Сингапурда ўқувчиларни калтаклашга рухсат берилди

Олам

image

Кеча, 6 май куни Сингапурда Таълим вазири Десмонд Лии бошчилигида “Таълим тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Йиғилишда вазир баъзи ҳолларда ўқитувчиларга интизомсиз ўқувчиларни жазолаш учун калтаклашга рухсат берилганини тасдиқлаган. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 15 апрель куни Сингапур парламенти томонидан “Таълим тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган. Унга кўра, ўқитучилар белгиланган қатъий қоидаларга риоя қилган ҳолда ўқувчиларни жазолашлари, жумладан, калтаклашлари мумкин. Жазолаш мактаб директори томонидан тасдиқланганидан сўнг фақат ваколатли ўқитувчилар томонидан амалга оширилади. Сингапур Таълим вазири Десмонд Ли ушбу қарор ўқувчиларни “тарбиялаш” ва ўз хатоларидан сабоқ олиши учун амалга оширилаётганини билдирган. Унинг маълум қилишича, ушбу амалиёт 2027 йилдан бошлаб тадбиқ этилади.

“Аввал қўлланилган жазо чоралардан етарлича сабоқ олмаган ва мактаб ички тартиб қоидаларини қўпол равишда бузган ўқучиларга нисбатан калтаклаш жазоси қўллашни жорий қиламиз. Жазо уларни тарбиялаш ва ўз хатоларидан сабоқ олиши учун қўлланилади. Бу ёндашув таълим бўйича мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилган, якуний оқибатлари таъминланган ва мавжуд аниқ чегараларга эга тадқиқотларга асосланади. Бундан ташқари, биз ушбу амалиёт орқали мактаб ўқувчилари ўртасида содир бўладиган ўзаро безориликларни камайишига ишонамиз,” дейди Десмонд Ли.

Сингапур Таълим вазирлигининг сайтида жойлаштирилган йўриқномада фақат ўғил болаларни таёқ билан жазолаш мумкинлиги кўрсатилган.

“Калтаклаш фақат ўғил болалар учун интизомий жазо бўлиб, жиддий ҳуқуқбузарликлар учун эса охирги чора сифатида, жуда зарур ҳолатларда қўлланилади,” дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, сўнгги ўн йилликлар давомида дунёнинг кўплаб давлатлари мактабларда ўқувчиларга нисбатан жисмоний жазо қўллашни тақиқламоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2025 йилнинг август ойида эълон қилган ҳисоботида дунё бўйлаб болаларнинг тўртдан бир қисми ва унинг ярми мактабларда жисмоний жазога дуч келаётганини билдириб, бу амалётга чек қўйишга чақирган.

“Болаларни жисмоний жазолаш оқибатлари бутун умр давом этиши ва уларнинг руҳий саломатлиги, таълим, ижтимоий ва касбий фаолиятига путур етказиши мумкин,” дейилади ЖССТ баёнотида.

Ҳожиакбар Муҳаммаджонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Сингапур ўқувчилар калтаклаш Жазолаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг