Шу ишларни 15 йил олдин бошлаганимизда болаларимизнинг савияси бошқача бўларди – Мирзиёев
Жамият
−
23 Апрель 2021
6530Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Технопаркда ишга туширилган янги корхоналарни бориб кўрди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, бу ерда умумий қиймати 365 миллион доллардан зиёд бўлган 17 та лойиҳа жойлаштирилган бўлиб, шундан 6 таси ўтган йили фойдаланишга топширилган эди. Бу йил бошида яна 4 та корхонада қурилиш-монтаж ишлари битказилган. Айни кунларда синов режимида маҳсулот тайёрланмоқда.
Президент ушбу корхоналарда ўрнатилган технологиялар, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни кўздан кечирди.
“Бу корхоналарнинг, албатта, иқтисодий аҳамияти катта. Лекин мени кўпроқ қувонтирадигани ёшларимизнинг малакаси, ишончи. Ҳозирги ёшлар ўқиган пайтларда бунақа станоклар йўқ эди. Шу ишларни 15 йил олдин бошлаганимизда болаларимизнинг билими, савияси бугун умуман бошқача бўларди”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, фурнитура ва аксессуарлар лойиҳасининг қиймати 20 миллион доллар. Бунинг эвазига бино мукаммал таъмирланиб, Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. 450 та иш ўрни яратилган. Корхона эшик ва ромлар учун йилига 6 миллион дона фурнитура ва аксессуар ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу 10 миллион долларлик импорт ўрнини тўлдириш, 3 миллион долларлик экспорт имкониятини беради.
Яна бир корхонада 5 хил модификациядаги панелли иситиш радиаторлари ишлаб чиқарилади. Унинг қиймати 19 миллион доллардан зиёд, қуввати йилига 640 минг дона. Европа технологияси асосида тайёрланадиган бундай радиаторларга ички бозорда ҳам, ташқи борода ҳам талаб бор. Шундан келиб чиқиб, 6 миллион долларлик импорт ўрнини босиш, 8 миллион долларликдан кўпроқ экспорт қилиш мўлжалланган. 250 киши иш билан таъминланган.
“Алюмин композит панеллар корхонаси ҳам иқтисодий самарадор. Унда тайёрланадиган 432 минг дона маҳсулот 10 миллион долларлик импорт ўрнини тўлдириш, 3 миллион долларлик экспортни таъминлаш имконини беради. Бунинг учун 2 миллион доллар эвазига Хитой технологияси ўрнатилган. 80 та иш ўрни яратилган”, дейилади хабарда.
Металл конструкциялар ишлаб чиқариш лойиҳасининг қиймати 29 миллион доллар. Шунга яраша, импорт ўрнини босиш даражаси ҳам нисбатан юқори – 16 миллион доллар. Шунингдек, 1,5 миллион долларлик экспорт ҳам режалаштирилган. Корхонага Италия технологияси ўрнатилган бўлиб, 3 хил сендвич панеллар ҳамда 2 турдаги қора ва енгил металл конструкциялар ишлаб чиқарилади. Бу ерда 350 киши ишлайди.
Янги ишга тушаётган корхоналарда маҳаллийлаштириш даражаси 35-40 фоизни ташкил этади.
Технопаркда барча лойиҳалар ишга тушгандан кейин жорий йил якунида 5 триллион 700 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади, 105 миллион долларлик экспорт қилинади. 7 мингга яқин киши иш билан таъминланади.
Президент шу билангина чекланмасдан, янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, қўшилган қиймат яратадиган маҳсулотларга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
LiveБарчаси