ШКТР машмашаси. Эрдўғаннинг одами ЕИни Марказий Осиёга босим ўтказишда айблади
Олам
−
16 Апрель 5666 5 дақиқа
Туркиянинг собиқ мудофаа вазири, Буюк Миллат Мажлиси (парламент)нинг Миллий Мудофаа Комиссияси раиси Ҳулуси Акар туркий давлатларни Шимолий Кипр Турк Республикасини аниқ ва кучли тан олишга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 15 апрель куни Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар парламент ассамблеясига (ТУРКПА) аъзо парламентлар Миллий мудофаа ва хавфсизлик масалалари комиссияси раисларининг “Туркий давлатлар ўртасида хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш: парламентларнинг ўрни” мавзусидаги 2-йиғилишида сўзлади.
“Озарбайжоннинг Қорабоғдаги ғалабаси пайтида бўлгани каби Шимолий Кипр Турк Республикаси учун ҳам худди шундай бирдамлик кўрсатилишига ишонаман. Бу фақат Кипр туркларининг адолат излашининг эмас, балки туркий дунёнинг интеграция иродасининг кўрсаткичи бўлади деб ўйлаймиз”, деган у.
Ҳулуси Акарнинг айтишича, Шимолий Кипр Турк Республикасининг тан олиниши Шарқий Ўртаер денгизидаги геосиёсий мувозанат янада адолатли бўлишига ҳисса қўшади.
“Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий давлатлар ташкилоти ва Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси билан ўрнатган алоқаларини институционализация қилиш қардошлигимизнинг табиий натижасидир. Бу жараён жадаллашиб бораётгани бизнинг умумий ишимиздир. Шунинг учун Европа Иттифоқининг Жанубий Кипр румларининг воизи сифатида ҳаракат қилишини ва Шимолий Кипр Турк Республикасини ўз тадбирларига таклиф қилмаслиги учун туркий дунё давлатларига босим ўтказишга ҳаракат қилишини қабул қила олмаймиз. Бу босимларга чек қўйиш учун Шимолий Кипр Турк Республикасининг туркий дунё томонидан аниқ ва кучли тан олиниши ҳамда туркий дунё халқаро ташкилотларида тўлақонли аъзолик стратегияси билан ўз ўрнини эгаллаши барчамиз учун тарихий масъулиятдир”, деган у.
Маълумот учун, 15 апрель куни Озарбайжоннинг Бакуда бўлиб ўтган Туркий давлатлар парламент ассамблеясига аъзо парламентлар Миллий мудофаа ва хавфсизлик масалалари комиссияси раисларининг “Туркий давлатлар ўртасида хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш: парламентларнинг ўрни” мавзусидаги 2-йиғилишида Ҳулуси Акардан ташқари, Озарбайжон Миллий Ассамблеясининг Мудофаа, хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш комиссияси раиси Арзу Нагиев, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов, Қозоғистон Сенатининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси аъзоси Амангелди Нугмонов, Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенгашининг Халқаро алоқалар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси раиси ўринбосари Элдар Сулаймонов, ТУРКПА Бош котиби Меҳмет Сурайё Эр ва Шимолий Кипр Турк Республикасидан парламентнинг Сиёсий ишлар, ташқи алоқалар ва мудофаа қўмитаси раиси Ясемин Ўзтурк иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммити бўлиб ўтди. Саммит якунлари бўйича Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Республикаси Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши президенти Антониу Кошта, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо томонидан қабул қилинган баёнотнинг 4-бандида айтилишича, барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига халқаро ва минтақавий доирадаги ҳар қандай форумларда ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, бу тамойилларга зид ҳаракатлардан тийилиш мажбурияти олинган.
“Худди шу руҳда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 541(1983) ва 550(1984)-сонли резолюцияларига содиқлигимизни яна бир бор тасдиқладик. Минтақавий ҳамкорлик тузилмалари доирасида иштирок этишда ушбу халқаро тамойилларга риоя қилиниши кераклигини таъкидладик — бу эса ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар ривожида муҳим аҳамиятга эга.
Шу муносабат билан Туркманистон ўзининг халқаро мажбуриятларини доимий бетарафлик мақоми тамойилларига қатъий мувофиқ амалга оширишини эслатди”, дейилган баёнотнинг айнан 4-бандида.
541 ва 550 резолюциялар эса Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмаслик, улар билан ҳамкорлик қилмасликни англатади. Бундан кўринадики, Марказий Осиёнинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган 3 давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва кузатувчи давлат мақомида қолаётган Туркманистон ўзи билан бир тузилма, яъни Туркий давлатлар ташкилотида бўлиб турган ШКТР билан бир стол атрофида тўпланса-да, уни рад этади.
Шимолий Кипр Турк Республикасининг ҳуқуқий мақоми
Кипр оролининг Грецияга қўшилиши тарафдорлари томонидан амалга оширилган давлат тўнтариши натижасида 1974 йилда Туркия қуролли босқинидан бери этник жиҳатдан иккига бўлинган. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Кипр ҳудудининг тахминан 37 фоизи Туркия назорати остида бўлиб, Шимолий Кипр – 1983 йилда ташкил топган ва жаҳон ҳамжамиятида фақат Анқара томонидан тан олинган. Туркия Шимолий Кипрда 40 минг кишилик ҳарбий контингентни сақлаб турибди. Оролнинг жанубий қисми асосан Кипр юнонлари яшайдиган Кипр Республикаси назорати остида қолган.
Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркиянинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий ёрдамига жуда боғлиқ. Кипр Республикаси ва БМТ уни босқинчи куч деб ҳисоблайди. Шимолий Кипр Турк Республикаси номини олган тузилма Туркий давлатлар ташкилоти ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига кузатувчи сифатида аъзо.
Шимолий Кипр Турк Республикаси аҳолиси тахминан 294 906 киши бўлиб, 3355 км² майдонда яшайди. Аҳолининг катта қисмини этник турклар ташкил этади. Уларнинг анклавларида Кипр юнонлари ва ливанлик маронитлар ҳам яшайди. Шимолий Кипр Республикаси пойтахти – Кипр Республикаси ва Шимолий Кипр Республикаси ўртасида бўлинган Лефкоса (Никосия) шаҳри.
Шимолий Кипр Турк Республикаси Кипрнинг қолган қисмидан буфер зона билан ажратилган. Оролни икки секторга ажратувчи чизиқ Кипрдаги БМТ тинчликпарвар кучлари контингенти томонидан қўриқланади.
Live
Барчаси