Синдоров ва Ассаубаева FIDE Circuit рейтингида пешқадамлик қилмоқда 

Спорт

image

Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров ва қозоғистонлик Бибисора Ассаубаева FIDE Circuit 2026–2027 рейтингида ўз йўналишларида пешқадамлик қилмоқда. Бу ҳақда FIDE матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Жавоҳир Синдоров очиқ турнирлар бўйича FIDE Circuit 2026–2027 рейтингида биринчи ўринни эгаллаб турибди. У август ойи бошида Шарлоттада ўтказилган Naroditsky Memorial турнирида рапид ва блиц баҳсларида ғалаба қозониб, Нодирбек Абдусатторовни ортда қолдирган ва рейтинг пешқадамига айланган. 

Айни пайтда Синдоровнинг ҳисобида 93,89 очко бор. Унинг яқин таъқибчиси АҚШ вакили Уэсли Со ҳисобланади. Со 20 август куни “Sinquefield Cup” турнирида учинчи марта чемпион бўлиб, рейтингда 2-ўринга кўтарилди. 3-ўринда Нодирбек Абдусатторов бўлиб, унинг ҳисобида 65,64 очко мавжуд. 

Аёллар ўртасида эса Бибисора Ассаубаева FIDE Women’s Circuit 2026-2027 рейтингида биринчи ўринда бормоқда. У май ойидаги мусобақалардан кейин рейтингда етакчиликни қўлга киритган эди. FIDE уни аёллар ўртасидаги Circuit пойгасининг пешқадами сифатида қайд этган. 

Маълумот учун, FIDE Circuit – дунё бўйлаб ўтказиладиган юқори даражадаги шахмат турнирларини ягона рейтинг тизимига бирлаштирувчи мусобақалар сериясидир. 2026-2027 йилги Circuit натижалари кейинги Кандидатлар турнири учун муҳим аҳамиятга эга. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг