Шуҳрат Ғаниев судсиз жазолашни йўлга қўйди...ми?
Жамият
−
30 Сентябрь 2019
9640Қатор хорижий оммавий ахборот воситаларида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ўтган ҳафта бошида ўтган селектор йиғилишида сўзлаган нутқининг аудио ёзуви эълон қилинди.
Аудиоёзувда ҳоким селектор йиғилишида Риштонда голограммасиз диний китоб сотаётганда қўлга тушганларни 5 суткадан қамашни буюрганини эшитиш мумкин. Шунингдек, у ҳоким орқали судяларга ҳам топшириқ берган.
“Ички ишлар ва судяларни ҳам чақириб, ҳурматли ҳоким. Маҳалла фуқаролар раисини ҳам беш суткага жарима қилиб қамайсизлар. Бунақа маҳалла раиси ҳам керакмас, поспони ҳам керакмас. Риштоннинг хотин-қизлар қўмитасини ишдан олиб ташланглар”, дейди ҳоким.
Шуҳрат Ғаниев рекламаларни танқид қилиб, учта реклама фирмасини 300 миллион сўмдан жаримага тортишни буюради.
“Ҳозир уччовини чақирасан-да, тушунтириш хати олиб, уччала ташкилот ҳар бирига 300 миллиондан 900 миллион сўм жарима соласан. Қонуний жарима соласан”, дейди вилоят ҳокими.
Жарима солиш учун суд қарори кераклиги ҳақида гап сўз бормаган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасида “Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас”, деб алоҳида белгилаб қўйилган.
Шунингдек, бош қонуннинг 106-моддасида “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади”, деб кўрсатилган.
LiveБарчаси