳалок бўлгани тахмин қилинаётган Синвар лабораторияга олиб кетилгани ҳақида хабар берди. Бошқа бир қатор манбалар ҳам унинг ҳалок бўлганлик эҳтимоли жуда юқори эканлигини таъкидлай бошлади. Араб манбалари эса зарба йўлланган жойда топилган ва Синварнинг ташқи қиёфасидан деярли фарқ қилмайдиган мурданинг фотосуратларини тарқата бошлади. Бироз вақт ўтиб, Исроилнинг “Kan” радиостанцияси хавфсизлик хизматидаги манбаларига таянган ҳолда ДНК намуналарини ўрганишни якунлагани ва натижалар Яҳё Синвар ўлимини тасдиқлаганини эълон қилди. Маълумотларга кўра, Синварнинг шахсини аниқлаш мутахассислар учун умуман қийинчилик туғдирмаган, чунки у ўтмишда Исроил қамоқхоналарида нақд 22 йил банди қилинган ва шу вақт ичида унинг тиш ва бармоқ излари намуналари сақлаб қолинган.
Синварни йўқ қилиш операцияси унинг ўлими ҳақидаги хабарлар тарқалгандан бир кун олдин 16 октябрда сектор жанубидаги Рафаҳда амалга оширилди. ЦАХАЛ томонидан эълон қилинган Синварни ўлдириш жараёни акс этган видео тасвирлар дрон орқали ёзиб олинган. ҲАМАС етакчиси жойлашган бинога ракета ҳужуми уюштирилгандан сўнг Исроил кучларининг дрони у турган нуқтани аниқлаш учун бино ичига йўналтирилган. Дрон ўриндиқда ракета ҳужумидан сўнг оғир яраланган ва ўнг қўлининг деярли ярмидан айрилган объектни тасвирга олади. Видеотасвирда Синварлиги айтилган мазкур объект ҳаракатга яроқли чап қўлидаги таёқни дронга улоқтирганини кўриш мумкин. Исроил дрони воқеани шу лаҳзагача ёзиб олади. Миссияни эса снайпер якунлайди.
Расмий манбалар ичидан дастлаб кутилганидек ЦАХАЛ ва Исроил хавфсизлик хизмати идораси, шунингдек, яҳудий давлатининг Ташқи ишлар вазири Исроил Кац ва Бош вазир Биньямин Нетаньяху бу маълумотларни тасдиқлади.
Синмас Синвар
1948 йили Исроил босқининг бошланғич нуқтасига қадар Яҳё Синварнинг оиласи Ашкелонда истиқомат қилган. Аммо “нақба” яъни фалокат деб аталувчи бу воқеалардан сўнг оила Ғазо секторида жойлашган Хон Юнусдаги қочқинлар лагерига бошқалар қатори сиқиб чиқарилади ва орадан 14 йил ўтиб 1962 йилда шу ерда Синвар дунёга келади. Сектор бу пайтда Миср ҳукмронлиги остида эди ва Синвар ўзининг болалик йилларини шу ерда ўтказди. Дастлаб у Хон Юнусдаги ўғил болалар ўрта мактабида ўқийди, сўнгра Ғазо Ислом университетига ўқишга кириб, бакалавр даражасини олади. Хон Юнусда ўтган ҳаёт ва ундаги йиллар Синварнинг келажагини белгилаб беради. Исломий ҳаракат билан алоқалар ва унинг бу тизимга кириши айнан Хон Юнусда куртак очади. У ёшлик йилларига қадам қўйган илк кунларидан бошлаб Исроил қамоқхоналари билан юзлашади. Яҳё Синвар биринчи маротаба 19 ёшида, 1982 йилда қўпорувчилик деб баҳоланган ҳаракатлари учун ҳибсга олинади. Аммо қамоқда кўп қолиб кетмайди ва 4 ой ўтар-ўтмас у озод қилинади. Бироқ унинг айнан шу ҳибсдаги даври қаршилик ҳаракатига қўшилишида дебоча вазифасини ўтайди. Чунки Синвар мазкур қамоқхонада Фаластиннинг Исроил босқинига қарши бир қатор фаоллари билан учрашиб, улар ўртасида илк алоқалар шаклланади. Орадан 3 йил ўтиб, 1985 йилда у яна ҳибсга олинади ва мазкур ҳодиса Синварни Исроил босқинига қарши борган сари кучайиб бораётган ҳаракатга янада яқинлаштиради. Тахминларга кўра, айнан шу пайтда у ҲАМАС асосчиси Шайх Аҳмад Ёсиннинг ишончига киради. Озодликка чиққандан сўнг янги ташкил этилган ҲАМАС ҳаракатига аъзо бўлади. Унинг бу аъзолиги эса шунчаки ҳаракатда иштирок этиш эмас, балки унинг муҳим устунларидан бирига айланиши билан бошланади. 1987 йилда Синвар ҲАМАС ичида янги “Муназзамат ал Жиҳад вал-Дава” қисқача номи эса Ал-Мажд деб аталувчи ташкилотига асос солди. Атиги 25 ёшли Синвар томонидан ташкил қилинган Ал-Мажд тузилмаси ҲАМАСнинг ички хавфсизлик хизматига айланиб, Фаластин аҳолиси орасида Исроилга жосуслик қилиб, улар билан ҳамкорлик қилганларни аниқлаш билан шуғулланади. Синварнинг сотқинларни жазолаш гуруҳи Исроил билан ҳамкорлик қилганликда гумон қилинганларни аёвсиз ўлдиргани учун унга “Хон Юнус қассоби“ лақаби берилади. Аммо ҳаракат ичида катта тезлик билан обрўга эришган Синварнинг дастлабки фаолияти узоққа чўзилмади. Унга Исроил томонида 1988 йилда 2 исроиллик аскарни ўғирлаб кетиб ўлдиришни режалаштирганлик айблови қўйилди ва зудлик билан ҳибсга олинди. Бундан ташқари, Синвар Исроилга жосуслик қилган 12 нафар фаластинликни ўлдирилганликда ҳам айбланди. Шундан сўнг у барча айбловларни бўйнига олди ва 1989-йилда 4 карра умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Аммо учинчи бор ҳибсга олиниш ва ҳатто умрбод қамоқ жазоси ҳам ёш етакчини тўхтатиш учун кифоя қилмайди. У 22 йил давомида Исроил қамоқхоналарида бўлишига қарамай, ҲАМАС ҳаракатида масофадан иштирок этишни давом эттиради.
Ақлли, айёр ва шавқатсиз
Синвар қамоқдалигида ҳам Исроилга жосуслик қилувчиларни гумдон қилиш ва ҲАМАС етакчиларига керакли маълумотларни узлуксиз етказиб туриш пайида бўлади. У буни ҳаракат етакчилари ёрдамида қамоқхонага уяли телефонларни яширинча олиб кириш орқали уддалагани айтилади. Синвар қамоққа янги келганлар орқали ҳаракат раҳбариятига маълумот бериб, Исроил аскарларини ўғирлаш ва асирлар алмашинуви каби режаларда қамоқдан туриб қатнашади. Унинг маҳбуслик йиллари бошқалар томонидан шафқатсиз, обрўли, таъсир доирасига эга, ғайриоддий даражадаги бардош соҳиби, оз нарсага қаноат қиладиган, айёр ва манипулятор каби қатор эътирофларга лойиқ кўрилган. Синварнинг қамоқдаги ҳаёти унинг етакчилик қобилиятларини шакллантириб, у ўз душмани Исроилни яхшироқ тушуниш учун иброний тилини турли йўллар орқали ўрганади. Синвар иброний тилидаги хабарларни синчковлик билан кузатади ва “Шабак” номи билан машҳур бўлган Исроил Хавфсизлик хизмати раҳбарларининг иброний тилидаги таржимаи ҳолларини ўрганиб, араб тилига пухталик билан таржима қилади. Уларнинг исломий қаршилик ҳаракатларига нисбатан қўллаган усулларини ўрганиш учун бошқа ҳибсдаги шерикларига ҳам бу маълумотларни улашади. Кўп ўтмай, узоқ ўрганишлардан сўнг, Синвар ўзини ”яҳудийлар тарихи бўйича мутахассис“ деб таърифлай бошлайди. Синвар қамоқхонани таълим ва тайёргарлик базасига айлантиради. Кунлардан бир кун ўз тарафдорларига юзланиб, “Исроил қамоқ биз учун қабр бўлишини, қатъиятимизни ва танамизни янчадиган тегирмон бўлишини хоҳлашганди. Аммо, худога шукурки, ўз ишимизга бўлган ишончимиз туфайли қамоқхонани ибодат қилиш ва таълим олиш масканига айлантирдик” дейди, уддабурон етакчи. Ҳақиқатдан ҳам Синвар қамоқдаги йилларини беҳудага сарфлайди. Энг ажабланарлиси, у қамоқхонада Фаластин ва Исроилнинг 50 йиллик зиддият тарихини ўз ичига олган тарихий асар ҳам ёзишга улгуради. 2004 йилда Синварнинг камерасида тинтув ўтказган қамоқхона ходимлари, унинг талайгина қўлёзмаларини топиб олади. Якунда эса булар шунчаки қоралама эмас, балки „Тикан ва Чиннигуллар“ номли китоб экани маълум бўлади. Синвар унда Ғазода истиқомат қилувчи Аҳмад исмли тақводор йигит образида ўзининг ҳаётини ва Фаластин қаршилик ҳаракати ҳақида батафсил баён қилганди. Бир танада қатор қобилиятларни шакллантирган Синварнинг шафқатсизлик принципи эса доимо алоҳида мавзу бўлиб келган. Унинг бу феъл-атвори ҲАМАС ичида ўзи томонидан тузилган “Ал-Мажд” тузилмаси орқали шаклланган. Юқорида таъкидлаганидек, Яҳё Синвар бошчилигидаги мазкур гуруҳ Исроил билан ҳамкорлик қилганликда гумонланганларни таъқиб қилиш ва ўлдириш билан жиддий тарзда шуғулланган. “Ал-Мажд” шунингдек, ахлоқий қоидабузарликларда айбланганларни ҳам таъқиб қилган. Синвар Исроил билан ҳамкорликда гумон қилинган одамларни қай тарзда ўлдирганини ҳеч кимдан, жумладан Исроил ҳуқуқ-тартибот органларидан ҳам яширмаган, аксинча буни мағрурлик билан айтиб берган. Жумладан, у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган йили, тергов жараёнларида Исроилга сотқинлик қилишда гумонланган бир неча фаластинликларни ўз қўли билан бўғиб ўлдиргани, баъзиларни тириклайин кўмган ҳолда кўмиш жараёнини белкурак билан эмас, балки қошиқ билан амалга оширгани каби ҳолатларни тан олган. Синварнинг яна бир севимли қийноқ услубларидан бири бу - иссиқ тахта ёрдамида куйдириб, қийноққа солиш бўлгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Озодлик ва якун
2011 йилга келиб Яҳё Синварнинг 22 йиллик тутқунликдаги даври ўз ниҳоясига етди. ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги ўзаро алмашинув доирасида яҳудий давлати Синварнинг укаси Муҳаммаднинг саъй-ҳаракатлари туфайли 5 йил олдин асирликка олинган ЦАХАЛ аскари Гилад Шалит эвазига 1000 дан ортиқ фаластинлик асирларни озод қилади. Бу жараёндаги ўзига хос савдода ҲАМАС ҳаракати Исроилдан энг аввало Синварни талаб қилди ва якунда ҳаракат ўз мақсадига етди. Орадан йиллар ўтиб, таҳлилчилар Исроилнинг бу қарорини ҲАМАС билан зиддиятлар тарихидаги энг катта хатолардан бири дея қайд этди. Синвар озодликка чиққач, унинг қилган энг дастлабки иши оила қуриш ва ҳаракат таркибида ўз ўрнига эга чиқиш бўлди. У дарҳол “Ал-Қассам” бригадаси ва штаб бошлиғи Марвон Исса билан иттифоқ тузди. 2011 йил ноябрь ойида эса ўзидан нақд 18 ёш кичик бўлган Самар Муҳаммад Абу Замар билан турмуш қурди. Синвар ва Замар 3 нафар фарзанд кўрди ва уларнинг бутун ҳаёти Ғазо секторидаги туннелларда ўтди. 2013 йилга келиб у ҲАМАСдаги эски мавқейини тиклади. Синвар шу йили ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги сиёсий бюроси аъзосига айланишга муваффақ бўлди. Орадан икки йил ўтгач, у АҚШ Давлат департаменти томонидан халқаро террорчи рўйхатига киритилди. Тез орада Буюк Британия ва Франция ҳам унга нисбатан шундай позицияни эгаллади. Аммо Яҳё Синвар ташқи босимларга қарамай, тўхташни истамади ва ҳатто 2017 йилда ҲАМАСнинг бутун бошли Ғазо секторидаги раҳбари этиб сайланиб, ҳаракатнинг энг муҳим уч шахсидан бирига айланди. 2018 йилда АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Трамп мамлакатнинг Исроилдаги элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчирганида, бунга қарши кенг кўламдаги норозиликлар фонида Синвар катта саҳнага чиқди. 2021 йилдан бошлаб Исроил Синварни жисмонан йўқ қилиш ҳаракатларини бошлади. Шу йили ЦАХАЛ уни Ғазодаги уйи ва идорасига ҳаво ҳужумларини уюштирди. Ҳужумда бир қатор объектлар текисланган бўлса-да, Синвар воқеа жойида йўқ бўлгани сабабли Исроил кучлари ўз мақсадига ета олмади. 2022-йилдан бошлаб, Яҳё Синвар фаластинликларни кенг кўламли қаршилик ҳаракатларига оммавий тарзда ундашга киришди. У ўз телемурожаатида одамларни Исроил босқинига қарши ҳар қандай тарзда жавоб қайтаришга чақира бошлади.
Синвар ортда қолган йиллар давомида гуруҳнинг фуқаролик ва сиёсий масалалар бўйича раҳбари сифатида минтақа давлатлари билан алоқа ўрнатиш ишларига бошчилик қилиб келган. Маълумотларга кўра, у ХАМАСдан масофа сақлашга ҳаракат қилган Миср етакчилари билан муносабатларни тиклаш ва Эрондан давом этаётган ҳарбий ёрдамларни қабул қилиш учун масъул бўлган. 2023 йил 7 октябрда Исроил томонидан оккупация қилинган ерларга қилинган ҳужум юзасидан қабул қилинган якуний қарорда ҳам Синвар ҳал қилувчи ролни ўйнаганлиги айтилади. Айнан шу важ билан у Исроил кучлари томонидан ортда қолган 1 йил вақт давомида узлуксиз қидириб келинди. Жорий йилнинг 31 июлида ҲАМАСнинг узоқ йиллик етакчиси Исмоил Хония Теҳронда кўп эҳтимол Исроил кучлари томонидан ўлдирилгандан сўнг Синвар ҳаракат бошқарувини ўз қўлига олди. Синвар марҳум етакчи Хониядан фарқли ўлароқ, Исроилнинг Ғазога босқини бошлангандан буён Ғазони тарк этмаган ҳолда доимий равишда фронт ичида қолди. Исроил расмийлари унинг Ғазодаги ер ости туннелларида яширинганлиги, аммо уни қўлга киритиш фақат вақт масаласи эканини узоқ вақтдан буён таъкидлаб келишаётганди.
Синвар ҳаракат етакчисига айлангандан сўнг, Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяхудан фарқли ўлароқ, оташкесим учун бир неча бор сигналлар берди. У Исроил билан ўт очишни вақтинча тўхтатиш, асирларни алмаштириш каби келишувларга очиқлиги ҳақида кўплаб хабарлар тарқалганди. Бироқ Нетаньяхунинг Исроилнинг мақсади ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш экани ҳақидаги баёнотлари барча эҳтимолий келишувларни амалда йўққа чиқарди. Якунда яҳудий давлатининг қуролли кучлари қаршилик ўқи гуруҳларининг раҳбарларини жисмонан йўқ қилиш йўлидан борди. Исмоил Хониядан бошланган рўйхат сентябрь ойида “Ҳизбуллоҳ” етакчилари Ҳасан Насруллоҳ, Иброҳим Оқил ва ҳатто ҳаракатнинг потенциал раҳбари бўлиши кутилган Сафи ад-Дин билан давом эттирилди. Исроил маълум муддат гўё бор эътиборини “Ҳизбуллоҳ”ни маҳв этиш учун қаратган маҳал ЦАХАЛнинг “ов рўйхати”даги навбат Яҳё Синварга етиб келди.
Кейинги воқеалар ривожи қандай кечади?
Синварнинг ўлими тасдиқлангач, бу фактор Исроил ва унинг иттифоқчиси Қўшма Штатлар томонидан байрам сифатида қабул қилинди. Хусусан, АҚШнинг айни дамдаги раҳбарлари президент Жо Байден ва вице-президент Камола Ҳаррис бу воқеликни “тинчлик” ўрнатилиши учун муҳим ва якуний қадам сифатида эътироф этди. Жо Байден Синварнинг ўлимини Исроил, АҚШ ва қолаверса бутун дунё учун хушхабар эканини таъкидлади. У Нетаньяхуга алоқага чиқиб, уни табриклаши ва аср олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш йўлларини муҳокама қилишни билдирди. Байден мазкур воқеликни келажак учун имконият дея баҳолади. Унинг наздида Синвар шу чоққача урушни тўхтатиш ва музокаралар олиб бориш учун “тўсиқ” бўлган. Ўз ўрнида Камола Ҳаррис ҳам Байденнинг позициясини ифода этган ҳолда Синварнинг йўқ қилиниши сектордаги урушнинг якуний қисми эканлигига ишонч билдирди. Аммо Нетаньяху қирғинни тўхтатиш ҳақида заррача ҳам ўйламаяпти. У Синварни ўлдирилиши урушнинг ниҳояси эмаслигини маълум қилди. Анчадан буён АҚШнинг назоратидан чиққан ҳолда ҳаракатланаётган Исроил Бош вазири ҲАМАС сиёсий бюроси етакчиси Яҳё Синварнинг ўлдирилиши бўйича берган баёнотида Синвар билан “ҳисоб-китоб битгани”, аммо уруш ҳали тугамаслигини очиқ-ойдин таъкидлади. Бу эса ўз-ўзидан Ғазодаги қирғин ҳали бери тугамаслиги, Исроил Бош вазири сектор устидаги сиёсий мақсадларига тўлалигича эришмагунга қадар минтақа йирик инқироз ичида қолишда давом этишидан далолат бермоқда. Бундай хулосага Нетаньяхунинг тутган позициясидан ташқари яна бир қатор бошқа омиллар ҳам мавжуд. Хусусан, қатор таҳлилчилар қаршилик ўқининг етакчиларини йўқ қилиш ҳаракатларнинг тўхтатилиши учун деярли бефойда эканлиги ҳақида гапириб келишади. Масалан, экспертлар Синвар ХАМАСнинг асосий ўйинчиси бўлса-да, уни ягона раҳбар сифатида кўрмаслик кераклиги, чунки ҲАМАС бир нечта алоҳида куч марказларига эга бўлган марказлашмаган ташкилот эканлигига урғу беради. ҲАМАС каби ташкилотлар шу тартибда ишлайди ва етакчилар билан боғлиқ нохуш ҳодисалар ҳаракатнинг келажагига путур етказиш эҳтимоли жуда паст. Уларнинг алмашинуви хоҳ ўлим туфайли хоҳ бошқа сабаблар билан бўлсин, бу ҳаракат фаолиятининг шунчаки бир қисми. Масалан, Синварнинг ўлимидан кўп ўтмай, кейинги эҳтимолий етакчи ҳақидаги тахминлар тезда болалади. Кўплаб манбалар 1996-йилдан 2017-йилга қадар, яъни Исмоил Хониядан олдин ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари бўлиб ишлаган Ҳолид Машал ҳаракатга қайта раҳбар этиб тайинланиши мумкинлигини тахмин қила бошлади. Шундай экан, содда қилиб айтганда ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” каби ҳаракатлар регенерация қобилиятига эга ва улар бундай жараёнларга жуда тез мослашади. Етакчилар бу ерда маълум мақсад ва вазифани бажарувчи драйвер. Уларнинг ўлими эса ҳаракатнинг бир даври тугаб, янгисига қадам қўйиш холос. Буни қаршилик ўқининг 40 йиллик тарихи давомида юз берган бир қанча ўзгаришлар исботлайди. Бу эса Ғазодаги инқирозни ҳал этишнинг фақатгина бир дона ечими борлигини англатади. У ҳам бўлса музокара столидир.
LiveБарчаси