Швецияда Қуръон ёқилди. Араб давлатлари эътироз билан чиқди
Олам
−
18 Апрель 2022
39286Жорий йилнинг 14 апрель куни Швециянинг бир қатор шаҳарларида Дания ва швециялик экстремист, “Муросасиз йўл” ҳаракати раҳбари Расмус Палудан бошчилигида исломга қарши намойишлар бошланди. Улар Ислом динининг муқаддас китоби бўлган – Қуръони Каримни оммавий равишда ёқиб юборди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, “Муросасиз йўл” партиясига 2017 йил Палудан асос солган. У YouTube’да Ислом динига қарши кўплаб видеороликлари билан танилган. Сиёсатчи Қуръонни омма олдида ёқиб юборган ва буни сўз эркинлигига ҳурмат деб атаган. Унинг партияси Ислом динини тақиқлашни ва барча “ғарбдан бўлмаган бошпана изловчиларни” Даниядан депортация қилишни талаб қилмоқда.
Расмус Палуданнинг айтишича, у Исломнинг энг муқаддас матнларини ёққан ва бу ҳаракатини яна қайтаради. Бир қатор араб давлатлари мазкур ҳолат юзасидан ўнг қанот экстремистларини кескин танқид қилди.
“Биз Швецияда Қуръоннинг ёқиб юборилишини кескин қоралаймиз. Бундай ҳаракатлар фақат нафрат уйғотиш ва зўравонликни тарғиб қилишга қаратилган”, дея баёнот берган Баҳрайн Ташқи ишлар вазирлиги.
Саудия Арабистони “Швециядаги айрим экстремистлар томонидан муқаддас Қуръони Каримни қасддан таҳқирлаш ва мусулмонларга қарши провокация ва гиж-гижлашни” қоралашини билдирган. Эрон ва Ироқ ҳукуматлари эса норозилик билдириш учун Швеция элчиларини чақирган.
Иордания Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Хайтам Абу ал-Фул бу ҳаракатлар дин ва эътиқод эркинлигига зид эканлигини, шунингдек, халқларнинг тинч-тотув яшаши тамойилларига тўғри келмаслигини таъкидлаган. У халқаро ҳамжамиятни экстремизм ва муросасизлик ғояларига қарши курашиш, диний асосдаги ҳақоратларнинг олдини олиш учун кучларни бирлаштиришга чақирди.
Ўз навбатида, Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги Швециянинг Бағдоддаги муваққат ишлар вакилини чақириб, швед дипломатига Қуръоннинг таҳқирланиши юзасидан кескин норозилик билдирди. Ироқ расмийлари “бу муаммо Швеция ва араб-мусулмон дунёси ўртасидаги муносабатлар учун жиддий оқибатларга олиб келади”, деган.
LiveБарчаси