Шимолий Корея ядровий дастурини кенгайтирмоқда – МАГАТЭ

Олам

image

Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) раҳбари Рафаэль Гросси Шимолий Корея ядровий дастури бўйича янги хавотирли маълумотларни ошкор қилди. Унинг айтишича, КХДР Йонбён ва Кансондаги уран бойитиш иншоотларини фаол ҳолда ишлатишда давом этмоқда. Бу ҳақда “Yonhap” ёзди.

Вена шаҳрида МАГАТЭ бошқарувчилар кенгаши йиғилишида сўзлаган Гросси Йонбёндаги 5 мегаваттли реактор еттинчи нурлантириш циклида ишлаётган бўлиши мумкинлигини билдирган. Шунингдек, радиокимё лабораторияси 2025 йил январидан сентябригача фаол бўлгани ва олтинчи циклда фойдаланилган ёқилғи қайта ишлангани тахмин қилинмоқда.

Янги объектлар ва тайёр полигон

Агентлик кузатувларига кўра, Йонбён мамлакатнинг асосий ядровий маркази ҳисобланади. У ерда янги бино қурилгани, унда электр таъминоти ва совитиш тизимлари Кансон мажмуасига ўхшаш экани айтилган. Ташқи қурилиш тугалланган, ичида жиҳозлаш ишлари давом этаётган бўлиши мумкин.

Гросси яна бир муҳим жиҳатни тилга олган: Йонбёндаги енгил сув реактори 2025 йил август-ноябрь оралиғида тўхтаган бўлса-да, ҳозир яна ишлаётгани ҳақида белгилар бор. Бу эса Пхеньяннинг ядровий инфратузилмаси барқарор фаолият кўрсатаётганини англатади.

МАГАТЭ маълум қилишича, Пунгге-ри ядровий синов полигонида “сезиларли ўзгаришлар” кузатилмаган, аммо у ҳар қандай янги синовни ўтказишга тайёр ҳолатда. Бу баёнот халқаро ҳамжамият учун яна бир огоҳлантириш сифатида қабул қилинмоқда.

Гросси Шимолий Корея ядровий дастурини давом эттириши БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларининг очиқ бузилиши эканини таъкидлаб, агентлик текширув ва назорат бўйича ўз ролини бажаришга тайёрлигини урғулаган.

Геосиёсий сигнал

Пхеньяннинг бу ҳаракатлари Корея яриморолдаги хавфсизлик мувозанатига бевосита таъсир қилади. Вашингтон ва Сеул билан муносабатлар таранг, музокаралар эса амалда музлатилган. МАГАТЭнинг охирги ҳисоботи КХДР ядровий дастури тўхтамаганини, аксинча тизимли равишда давом этаётганини кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ўзининг кичик қизи Ким Чжу Эни мамлакат Ракета маъмуриятида раҳбарлик лавозимига тайинлаган эди. Ушбу маъмурият Пхеньяннинг ядровий ва баллистик ракета дастурларини назорат қилади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин Шимолий Корея Ким Чжу Э

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг