Шоҳасан Мирзаматов заxира жангчи сифатида UFC'га ўтиши мумкин

Спорт

image

Ўзбекистонлик ММА устаси Шоҳасан Мирзаматов яқинда дунёнинг энг номдор промоушенларидан бири ҳисобланган UFC билан шартнома имзолаши мумкин. Бу ҳақда спортчи QALAMPIR.UZ билан бўлган суҳбатда маълум қилди. 

Унга кўра, Мирзаматовнинг олдида UFC билан шартнома тузиш учун иккита йўл бўлиб, биринчиси – менежерларининг ҳаракатлари натижасини кутиш ва тўғридан-тўғри промоушен аъзосига айланиш, иккинчиси эса – ташкилот президенти Дана Уайтнинг яна бир бошқа ММА ташкилоти ҳисобланган Dana Whiteʼs Contender Series'да ғалаба қозониш орқали шартнома қўлга киритиш ҳисобланади.

“Бу спортга кириб келган ҳамма ҳам буни орзу қилади. ММА'нинг охири барибир UFC'га бориб тақалади. Ҳа, мен ҳам буни хоҳлайман ва менежерларим аллақачон бу йўлдаги ишларни бошлаб юборган. Ҳатто бир марта 84 килограммда Dana Whiteʼs Contender Series'да жанг қилиш ва ундаги ғалаба орқали шартномани қўлга киритиш имконияти ҳам юзага келди. Бироқ тиззамдаги жароҳат сабаб буни қўлдан чиқардим. Энди кутиб турибман. Кеча ҳам менежерим шу ҳақида гапирди. Балки ўтиш турнири орқали, балки тўғридан-тўғри бўлиши мумкин“, дейди Мирзаматов. 

Шунингдек, спортчи 2022 йилда қирғизистонлик спортчи Эдил Эсенгуловдан қабул қилиб олган мағлубияти учун реванш олиш ҳақида берилган саволга ҳам жавоб берди.

“Эдил билан 2-жанг ташкил қилиниши бироз қийин бўлади, ҳатто унга анча вақт бордек. Чунки ҳозир у рейтингда мендан анча юқорилаб кетди. Мен Эдилдан реванш сўрашим учун яна икки-учта жангда ютишим ва унга рейтингда яқинлашиб олишим керак“, дейди у. 

Маълумот учун, Шоҳасан Мирзаматов фаолияти давомида 12 та жангда қатнашиб, уларнинг 10 тасида қўли баланд келган ва 2 марта рақибларига имкониятни бой берган. У охирги жангини жорий йилнинг 22 июль санасида эронлик рақиби Азади-Фарга қарши ўтказиб, биринчи раунднинг ўзида нокаут эвазига ғалаба қозонган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

UFC Шоҳасан Мирзаматов Эдил Эсенгулов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг