Си Цзиньпин 67 ёшни қаршилади. Уни МОдан фақат Қирғизистон Президенти табриклади

Олам

image

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин бугун, 15 июнь куни 67 ёшни қаршилади. Унга Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларидан фақат Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбеков табрик йўллади. 

"Сизнинг бой касбий ва ҳаётий тажрибангиз дўст Хитой давлатининг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган мустаҳкам пойдевордир. 

Сизнинг тажрибали раҳбарлигингиз остида Хитой ўз кучини бирлаштирди ва COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашда катта ютуқларга эришди. 

Шу билан бирга, мен Хитой Халқ Республикаси томонидан Қирғизистон Республикасига коронавирус инфекциясига қарши курашда кўрсатган инсонпарварлик ёрдами учун самимий миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Дунёда коронавируснинг тарқалиши билан боғлиқ вазият жуда қийин, аммо шунга қарамай, аминманки, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан биз ушбу касалликни енгамиз. 

Ишончим комилки, яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларига асосланган қирғиз-хитой муносабатлари халқларимиз фаровонлиги йўлида изчил ривожланиб, мустаҳкамланиб бораверади ”, дейилади Қирғизистон Республикаси Президенти табригида.  

Президент Жээнбеков Си Цзиньпинга сиҳат-саломатлик, фаровонлик ва масъулиятли давлат фаолиятида улкан муваффақиятлар, дўст Хитой халқига тинчлик ва фаровонлик тилаган. 

Хитой Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларининг ҳам яхши дўсти, ишончли ҳамкори саналади. Бироқ, ушбу мамлакат раҳбарларининг Хитой раҳбарига табриги юзасидан расмий маълумот берилганича йўқ. 


Мақола муаллифи

Теглар

Си Цзиньпин Сооронбай Жээнбеков

Баҳолаганлар

195

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг