Шу кам эди: КХШТ Қорабоғ бўйича вазиятга аралашмоқчи

Олам

image

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ) Арманистоннинг мурожаати муносабати билан Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги вазиятни тартибга солиш бўйича ташкилот механизмларини фаоллаштириш бўйича иш бошлади. Бу ҳақда бугун, 13 сентябрь куни КХШТ матбуот котиби Владимир Зайнетдинов ТАССга маълум қилди. 

“Арманистон томонининг КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашига Арманистон Республикасига ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги мурожаати муносабати билан ташкилот котибияти КХШТ Қўшма штаб-квартираси билан биргаликда вазиятни ҳал қилиш учун КХШТ механизмларини фаоллаштириш бўйича ишларни ташкил этди”, дейилади хабарда.  

Зайнетдинов ташкилот куч ишлатишни номақбул деб билишини таъкидлаган. 

“Қарама-қаршиликларни бартараф этиш учун Озарбайжон, Арманистон ва Россия раҳбарларининг 2020 йил 9 ноябрь, 2021 йил 11 январь ва 26 ноябрдаги баёнотларида мустаҳкамланган фақат сиёсий-дипломатик усуллар ва келишувлардан фойдаланиш керак”, дейди Зайнетдинов. 

Шунингдек, КХШТ котибияти, 13 сентябрь куни соат 09:00 дан бошлаб ўт очишни тўхтатиш бўйича Россия Федерациясининг воситачилик саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган. 

Эслатиб ўтамиз, 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокацияни амалга оширган эди.

Арманистон ва Озарбайжон чегарасида жанглар 13 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 00:05 да бошланди. Баку Ереванни провокацияларда айблади ва шунинг ортидан тўқнашув юз берганини маълум қилди.

Расмий Бакуга кўра, 12 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокация содир этган.

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қорабоғдаги отишма

Баҳолаганлар

61

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг