Шерободда яна бир йирик цемент заводи ишга тушади
Жамият
−
27 Май 2019
5803Сурхондарё вилояти Шеробод туманида Жанубий Кореянинг NCG Engineerring Co.ltd. компанияси ҳамкорлигида бунёд этилаётган янги цемент заводига дастлабки тамал тоши қўйишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Кўхитанг тоғлари бағридаги ноёб қурилиш хом ашёсига бой ҳудудда барпо этилаётган йирик цемент заводининг лойиҳа қиймати 170 миллион АҚШ доллари бўлиб, сармоядорлар уни 2021 йилда фойдаланишга топширишни мўлжалламоқда. Корхона ишга тушиши билан йилига бир миллион тонна портландцемент ишлаб чиқарилади. Асосийси, тоғли қишлоқларда яшайдиган тўрт юздан ортиқ кишининг бандлиги таъминланади.
Мамлакатда Жанубий Корея ишбилармонлари ҳамкорлигида барпо этилган қатор йирик корхоналарда рақобатбардош турли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, миллий иқтисодиётимизни ривожлантиришга салмоқли улуш қўшмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда мамлакатда хорижлик сармоядорлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, имтиёзлар қўлланилаётгани бу борадаги ишлар кўламини янги босқичда давом эттиришга, ер усти ва ер ости бойликлардан унумли фойдаланишга хизмат қилмоқда. Жанубий Корея инвесторларининг мазкур тумандаги йирик цемент захирасига катта қизиқиш билдиргани бунга яққол далилдир. Янги завод Шерободда улар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган иккинчи корхона бўлиб, туманда фаолият юритаётган Ўзбекистон-Жанубий Корея “Агрохимат-Шингдонг” қўшма корхонасида ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Айни пайтда Кўхитанг ҳудудида “Олмалик кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан қурилиб, ишга туширилган замонавий корхонада ҳам йирик миқдорда портландцемент ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу заводда тайёрланаётган қурилиш учун ноёб маҳсулотнинг бир қисми Афғонистон Ислом Республикасига экспорт қилинмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, кореялик тадбиркорлар ҳамкорлигида қад ростлаётган навбатдаги корхона маҳсулотининг маҳаллий бозордан ортиқ қисмини ҳам чет эллик буюртмачиларга етказиб бериш режалаштирилган. Бу нафақат, жанубдаги вилоят, балки мамлакат иқтисодий қудратини юксалтиришда муҳим ўрин тутади.
Замонавий янги корхонага тамал тоши қўйишга бағишланган тантанали маросимда вилоят ҳокими Тўра Боболов, Жанубий Кореянинг NCG Engineerring Co.ltd. компанияси бош директори Жанг Ил Квеон сўзга чиқди.
LiveБарчаси