Синдзо Абэ Бош вазирлиги даврида уюштирилган зиёфатлар сабаб сўроқ қилиниши мумкин
Олам
−
04 Декабрь 2020
3505Япониянинг собиқ Бош вазири Синдзо Абэ ҳокимиятдалиги даврида Либерал-демократик партия тарафдорларига уюштирилган зиёфатлар масаласида сўроқ қилиниши мумкин. У сайлов қонунчилигини бузган деб ҳисобланмоқда. Собиқ Ҳукумат раҳбарининг ўзи сўроққа чақирилмаганини айтяпти.
Таъкидланишича, Синдзо Абэ зиёфатлар учун киритилган даромадлар ва ишлатилган харажатларни қайд этмаган. Улар 380 минг доллардан ошган бўлиши мумкин.
Манбага кўра, 2018 йилда 800 кишига зиёфат уюштирилган. Унда иштирок этганларнинг ҳар биридан 46 доллардан олинган. Бироқ базмлар уюштирилган меҳмонхоналар юқори классга оид бўлган ва киши бошига тўловлар одатдагидан анча баланд бўлган. Дастлабки миқдор тахминан 100 долларни ташкил этгани айтилган. Шу муносабат билан жорий йилнинг баҳорида 660 кишидан иборат адвокатлар гуруҳи тузилган.
Улар сайлов қонунчилиги бузилиши муносабати билан Япониянинг ўша пайтдаги Бош вазири Синдзо Абэга қарши айблов ҳужжатларини тайёрлаган. Мамлакат тарихида энг узоқ вақт давомида Бош вазир бўлган Абэ эса қонунбузарликни рад этган. Ҳозирда бу бўйича иш давом этмоқда.
Абэ жорий йилнинг сентябрь ойида саломатлиги туфайли истеъфога чиққан.
Маълумот учун, Абэ 2000 йилларнинг бошидан Япония Либерал-демократик партияси раҳбариятининг аъзоси сифатида майдонга чиқди. 2006 йил сентябрдан 2007 йил сентябргача партиянинг сайловлардаги муваффақиятидан сўнг Ҳукуматни бошқарган ва 52 ёшида Япония тарихидаги энг ёш Бош вазир бўлган. Бироқ, Вазирлар Маҳкамаси обрўсининг тез пасайиши фонида Абэ тайинланганидан бир йил ўтиб, 2007 йилда истеъфога чиққан. Ўшанда ҳам унинг истеъфоси саломатлиги ёмонлашиши билан боғланган.
2012 йилда Абэ Либерал-демократик партиянинг етакчисига айланди ва яна сайловларда ғолиб бўлди. Унинг саккиз йиллик Бош вазирлиги Япония учун рекорд даражадаги даврдир.
LiveБарчаси