Симлари СССРгача узанган Ўзбекистон энергетикаси ёхуд Путиннинг империалистик манфаати

Таҳлил

image

Ўзбекистонда қиш бошланиши билан газ ва электр муаммоси кўтарилиши аслида кўплар ўйлаганидан кўра узоқроқ тарихга эга ҳодисадир. Чекка ҳудудларда бу муаммолар 90-йиллардаёқ бошланган, бу давр ичида одамлар шароитга мослашиб, ўзи учун минимал қулайликларни яратиб олган.

Узоқ йиллар мобайнида чекка ҳудудлардаги бу вазиятга медиа кўз юмиб келди. Охирги йилларда муаммолар Тошкент шаҳрига етиб келганидан сўнг уларнинг кўзи бирдан очилиб, “ие, бу муаммолар қаердан пайдо бўлди?” деб савол бера бошлади.

Бундай кириш қилишимизга сабаб “Новости Узбекистана” нашрида чоп этилган “Коммунальный недокорм в Узбекистане оборачивается разрухой” номли мақолада келтирилган бир фикрдир: “Такой свистопляски с электричеством  и газом,   подачей  горячей и холодной воды узбекистанцы  не припомнят. Некоторые уже запаслись керосиновыми лампами, буржуйками и др.”. Яъни: “Ўзбекистонлар электр ва газ билан боғлиқ бундай муаммоларни эслай олмайди. Айримлар керосин лампалари ва печкаларини захира қила бошлади”. Бу мақола муаллифи долзарб муаммони кўтариб, танқидий руҳда фикр билдираётганига қарамай, аслида Ўзбекистондаги реал вазиятдан мутлақо бехабарлигини, пойтахтдаги иссиқ уйда ўтириб, вилоятларда бўлаётган жараёнларни кузатмаганини кўрсатиб қўйган. Бундай “свистопляска” Ўзбекистонда ўнлаб йиллардан буён давом этмоқда, қишлоқ уйлари бундай “буржуйка” ва керосин чироқларига тўлиб-тошиб кетган.

Айтмоқчи бўлганим, муаммо Тошкентга етиб келмагунига қадар уни нафақат давлат ташкилотлари, ҳатто кўпгина журналистларам эътиборсиз қолдирди, уйларида чироқ ўча бошлашини кутди. Пойтахтга етиб келган муаммо эса ниҳоятда жиддий тус олган бўлади, демакки, унинг осон ечимлари йўқ.

Аслида бугунги Ўзбекистоннинг энергетик муаммолари анча узоқ илдизларга эга. Тўғри, жаҳон миқёсидаги энергетика муаммолари, захираларнинг тугаб бориши, аҳоли кўпайиши ҳисобига эски қувватларнинг етишмаётгани, уларни ўстириш борасида иш олиб борилмаётгани – булар ҳам жиддий омиллар. Аммо Ўзбекистонда электр тизими қурилишида жойланган “мина”лар ҳам борки, улар вазиятни оғирлаштирмоқда. Ана шундай “мина”лардан бири СССРдаги умумий электр тизимидир.

СССРнинг ягона электр тизими

Бу тизим 1956 йилда қурилган бўлиб, энг кенгайган даврида умумий қуввати 288 млн кВт га тенг 700 дан ортиқ электр станцияларини бирлаштирар эди. 1978 йилда бу тизим Иқтисодий ёрдам иттифоқига кирувчи Европа давлатлари (Чехословакия, Албания, Болгария, Польша, Руминия) энергетика тизимлари билан параллеллаштирилган, шунингдек, Мўғулистон, Финляндия, Норвегия ва Туркиянинг электр узатиш линиялари билан боғланган эди.

Улкан салоҳиятга эга бўлган, кўплаб давлатларни боғлаган тизимнинг, шубҳасиз, ўзига яраша плюслари бор эди. Жумладан, бир ҳудудда ортган энергияни бошқа ҳудудларга йўналтириш мумкин эди, яъни тизим бир-бирини тўлдирувчи компонентлардан ташкил топган эди.

Асосий муаммо эса тизимнинг ишлаши сиёсий вазиятнинг барқарорлигига, энергетик тизимлари боғланган давлатлар орасида муносабатлар доим яхши сақланишига, чегаралар очиқ бўлишига, иқтисодий келишувлар ишлашига кучли боғланган эди. Яқин тарихдан биламизки, бу статус кволарнинг ҳеч бири узоқ ҳукм сурмади, СССРнинг ўзи қулаб, республикаларга бўлиниб кетди. Натижада тизимнинг ишлашида ҳам узилишлар рўй берди. СССРнинг ўзи йўқолиб кетгач, унинг бошқа давлатлар билан келишувлари бузилгач, тизим издан чиқа бошлади. Айтайлик, бир ерга электр таъминоти етишмаса, бошқа ерда ортиб қолса, ортиқ уни шунчаки узатиб юбориб бўлмас эди – нарх-навони инобатга олиш, ҳисоб-китобларни қилиш талаб этиларди.

Ушбу тизимнинг бир бўлаги бўлган Ўзбекистонда мустақиллигининг дастлабки йилларидаёқ энергетика муаммоларига дуч келди. Ушбу муаммоларнинг илдизига болта уриб, тизимни қайта қуришга, соҳани бозор иқтисодиёти қоидаларига мослаб, нархларни оширишга (ва омманинг янада кескинроқ норозилигини келтириб чиқаришга) журъат этилмагани боис мамлакат ва аҳоли ҳар томонлама зарар кўришда давом этмоқда: бир томондан, рўдапо тизимни ушлаб туришга бир олам пул мақсадсиз сарфланмоқда, бошқа томондан, бундан фойда бўлмай, йил сайин кўпроқ ўзбекистонликлар энергетика таъминоти билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.

Аслида СССРда жуда кўп бошқа соҳаларда ҳам мана шундай умумий тизим яратилган. Энг машҳур мисол – саноат; хом ашё бир ердан чиқиб, давлат нархларида бошқа республикага етказиб берилиб, у ерда қайта ишланган, яна бошқа ҳудудлардан келган компонентлардан тайёр масҳулот ишлаб чиқарилган. Турли ҳудудлардаги аҳолини иш билан таъминлаш, логистикани осонлаштириш ва нархларни туширишга қаратилган бу тизим совет давлати билан бирга йўқ бўлди, бунинг оқибатида кўплаб заводлар иши тўхтаб қолди. Энергетика тизими муаммолари ҳам шунга жуда ўхшаш.

Ўзбекистон қандай хулосалар чиқарди ва яна қандай хатоларга йўл қўйди?

90-йилларда юзага келган энергетик муаммолар ечими қидирилмади десак, адолатсизлик бўлади. Ўзбекистонда газ ва энергетика соҳасини изга солиш, СССР тизимидан чиқиб кетишга уринишлар бўлди, хусусан, Озарбайжон, Туркманистон ва Қозоғистон билан келишувларга эришишга ҳаракатлар амалга оширилди. Бу ишлар нега охирига етмаганини тушунишга ўша замонда ёпиқ сиёсат юритилгани, матбуотда бу масалалар чуқур ёритилмагани халақит беради. Аммо пировардида мавжуд тизимни қўллаб-қувватлашга қарор қилинди ва бу борадаги ечимлар ортга сурилди.

Шундан сўнг масала унутилди. Ора-орада баъзи давлатлар, халқаро корпорациялар энергетик келишувлар муҳокама қилингани ҳақидаги хабарлар чиқиб турди, лекин тизим қайта қурилиши бир неча маротаба ортга сурилди. Бунга баъзида потенциал ҳамкорлар Ўзбекистонга етарли ишонч билдирмагани, баъзида эса ички сиёсий вазият, сиёсий ўзгаришлар сабаб бўлди.

2019 йилдан сўнг муаммолар пойтахт Тошкентда ҳам бўй кўрсатиши ортидан мавзу яна кун тартибига келди ва бу сафар медиада жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди. Шунча норозилик, танқиддан сўнг ҳам газ ва электр таъминоти изга туширилмаганига қараганда, вазиятни ушлаб туриш воситалари ҳам ниҳоясига етмоқда, жиддий ислоҳотлар қиладиган пайт яқинлашмоқда. Яқинда газ ва электр таъминотини қайта кўриб чиқиш, уни бозор иқтисодиётига мослаштириш, тизимни қайта қуриш борасида таклифлар тайёрланаётгани ҳақида инсайдлар тарқалиши ортидан 2022 йил бошида Қозоғистонда, ўрталарида эса ўзимизда – Қорақалпоғистонда фожиали воқеалар рўй берди. Улардан сўнг қийин ижтимоий ва иқтисодий вазиятда яшаётган аҳолининг норозиликлари келиб чиқишини олдини олиш мақсадида бу йўналишдаги таклифлар яна ортга сурилди, хусусан, табиий газ қазиб олиш, қайта ишлаш ва етказиб бериш тизими бўйича қарор эълон қилинмай қолиб кетди.

Совет даврида ишлаган Ўрта Осиё электр “ҳалқа”сини тиклашга уриниш 2022 йил январида бутун минтақада блэкаут келтириб чиқариши эски тизимнинг муаммоларини яна бир бор очиб берди. Масалани ўрганган экспертлар минтақавий ҳамкорликдан воз кечмасликни, лекин, шу билан бирга, янгича ёндашувларга мурожаат этишни таклиф қилмоқда.

Қизиғи, глобал исиш ва иқлим аномалиялари фонида Ўзбекистонда охирги йилларда қишлар юмшоқроқ келиши, қор кам ёғиши мамлакатни коллапсдан қутқариб қолди, деган фикр бор. Аммо бу йил қиш ўз вақтида бошланиб, ҳаво кескин совиши ортидан яна шошилинч чоралар кўриш зарур бўлиб қолди.

Охирги йилларда рўй берган инқирозли вазиятлардан тўғри қарор чиқариладими? Ёки вақтинчалик чоралар кўрилиши, пировардида келажакда янги муаммолар тўпланиб боришига замин яратилиши давом этадими?

Бу саволларга ҳозирча жавоб йўқ. Вазиятни кузатишда давом этамиз.

Имтиёзлар, имтиёзлар

Юқоридаги фикрлар, факт ва маълумотлардан энергетика муаммолари жуда мураккаблиги, кўплаб омиллар тўқимасидан иборатлиги тушунарли бўлди деб умид қиламиз. Вазиятни янада мураккаблаштириб, оқибатларни оғирлаштирадиган омиллар қаторида имтиёзлар масаласини ҳам айтиб ўтиш керак.

Ўзбекистон иқтисодиётини емираётган омиллардан бири турли соҳаларга, алоҳида ташкилотларга улкан имтиёзлар тақдим этилиб келинаётгани экани кўпчиликка сир эмас – охирги йилларда медиада анча фаол бўлиб қолган иқтисодчилар бу мавзуни тез-тез кўтаради. Имтиёзлар мамлакат иқтисодиёти кўтариш ёки халқнинг бирламчи эҳтиёжларини қондиришга хизмат қиладиган ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларда бўлса ҳам майли эди – кўпинча улар маълум гуруҳларнинг манфаатига хизмат қилади ёки ошкор этилмаган давлатлараро келишувларни акс эттиради. Россиянинг “Лукойл” компаниясига социал солиқ бўйича тақдим этилган имтиёзлар, айниқса ношаффоф келишув туфайли Ўзбекистоннинг ўзи ушбу корпорациядан 600 млн доллар қарз бўлиб қолиши мана шундай аянчли оқибатларга мисол бўла олади.

Россиянинг империалистик мақсадларини ҳам унутмайлик

Россиянинг компанияларига имтиёзлар берилиши, ношаффоф шартномалар тузилиши нафақат алоҳида гуруҳларнинг манфаатига хизмат қилувчи коррупцион ҳолатлар ёки ақлсизлик билан тузилган шартномалар деб талқин қилиниши мумкин. Бу ерда Россия давлатининг манфаатлари ҳам ётишига кўп экспертлар эътибор беради.

Совет даври энергетика тизимининг сақланишидан, у қайта тикланишидан Россия манфаатдорлиги ҳеч кимга сир эмас. Аввало, совет даврида ҳам асосий энергия истеъмолчиси Россия бўлган; бугунги шароитда эса тизимни марказлаштириш собиқ совет республикаларини йирикроқ ўйинчи бўлмиш Россияга боғлаб қўяди.

Аслида бу тизим тикланса, Россиянинг иқтисодий манфаатларига зид келиши мумкин, зеро пули кам давлатлар билан ягона тизим яратиш ва уларга арзонгаров хизмат кўрсатишдан кўра глобал бозорда энергия ташувчиларини сотиш кўпроқ манфаат келтириши ўз-ўзидан тушунарли. Бироқ Россиянинг бугунги ташқи сиёсатини таҳлил қилсак, у геосиёсий мавқеини тиклаш учун миллиардлаб доллар маблағ йўқотишга тайёрлиги англашилади. Шундай экан, ягона энергетик тизимга ўтиш ҳаракатларини, қисман бўлса ҳам, Россиянинг собиқ совет ўлкаларида, жумладан, Марказий Осиё республикаларида ўз сиёсий таъсирини ушлаб туришга ҳаракат деб талқин қилса бўлади.

Яқинда Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида “уч томонлама иттифоқ” тузилиши ҳақида гаплар тарқалгани, Россия томони бу янгиликка сиёсий тус беришга ҳаракат қилгани юқоридаги сўзларга далил бўлиши мумкин. Ўзбекистон томони, ўз навбатида, ҳеч қандай сиёсий иттифоқ ҳақида гап йўқлигини уқтириши, гап фақат иқтисодий келишув ҳақида эканини билдириши Россиянинг империалистик даъволарига қаршилик мавжудлигини кўрсатади.

Россия томони Ўзбекистонга АЭС қуриб бериш таклифини илгари сураётгани ҳам юқоридагига жуда ўхшаш мисолдир: Россиянинг бу ердаги манфаати биринчи галда Ўзбекистоннинг ўз технологияларига, мутахассисларига боғлиқлигини шакллантириш экани ҳақида АЭС масаласи энди кўтарилганидаёқ айтилган эди. Ўзбекистон томони масаланинг бу жиҳатини тушунади шекилли, ҳозирча якуний қарорга келишга шошмаяпти.

Якуний қарор қандай бўлишини олдиндан айтиш қийин – Ўзбекистоннинг катта сиёсати ҳалигача анчайин ёпиқ бўлиб қолаётгани, айниқса халқаро сиёсат борасидаги келишувлар, таҳдидлар ва муаммолар кенг ёритилмаслиги бунга имкон бермайди. Умид қиламизки, сўнгги йилларда рўй берган воқеалардан, келиб чиққан муаммолардан тўғри хулосалар чиқарилади ва оптимал қарорлар қабул қилинади. Ҳозирча кўп илғор фаоллар, блогерлар, экспертлар айтаётган нуқтаи назарга кўра, қийинчиликлар бўлишига қарамай, энергетик мустақилликка эришиш, бошқа давлатлар билан манфаатли, тенг ҳуқуқли келишувлар асосида ишлаш, алоҳида давлатларнинг сиёсий ўйинларига учмаслик, сиёсий таъсирга тушмаслик энг оптимал йўл бўлиб кўринмоқда.

Қозоғистонда шу йил бошида рўй берган воқеалар энергетик муаммолар секин-аста ижтимоий-сиёсий муаммога айланиши мумкинлигини, бу Россиянинг манфаатларига хизмат қиладиган баҳона бўлиб қолиши мумкинлигини кўрдик. Бунга йўл қўймаслик учун тизимни қайта қуришда илғор давлатларнинг тажрибасидан ўрнак олиш, энергетика тизимини бозор иқтисодиёти талабларига мослаш, яшил энергетикага ва энергия тежамкорлигига эътибор қаратиш керак бўлади.

Жаҳонгир Остонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

914

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг