Швеция Туркияга НАТОга аъзо бўлиш учун шартларни бажаргани ҳақида мактуб йўллади

Олам

image

Швеция Туркияга НАТО аъзолигини тасдиқлаш бўйича кўрилган чораларни кўрсатувчи мактуб йўллади. Унда Стокгольм терроризмда гумон қилинганларни экстрадиция қилиш бўйича Анқара сўровларини зудлик билан кўриб чиқиши кафолатланган. Бу ҳақда бугун, 21 октябрь куни мактубга таяниб, “Reuters” агентлиги хабар берди. 

“Уч томонлама келишувнинг барча асосий элементлари бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилди. Швеция террорчиликда гумон қилинган шахсларни экстрадиция қилиш бўйича кутилаётган сўровларни зудлик билан ва пухталик билан ҳал этиш тарафдори”, дейилади мактубда. 

Шунингдек, Швеция хавфсизлик хизматлари “Курдистон ишчилар партиясига қарши ўз фаолиятини кучайтиргани” қайд этилган. 

Аввалроқ Туркия ва Швеция Адлия вазирликлари вакиллари Туркия томони террорчилик фаолиятига алоқадор деб ҳисоблаган шахсларни экстрадиция қилиш бўйича Анқарада музокара ўтказган эди. 

Туркия учун Швеция томонидан террорчилик фаолиятига алоқадор шахсларни экстрадиция қилиш унинг НАТОга аъзо бўлиш аризасини маъқуллаш шартларидан биридир. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған аввалроқ Стокгольм террорчилик ташкилотларига алоқадор 70 дан ортиқ шахсни Анқарага экстрадиция қилишга ваъда бергани ҳақида айтган эди. 

Швеция ва Финляндия масаласи

18 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди, бироқ Туркия бу давлатлардан ФЕТО, Курдистон ишчилар партияси ва Сурия Халқ мудофааси кучлари ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, терроризмда ёки 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни Анқарага экстрадиция қилишни ва Туркияга қурол етказиб беришга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнини дарҳол тўхтатди. 

Жорий йилнинг 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва альянс бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Уларнинг натижаларига кўра, Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига рухсат берувчи меморандум имзоланди. Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Анқаранинг барча талаблари бажарилишига келишиб олинган. Унга кўра, Швеция террорчилик фаолиятида иштирок этган 73 кишини экстрадиция қилишга ваъда берган.

30 июнь куни НАТО саммитидан кейин матбуот анжуманида иштирок этган Эрдўған, Швеция ва Финляндия учун қувонишга ҳали эрталигини, улар шартни бажарсагина, Туркия парламенти Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига оид ҳужжатни ратификация қилишини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

45

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг