Бош прокуратура Андижонда Президентни алдаганларни жавобгарликка тортишни талаб қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Андижон шаҳрида бир неча аёлларни бепул коттеж олганлиги тўғрисида интервью беришга мажбурлангани ҳақида ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ҳамда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган хабарлардаги важлар ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш жараёнида аниқланишича, эҳтиёжманд шахсларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида Андижон вилояти Хўжаобод тумани Хўжаобод массивида 2 сотихли жами 592 та коттеж қурилиши якунига етказилган.

Жорий йилнинг февраль-март ойларида вилоят ҳокимлигининг масъул шахси “Мустақиллик тикувчилик мажмуаси” МЧЖнинг уй-жойга муҳтож бўлган 6 нафар ишчиларига (Х.Тиллаева, М.Рахимова, Ш.Бакирова, Х.Эрматова, З.Абдувалиева ва Д.Ходжиматова) мазкур ҳудудда қурилаётган коттежлардан уларга совға сифатида биттадан берилишини маълум қилган.

Кейинчалик, “Ўзбекистон 24” телеканали орқали 2019 йил 31 март, 3 май ва 16 май кунлари юқоридаги ишчилар иштирокида, уларга совға сифатида коттеж берилганлиги ҳақида лавҳалар кўрсатилган, 16 май куни улар оила аъзолари билан бирга ушбу коттежларга киритиб қўйилган.

Давлат раҳбари ташрифи доирасида фақат ишчилардан бирига (Д.Ходжиматова) коттеж совға қилинган. Ташрифдан сўнг вилоят ҳокимлиги масъул шахсининг талабига биноан қолган 5 нафар ишчилар (Х.Тиллаева, М.Рахимова, Ш.Бакирова, Х.Эрматова ва З.Абдувалиева) қурилаётган 4 қаватли уйлардан хонадон ажратиш ваъда қилинган ҳолда коттежлардан кўчирилган.

Шундан сўнг, улар қатор давлат ташкилотларига мурожаат қилган, Х.Тиллаеванинг ҳокимият уларни алдаганлиги ҳақидаги мурожаати ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган.

Уларнинг мурожаатларидан сўнг, жорий йилнинг 22 майида “Мустақиллик тикувчилик мажмуаси” МЧЖ томонидан уларнинг иш ҳақлари ва корхона даромадлари ҳисобидан 4 қаватли уй-жой учун дастлабки бадал тўлови ўтказилган.

Шундай қилиб, ўрганишлар шуни кўрсатдики, Андижон вилояти ҳокимлиги мутасаддилари 5 нафар эҳтиёжманд ишчиларга коттеж берилишини ваъда қилиб, улардан бу ҳақида ОАВга интервьюлар олинишига эришиб, коттежларга уларни уй эгаси сифатида киритиб қўйиб, бироқ якунда уларга коттеж ажратмасдан, кўзбўямачиликка йўл қўйган.

Таъкидланишича, ўрганиш натижалари юзасидан Бош прокуратура томонидан Андижон вилоят ҳокими номига зудлик билан айбдор шахсларнинг интизомий жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш ҳамда бу каби ҳолатларга чек қўйиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура Анджион

Баҳолаганлар

127

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг