Шольц Эрдўғанни турк муҳожирларининг чиқариб юборилишидан огоҳлантирди
Олам
−
18 Ноябрь 2023
12224Кеча, 17 ноябрь куни Германия канцлери Олаф Шольц Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан Берлинда бўлиб ўтган учрашувда Туркиядан Германияда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган бошпана изловчиларни тезроқ ортга қайтаришни талаб қилди. Бу ҳақда Берлиндаги ҳукумат доираларига таяниб, “Reuters” агентлиги хабар берди.
Агентлик суҳбатдошларига кўра, канцлер Германияда бундай хорижликларнинг кўп сонини ҳисобга олган ҳолда, ҳимоя мақомини олмаганларни ватанига қайтаришнинг ишончли механизми бўлиши кераклигини таъкидлаган.
Германия ва Туркия раҳбарлари янги ташкил этилган ички ишлар бўйича икки томонлама ишчи гуруҳининг жадал иш олиб бораётганини олқишлаган ва унга имкон қадар тезроқ ўзаро мақбул натижага эришиш бўйича топшириқ берган.
Шунингдек, Шольц қўшма матбуот анжуманида Германиянинг Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасидаги миграция келишувини давом эттиришдан манфаатдор эканини эълон қилган.
Украина, Яқин Шарқ ва Кавказдаги урушлар
Шольц ва Эрдўған ўртасидаги учрашувда бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. Иккала сиёсатчи ҳам Россия Украинага қарши тажовузкор урушини зудлик билан тўхтатиши керак, деган фикрга келишди.
Исроилнинг ҲАМАСга қарши урушини муҳокама қилиш чоғида томонлар асосий эътиборни гуманитар масалаларга қаратган ва минтақада можаро авж олиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Ғазо секторининг эҳтимолий истиқболлари ҳам муҳокама қилинган. Шольц Германиянинг Исроил билан бирдамлик позициясини ва Берлиннинг ҲАМАС ҳужумини тўлиқ қоралашини маълум қилган.
Эрдўған эса матбуот анжумани чоғида Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини янада кескин танқид қилган.
Бундан ташқари, Олаф Шольц ва Ражаб Тойиб Эрдўған Туркиядан уламоларни юборишни босқичма-босқич тўхтатиш учун Германияда имомлар учун тренингини тезликда кенгайтиришга келишиб олган.
Арманистон-Озарбайжон можаросини муҳокама қилиш чоғида эса етакчилар Туркия ва Арманистон ўртасидаги чегарани очиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиққан. Томонлар Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик битими 2023 йил охирида тузилиши кераклиги ҳақида келишиб олган.
LiveБарчаси