Ширин қовунлар “мамлакати”да 1 йил 

Таҳлил

image

2025 йил ҳам ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Жорий йил Ўзбекистонда жуда кўп муҳим воқеалар: ислоҳотлар, янгиликлар, тайинловлар-у жамият учун нафи тегадиган ўзгаришлар билан бир қаторда қинғир ишлар, яширинча халқнинг қонини сўргандай пулини еб юрган баъзи амалдорларнинг қўлга тушишлари, оғир жудоликлар, йўлларда ва ёнғинларда ҳалок бўлган фуқароларнинг эрта ўлими, шунингдек, бугун гаплашмоқчи бўлганимиз, “юқоридагилар” томонидан содир этилган йилнинг энг кулгили ва жойи келганда айтиш лозим, энг ачинарли ҳолатлари, яъни ўзи халқни тўғри йўлга бошлаб, инсонларни ўзининг яхши ишлари, одамларга ўрнак бўлувчи амаллари билан эргаштира оладиган мавқеда бўла туриб, шармандали, эшитса ё ёқа ушлайдиган, ё уялиб лабини тишлайдиган, боринг ана, одамларга кулги бўладиган ишларга қўл урган айрим қўштирноқ ичидаги катталарнинг “катта қовун”лари ҳам бўлди. Бугун сиз билан 2025 йилда содир бўлган энг шов-шувли, муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлган ноодатий воқеликлар – амалдорларнинг аҳмоқона чиқишларини кўриб чиқамиз. 

Бандлик вазирлиги ходими Zoom'да машваратни ишратга айлантирди

2025 йилда энг кўп муҳокамага сабаб бўлган ҳолатлардан бири Бандлик вазирлиги тизимида юз берди. Муҳим иш жараёнининг бир қисми бўлиши керак бўлган Zoom платформаси орқали ўтказилган видеоселекторда уятли ҳолат акс этган кадрлар тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Гап шундаки, вазирлик тизимида фаолият юритган ходим онлайн йиғилиш вақтида камерасини ўчиришни унутиб, хизмат одобига мутлақо зид ҳолда ходимасини ўз тиззасига ўтирғизгани ва у билан ахлоққа тўғри келмайдиган ҳаракатлар қилгани акс этган кадрлар тармоқларда тарқалиб кетди. Ушбу видеони кўрган жамоатчилик буни нафақат битта ташкилот, балки бутун давлат тизими нуфузи учун ўчмас доғ сифатида баҳолади.

Ушбу ҳодиса ортидан ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақида хабар берилди. Бироқ расмий муносабатда ушбу ходимларнинг шахси ҳақида маълумот келтирилмади.

Туман ҳокими ҳеч ким тезак қилмай қўйганидан нолиди

Бу йил жамоатчилик эътиборини тортган, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган навбатдаги ҳолат Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида юз берган. Туман ҳокими Анвар Нормаматов депутатлар иштирокидаги йиғилишда аҳолининг қиш мавсумида уйларини иситиш масаласига тўхталар экан, кутилмаган ва кўпчиликни ҳайратга солган фикрни билдирган. Унинг айтишича, ҳозирги кунда одамлар “аслида таги ҳам йўқ” табиий газга ҳаддан ташқари суяниб қолган, ҳолбуки, муқобил йўллар ҳам бор. Хусусан, у тезак ва чалмалардан фойдаланиш мумкинлигини айтиб, одамлар бундай қилмай қўйганини танқид остига олган. 2025 йилнинг октябрь ойида гапирганлари ортидан ҳоким лавозимида қолишда давом этаётганди. Аммо, бу узоққа чўзилмади. Нормаматов бугун, 30 декабрь куни ушбу ҳоким лавозимдан олинди.

Аҳолининг фикрича эса, XXI асрда тезак йиғишни маслаҳат бериш давлат амалдорининг масъулиятига мутлақо зид.

Давлат идорасида наркотик

Йилнинг энг кутилмаган ва жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлган воқеаларидан яна бири Андижон шаҳрида юз берди. Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ўринбосари хизмат хонасида гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилаётгани акс этган сурат тарқалди. Лавозими номидан ҳам маълум – камбағалликни қисқартириши, одамларни иш билан таъминлаши керак бўлган масъул шахс ўз хизмат хонасини гиёҳвандлик истеъмоли маконига айлантиргани жамоатчиликда кескин норозилик уйғотди. Дастлаб вазирлик тизимдаги амалдорларни оқлаб, ҳолат “тасдиқланмагани”, суриштирувлар олиб борилаётгани ҳақида эҳтиёткорона муносабат билдирди. Бироқ, тезкор-қидирув тадбирлари давомида фотосуратдаги шахсдан 0,69 грамм “гашиш” моддаси мусодара қилиниб, суд-кимёвий экспертиза ушбу модда гиёҳвандлик воситаси эканини тасдиқлади. Шундан сўнг воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Андижон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ҳамда унинг ўринбосари билан меҳнат шартномалари бекор қилинди.

Энг ачинарлиси шундаки, бу ҳолат оддий кўчада ёки яширин жойда эмас, балки давлат герби осилган, халқ ишониб топширган хизмат хонасида содир бўлган. Лавозим – масъулият, мансаб – намуна бўлиши керак бўлган бир пайтда, айрим амалдорлар ҳануз қайси эшикдан кириб, қайси йўлдан юраётганини англаб етмагани ачинарли.

“Йил кашфиёти”. Зойир Мирзаев ракка қарши “ечим” топди 

Шу каби ғаройиб ҳодисалар содир бўлар экан, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳам ушбу рўйхатга киришнинг уддасидан чиқди. У бу йил аёллар саломатлигига “қаттиқ” эътибор бериб, уларнинг саратонга чалинмаслиги йўлини топди. Вилоят ҳокимининг сўзларига кўра, аёллар орасида рак касаллиги кўпайиб бораётгани уларнинг тандирда нон ёпмай қўйганидан экан. Фақат бу усул кейинчалик, тиббий нуқтайи назардан ўз тасдиғини топмади.

Мирзаев маҳаллада ўтказилган учрашувлардан бирида авваллари аёллар тандир олдида нон ёпиб, организмини “қиздирганини”, қон айланиши тезлашгани ва шу тариқа турли касалликлардан холи бўлганини айтиб берган.

“Эндиликда эса тандирлар йўқ, қора нон ёпилмаяпти, аёллар чиройли қилиб хўжайинларни ҳам аччиқ булкага ўргатиб олди, натижада камҳаракатлик кучайиб, рак касаллиги авж олмоқда” деган ҳоким.

Ҳатто, у бу фикрларини кореялик шифокорлар таҳлилига таяниб айтганини ҳам қўшимча қилган. Аммо, бу баёнот ижтимоий тармоқ аҳлига акс таъсир қилди. Фойдаланувчилар XXI асрда аёллар саломатлиги, онкологик касалликлар каби мураккаб ва жиддий масалаларни тандир ва нон ёпиш билан боғлашни илмий эмас, балки масъулиятсиз ёндашув сифатида баҳолади.

Энг ачинарлиси шундаки, соғлиқни сақлаш мутахассислари, илмий асос ва статистик маълумотлар талаб қилинадиган ушбу мавзудаги “ичи бўш” хулосалар айнан юқори лавозимдаги шахс, яъни ҳоким томонидан айтилди. Ахир ҳокимнинг вазифаси касаллик сабабларини “тандир бор-йўқлиги” билан изоҳлаш эмас, балки аёллар учун шароит, тиббий хизмат ва профилактика тизимини яхшилаш ҳақида бош қотириш эмасми?!

Мактаб жинсий алоқа эвазига иш таклиф қилинадиган жойга айлантирилди

Таълим тизими билан боғлиқ энг шармандали ва оғриқли ҳолатлар айнан билим ва тарбия маскани бўлиши керак бўлган мактаблар атрофида юз берди. Дастлаб 9 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг масъул ходимига тегишли экани тасдиқланган аудиоёзув тарқалди. Унда вазирлик ходими аёлларга менежерлик сертификатини олиш ва мактаб директори сифатида ишга жойлашишда ёрдам бериш эвазига у билан жинсий алоқа қилишни таклиф қилгани эшитилади. Мазкур аудио юзасидан вазирлик расмий муносабат билдириб, овоз ҳақиқатдан ҳам уларнинг ходимига тегишли эканини тасдиқлади. Шундан сўнг, ушбу мансабдор билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Орадан кўп ўтмай, бу воқеа ягона ҳолат эмаслиги аён бўлди. Октябрь ойида Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани 17-мактаб директори ишга кирмоқчи бўлган аёлга лавозим эвазига жинсий алоқа таклиф қилгани ҳақидаги аудиоёзувлар тарқалди. Ҳолат вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўрганилиб, мактаб директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бир-биридан мустақилдек кўринган бу икки воқеа аслида битта оғриқли саволни кун тартибига чиқарди: мактаб ва таълим тизими айрим мансабдорлар қўлида иш, сертификат ва лавозим савдолашиладиган майдонга айланиб қолмадимикан? Яна бу савдо ётоқ эвазига бўлса... Ахир бу тизим билим ва тарбия бериши, адолат ва ҳалолликни ўргатиши керак эмасми? Афсуски, айримлар уни шахсий эҳтиёжларини қондириш воситасига айлантириб олгани ҳам рост.

Ҳавонинг мусаффолигига “жиддий” зарар етказган тандирлар буздирилди

Пойтахтда кузатилган ҳавонинг кескин ифлосланиши ортидан кескин чоралар кўрилди. Махсус комиссия ташкил қилиниб, республиканинг ҳар бир ҳудудидаги ҳаво мусаффолигига зарар етказилаётган ҳолатларнинг имкон қадар тегишли тартибда олди олинди. Шу каби уринишлардан бири Андижон вилояти Шаҳрихон туманида қайд этилди. Лекин, бу ҳолатга “тегишли тартибда чора кўрилди” дея ном беришдан кўра кўпроқ “ойни этак билан ёпишга уринилди” деган маъқулроқ бўлар эди. Гап шундаки, декабрь ойи бошида “экологик вазиятни яхшилаш” важи билан туман ҳокими Ҳикматулла Дадахонов экологик рейд давомида сомсахона тандирларини буздириб ташлаган. Тонг саҳардан бошланган рейд ҳокимликнинг ижтимоий тармоқлардаги тарқатилган репортаж видеолари ортидан жамоатчиликда кескин норозилик уйғотган.

Дастлаб ушбу рейд ҳақида туман ҳокимлигининг расмий Telegram-каналида хабар эълон қилинган, бироқ орадан кўп ўтмай, у ўчириб юборилган. Расмий изоҳда ҳаво ифлосланишининг олдини олиш ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида талабга жавоб бермаётган умумий овқатланиш объектлари фаолияти жойида ўрганилаётгани айтилган. Аммо, видеоларда “ўрганиш” эмас, балки тандирларнинг бевосита бузиб ташлангани баҳсларни янада кучайтирган.

Вазиятга Андижон вилояти ҳокимлиги муносабат билдириб, масъулиятсизликка йўл қўйган Шаҳрихон тумани ҳокимига интизомий жазо чораси сифатида “ҳайфсан” берилганини маълум қилди. Шунингдек, бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун тушунтириш ишлари олиб борилгани қайд этилди. Яъни, тандирлар бузилди, кейин эса масала “тушунтириш” билан ёпилди. Сомсапазнинг тандири тиклаб берилмади, компенсация ҳам қопланмади. Бировнинг шахсий мулкига зарур етказган ҳоким ва унинг корчалонларига қонуний шаклда жавобгарлик белгиланмади. 

Бизнес-омбудсман эса сомсапазни ҳокимдан ҳимоя қилиш ўрнига,  хусусий мулк дахлсиз бўлиб, тадбиркорлик субъектининг мол-мулкига нисбатан чоралар фақат ваколатли орган ёки суд қарори билан амалга оширилиши мумкинлигини эслатишдан нарига ўтолмади. 

Натижада жамоатчиликда ҳақли савол туғилди: экологияни яхшилаш дегани тандир бузишми? Агар ҳаво тозалиги шу йўл билан таъминланадиган бўлса, эртага яна қайси соҳа “экология” баҳонасида қурбон қилинади?

Эски ҳаммом, эски тос! Аёллар Бош вазир ўринбосари шарафига пахтага чиқарилди 

Мажбурий меҳнат бекор қилингани, пахта терими энди фақат “ихтиёрий” экани расман эълон қилинганига ҳам анча бўлди. Бироқ, 2025 йил воқелиги шуни кўрсатдики, айрим ҳудудларда эски одатлар ҳамон тирик – фақат номи ўзгарди, холос. Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нигора Жумаева аёлларни пахта теримига жалб қилгани ижтимоий тармоқларда кун мавзусига айланди. Интернетга тарқалган аудиоёзувларда мансабдор ҳар бир маҳалла фаолидан камида икки нафар аёлни ўзи билан бирга далага олиб чиқишни қатъий оҳангда талаб қилгани эшитилади. Ёзувларда айтилишича, аёллар эрта тонгдан йиғилиши ва соат 9:00 га қадар ҳамма нарса “тайёр ҳолатга” келтирилиши керак. Сабаб эса битта – Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамованинг ташрифи. 

Мазкур ҳолат жамоатчиликда кескин норозилик уйғотганидан сўнг, туман ҳокимлиги расмий муносабат билдирди. Унга кўра, 22 сентябрь куни ташкил этилган “Меҳнатим – фахрим” тадбирида пахта теримида қатнашган аёллар фақат “ихтиёрий” равишда иштирок этган, ҳеч ким мажбурий меҳнатга жалб қилинмаган. 

Бироқ, ҳокимликнинг бу баёноти узоққа бормади. Орадан кўп ўтмай Бандлик вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган текширувлар натижасини эълон қилди. Вазирлик Қумқўрғон туманида аёллар пахта теримига мажбурий жалб қилинганини расман тасдиқлади. Маълум бўлишича, ҳокимлик томонидан “кўнгилли” сифатида тақдим этилган терим амалда мажбурий меҳнат аломатларига эга бўлган. Натижада туман ҳокими ўринбосари Нигора Жумаевага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси асосида жарима қўлланилган.

Ҳоким боғчаларни ичидаги одамлари билан қўшиб бузиб юборишни буюрди

Амалдорларнинг айтган гапи билан қилган изоҳи бир-бирига тўғри келмай қолган ҳолатлар қаторига Бухоро вилоятида юз берган навбатдаги можарони ҳам қўшса бўлади. Тармоқларда вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг масъулларга берган топшириғи акс этган видео тарқалиб, жамоатчилик орасида кескин норозиликка сабаб бўлди. Видеода ҳоким хусусий боғчалар масаласида кескин оҳангда гапириб, ҳужжати йўқ объектларни “суд-пуд демасдан” бузиб ташлашни, ҳатто, “ичидаги одамлари билан кўмиб юбориш” кераклигини айтади. Ҳокимнинг ушбу сўзлари нафақат ижтимоий тармоқларда, балки ҳуқуқшунослар орасида ҳам жиддий саволларни келтириб чиқарди.

Мазкур ҳолатдан сўнг вилоят ҳокимлиги раддия билан чиқди. Расмий изоҳга кўра, видео 22 май куни Бухоро шаҳридаги 2-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини ўрганиш чоғида тасвирга олинган. Ҳокимликнинг таъкидлашича, вилоят раҳбари хусусий боғчаларни бузиш ҳақида эмас, балки боғча ҳудудида ноқонуний очилган кириш-чиқиш йўлакларини бартараф этишни назарда тутган. Мазкур топшириқ болалар хавфсизлигини таъминлаш, ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида берилган.

Расмий изоҳлар жамоатчиликдаги саволларни камайтирмади. Чунки муҳокамаларга сабаб бўлган жиҳат айнан объект бузилиши эмас, балки ҳокимнинг “ичидаги одами билан кўмиб ташлайсан” деган қўпол ва таҳдидли ибораси бўлди. Раддияда ушбу жумланинг нега ишлатилгани борасида аниқ изоҳ берилмади ва шунчаки “ҳиссиёт билан айтилган гап” деб қўя қолинди. Бундан ташқари, видеодаги “суд-пуд демасдан бузиб ташлайсан” деган жумла ҳам алоҳида эътибор талаб этади. Амалдаги қонунчиликка кўра, бирор бино ёки объектни бузиш фақат ваколатли орган ёки суд қарори асосида амалга оширилади. Ҳоким эса суд ҳокимияти вакили эмас, балки ижро ҳокимияти вакили ҳисобланади.

Маҳалла раиси фуқароларни беармон сўкди

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги “Гаистон” маҳалласи раиси видеохабар орқали фуқароларни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилгани ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Видеода маҳалла раисининг оғзидан боди кириб, шоди чиқаётганини эшитиш мумкин. Бу эса жамоатчилик орасида кескин норозиликка сабаб бўлди. QALAMPIR.UZ ҳолат юзасидан Маҳаллалар уюшмаси ва вилоят ИИБдан муносабат сўраган, аммо уюшма қўнғироқларни жавобсиз қолдирган, ички ишлар эса воқеадан бехабар эканини билдирган. Ушбу ҳолат маҳаллий ҳокимиятнинг фуқаролар билан мулоқотда, расмийларнинг эса ОАВ билан ҳамкорликда ишлашни хоҳламаётганини, қанчалик қоидаларни эътиборсиз қолдираётганини очиқ кўрсатди. Раиснинг ўз лавозими ва ваколатидан келиб чиқиб, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилмаслиги маҳаллий бошқарув тизимида назорат ва интизомнинг етишмаслигини кўрсатади.

Танқидий постдан сўнг туман ҳокимлиги расмий муносабат билдириб, масала бўйича ишчи гуруҳ тузилганини ва ўрганишлар олиб борилаётганини маълум қилди. Ишчи гуруҳ таркибида Маҳаллалар уюшмаси вилоят ва туман бўлимлари, “Нуронийлар” жамоат кенгаши туман бўлими вакиллари ва маҳалла фаоллари иштирок этди. Муҳокама давомида маҳалла раисининг фуқаролар билан мулоқотда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши зарурлиги, у қилган қўпол хатти-ҳаракатларни эса ҳеч қандай йўл билан оқлаб бўлмаслиги таъкидланди.

Раис эса қилмишидан пушаймонлигини, руҳий чарчаганлигини ва айрим ҳолатларда ўзини бошқара олмаётганини тан олди. У шунингдек, навбатдаги маҳалла раиси сайловида номзодини қўймаслигини билдирди.

“Замҳоким” дарахт кесилишига қаршилик қилган эколокка куч ишлатди

Фарғона вилояти Бувайда туманида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси инспектори Аҳроржон Ниёзов ноқонуний дарахт кесилиш ҳолатини аниқлаб, уни тўхтатмоқчи бўлганида туман ҳокими ўринбосари Саидали Хизиров томонидан куч ишлатилди. Инспекторни миллий гвардия ходимлари ёрдамида туман Ички ишлар бўлимига олиб кетиш ҳолати ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ҳолат шуни кўрсатадики, ҳоким ўринбосарлари экология ходимларининг қонуний фаолиятини бепарво қаршилик билан тўхтатишга уринмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 19 ноябрда имзоланган фармонга кўра, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари маҳаллий ҳокимият тузилмасига кирмайди ва мустақил фаолият юритади. Ҳоким ўринбосарининг Ниёзов фаолиятига тўсқинлик қилиши эса бу фармонга тўлиқ зид ҳаракат бўлди. Видеоларда кўриниб турибдики, Ички ишлар ходимлари фақат томошабин бўлиб турганида, Хизиров экологни ёқасидан тутиб олиб кетган. Бу эса ҳокимият идораларида назорат ва интизомнинг қанчалик суст эканини, ҳоким ўринбосарининг ўз лавозимидан чекловсиз фойдаланишини очиқ кўрсатади.

Мазкур ҳолат ортидан ҳоким ўринбосари Саидали Хизиров лавозимидан озод қилинди. Бу қарор мутасаддиларнинг ишчи гуруҳ ёрдамида ўрганишлари ва экология инспекторининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш заруратидан келиб чиқди.

Тугаётган йил воқеалари шуни кўрсатдики, айрим амалдорлар учун лавозим ҳанузгача масъулият ва намуна эмас, балки ўз хоҳиш-истакларини қондириш, қонунни менсимаслик ва халқ устидан “катта гапириш” воситаси бўлиб қолмоқда. Кимдир хизмат хонасини чилимхонага айлантирди, кимдир аёллар саломатлигини тандир билан “даволади”, яна кимдир таълимни савдога, мажбурий меҳнатни эса “кўнгиллилик” ниқобига яширди. Буларнинг ҳаммаси бир йилда, бир мамлакатда содир бўлди.

Албатта, айрим ҳолларда айбдорларга чора кўрилди, лавозимидан олинди ёки жаримага тортилди. Лекин, савол очиқлигича қолмоқда: нега бу чораларнинг аксарияти фақат жамоатчилик босими ортидан кўрилади? Нега тизим ичидан ўз-ўзини тозалаш механизми ҳануз ишламаяпти?

Йил давомида содир бўлган бу каби ўнлаб ҳолатлар бир тарафдан кулгили кўрингани билан, аслида жамият учун оғриқли сабоқдир. Чунки амалдорнинг бир оғиз сўзи, бир ҳаракати ёки бир “ҳазили” ортида одамлар шаъни, ҳуқуқи, саломатлиги ва ишончи туради. Амалдорлар эса буни унутмаслиги шарт!

Нодир Шукуров


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг