Шомуродов энг яхши тўпурарга айланиб олди

Спорт

image

Кеча, 31 октябрь куни Туркия Суперлигаси 11-тури доирасида “Истанбул Башакшеҳир” ўз майдонида “Кожаелиспор”ни қабул қилди. Учрашувда ягона голни Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов уриб, жамоасига муҳим ғалаба келтирди. Бу гол орқали Шомуродов Туркия Суперлигасининг энг яхши тўпурарига айланиб олди.

Шомуродов баҳсда тўлиқ 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилди ва учрашувнинг 90+1-дақиқасида пенальтини аниқ амалга ошириб, “Башакшеҳир”га уч очко тақдим этди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Аббос Файзуллаев эса жароҳати сабаб ўйинда иштирок эта олмади ва учрашувни терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро билан бирга трибуна орқали кузатди.

“Sofascore” нашри Шомуродовнинг ушбу ўйиндаги ҳаракатларини 6,5 балл билан баҳолади.

Айни дамда Элдор Шомуродов 7 та гол билан Туркия Суперлигасининг энг яхши тўпурарига айланиб олди. Шомуродов билан бирга “Трабзонспор” ҳужумчиси Пол Онуачу ҳам 7 та гол билан биринчи ўринни бўлишиб турибди. “Фенербаҳче” футболчиси Юссеф Эн-Несири ва “Галатасарай” форварди Мауро Икарди эса 6 тадан гол билан кейинги ўринларда бормоқда.

Маълумот учун, ҳозирда “Галатасарай” 28 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. “Трабзонспор” 23 очко билан иккинчи, “Фенербаҳче” 22 очко билан учинчи ўринда. “Башакшехир” эса 13 очко билан 9-поғонада жойлашган.


Мақола муаллифи

Теглар

Элдор Шомуродов Туркия Суперлигаси “Истанбул Башакшехир”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг