Си Цзиньпин Хитой армиясига урушга тайёрланишни буюрди
Олам
−
21 Сентябрь 2022
29076Хитой Халқ Озодлик Армияси (ХОА) “ҳақиқий жанговар тайёргарликка эътибор қаратиши керак”. Бу ҳақда Хитой раиси ва мамлакат Марказий ҳарбий комиссияси раҳбари Си Цзиньпин миллий мудофаа ва ҳарбий ислоҳотларга бағишланган семинар вақтида айтиб ўтди.
Хитой марказий телевидениеси хабарига кўра, давлат раҳбари семинар иштирокчиларига шундай кўрсатма берган. Тадбирда Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзолари иштирок этган.
ХХР раҳбари, шунингдек, армияни ислоҳ қилиш мақсадларига эришиш режасига қатъий риоя қилишни ҳам буюрган.
Си Цзиньпиннинг буйруғи Тайвань атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви фонида берилди. Негаки, бугун, 21 сентябрь куни эрталаб ХОА жанговар қўмондонлигининг Шарқий ҳудуди расмий вакили Ши И Хитой бўлинмалари Тайвань бўғозидан АҚШ ва Канада ҳарбий-денгиз кучлари кемалари ўтганидан кейин юқори жанговар шайликни сақлаб туришини айтди. Қўмондонлик вакили қўшинлар ҳар қандай таҳдидларга қарши туришини ҳамда давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга тайёр эканини таъкидлади.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден АҚШ ҳарбийлари Хитойдан эҳтимолий босқин содир бўлган тақдирда Тайванни ҳимоя қилишини маълум қилган эди.
Маълумот ўрнида, Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлуб бўлиб, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолди. ХХРнинг аксарият давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган расмий позициясига кўра, орол Хитой провинцияларидан бири ҳисобланади.
Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, ХХР билан ўрнатди. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайпей маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлди. 2-3 август кунлари АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг оролга ташрифи ортидан Тайвань бўғози минтақасидаги кескинлик жиддий равишда авж олди, бу эса Пекиннинг кескин танқидига сабаб бўлди