Оилада эркакнинг ўрни қолмади. Хотин-қизлар қўмитасини тугатиш керак
Таҳлил
−
03 Август 2019
25476Ижтимоий тармоқларда фаол бўлганим сабабли сўнгги кунларда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Жиноятга мойил аёлларнинг 23 тоифаси” таснифлангани ҳақидаги маълумотларнинг айланиб юрганига кўп гувоҳ бўлдим. Биров ундай, бошқаси бундай деди. Кўп ўтмай, бу таснифлаш қўмитага тегишли эмаслиги ҳақида Хотин-қизлар қўмитаси расмий ахборот берди.
Ижтимоий тармоқлардаги фаоллару бошқалар тин олгандек бўлганди. Йўқ, улар муҳокамаларни давом эттиряпти.
Гапнинг индаллосини айтсам, мамлакатда фикр эркинлигини намоён этаётган ижтимоий тармоқлардаги гап-сўзларнинг таг замирида маълум маънода ҳақиқат борлигини инкор этолмайман.
Ҳақиқат-ки, анчайин аччиқ. Оилавий ажримлар, аёлларнинг хориж давлатларидаги жинсий зўравонликлар қурбони бўлаётгани, ота-онасиз ўсиб тарбияси бузилаётган болалар...
Қўйингчи, статистика аталмиш маълумотлар йиғиндиси ҳар йили янгиланиб турибди. Бу йиғиндиларга қараб минглаб, ўғил-қизларнинг тирик етим бўлишига сабабчи бўлаётган оилавий ажримларнинг охири бормикан деб ўйлаб қоласан киши. Масалан. аҳоли зичлиги бўйича нафақат мамлакатда, шу билан бирга МДҲда етакчи бўлган Андижон вилоятида 786 мингдан ортиқ оила таркибида 3 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ўтган йили вилоятда ўртача 30 мингдан ортиқ янги оилалар ташки топган. Бироқ 4 минг 149 оила қонуний ажрашган. 2019 йилнинг биринчи чорагида Андижонда 1 минг 56 та ажрим кузатилган ва уларнинг 431 таси ёш оила. Агар буни республика бўйича ҳисоблаб чиқсак катта миқдор юзага келади ёки Ўзбекистонда ҳар бешинчи никоҳ ажрим билан тугаяпти.
Аёлнинг бегонаси бўлмайди. Ҳафтанинг маълум бир кунларида ҳудудлар марказларига чиқсангиз, Фуқаролик судлари эшиги олдида мунғайиб турган, судьянинг алимент масаласи бўйича қарорини кутаётган хотин-қизларни кўрасиз. Ҳа, бу аёлларнинг аччиқ қисматлари ҳақида шунчалик маълумотлар кўпки, буларни бирма-бир санашга вақт деган олий ҳакам етмаслиги аниқ. Ўтган йили ижтимоий тармоқларда каттақўрғонлик аёл ва уни ечинтирган ички ишлар ходими ҳақидаги хабар нафақат мамлакатни балки, бутун дунёни ларзага солди. Уни бу куйга солган касга лаънатлар ўқидик, жазосини оляпти. Лекин жараён содир бўлгунга қадар аёлнинг моддий аҳволи ёки унинг руҳий ҳолати билан кимдир қизиқдими? Албатта йўқ. Лекин аёл жамиятни ва ўзини шарманда қилган бу воқеалардан кейин ҳам тинч юрмагани, эски одати ўғирлик билан яна ўша ижтимоий тармоқни “портлатганида” ҳам аниқ ечим беролмадик. Хориж сериалларига тақлидан ўзини “еттинчи осмон”да, тўқликка шўхлик қилиб, бошланишига интернетда кейинчалик реал ҳаётда турмуш ўртоғига ҳиёнат қилаётганлар кам деб ўйлайсизми? Ёки туққан боласини мўмай пул эвазига сотаётган навоийлик, фарғоналик, қашқадарёлик, сурхондарёлик, жиззахлик ва ҳоказолар. Булар миллатни, мамлакатни шарманда қилгани йўқ деб ким кафолат беради? Оиласи бузилгач, турли нопок йўлларга кириб кетиши оқибатида ўз туққан боласини ўлдирган аёл ҳам янги туғилган чақалоғини ҳожатхонага ташлаб кетган ҳам кимнингдир, синглиси бошқа бировнинг жондек азиз фарзанди-ку. Туғилишиданоқ ўз онаси томонидан таҳқирланиб, хожатхонага ташлаб кетилган, қалбида нафрат унаётган қизалоқ вақти келиб қандай она бўлишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Бу ишларни босди-босди қилишга, ўзимизни оқлаб олишга уриндик. Хотин-қизлар манфаати ҳақида жуда кўп ва хўп гапирдик. Демократия қураётган эканмиз, гендер тенглигини жорий этиш керак дедик. Депутат аёлларимиз кўпайяпти, ҳаётнинг бошқа жабҳаларида ҳам фаол аёллар кам бўлаётгани йўқ.
Бироқ шундай жойлар борки, эркаклар ишлаши керак бўлган жойларда аёлларни кўряпмиз. Буларни кузата туриб ўтган аср бошларида ёппасига паранжи ташлаб, тракторга ўтириб, давлатнинг қандайдир плани сабаб оиласига вақт тополмаган, колхозлардаги ҳурмат тахтасига қўйилган расмларидан ғурур ҳисссини туйиб, умр бўйи даладан келмаган ўша давр хотин-қизларини эслайсан киши.
Бугун мамлакатда бир эмас, бир нечта хотин-қизлар билан ишлайдиган ташкилотлар бор. Бирови тадбиркор аёлни, бошқаси олима аёлларни кўпайтириб беряпти. Барака топсин. Аммо уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари билан шуғулланадигани, хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қиладигани битта. Бу— Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси. Мустақиллик эълон қилинган йилнинг 27 декабрида Термизда ўтказилган конференцияда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташкил топди. Қўмита Ўзбекистон тарихида илк ташкил этилган жамоат бирлашмаси сифатида мамлакат хотин-қизларининг ихтиёрий асосдаги, ўзини ўзи бошқарадиган нодавлат нотижорат тузилмадир. Ташкилот раиси расман Бош вазир ўринбосари ҳисобланади ва ўз навбатида мамлакат Ҳукумати аъзоси ҳамдир. Вилоят, туман ва шаҳарлардаги қўмита раислари ҳоким ўринбосари саналади.
Ташкилотнинг ўтган “шонли” фаолиятига назар ташласак, кўп нарсалар ойдинлашади. “Энг намунали фалончи”, “Энг намунали писмадончи”, “Зулфиячи”, қўйингчи, чи-чиларни яратдик. Тадбирбозликлардан бўшамадик. Ўз оиласини сақлаб қолиш учун “опа”дан нажот истаб келган юзлаб аёллар опанинг (Хотин-қизлар қўмитасининг раиси) прокуратура, ички ишлар, маънавият, яна бошқасининг тадбирида юрганидан хабардор ёки бехабар ортга қайтишга мажбур бўлди. Бундай ҳолат вилоят ва туманларда сал ўзгарган сценарийларда олиб борилди. Яъни вилоят ёки туманнинг “опаси” пахтага, буғдойга, фермерга, қурилишга, мактабга, коллежга вакил қилиб юборилар, идорасида эса битта-иккита ҳодим тайёр баённоманинг уёқ-буёғини ўзгартириш билан банд эди. Охири нима бўлди?
Йиллар давомида оилавий келишмовчиликлар ортида ажримлар сони кўпайди. Ўз устида “ишлаган” “опа”лар бирон ажримни олдини олиш ўрнига даладан, тадбирлардан бўшамай қолди. Бу гаплар энди яқин ўтган тарихга айланди.
Бугун замон ўзгарди. Хотин-қизлар масаласи давлатнинг устувор сиёсати даражасида қайта кўриб чиқилди. Оилавий ажримларни олдини олиш бўйича ташкилотга “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва ФҲДЁ органлари ёрдамга йўналтирилди.
Бироқ оилавий ажримларни кескин камайтиришда “лов” этиб кўзга ташланадиган ёки қулоққа ёқадиган натижага эришилгани йўқ. Вақт беринг, дейишади. Вақт эса ўтиб боряпти.
Менда таклиф бор. Шарқда азалдан оилани муқаддас қўрғонга менгзашади. Бунга кўра, эр оиланинг бошлиғи, моддият билан таъминлаш гарданида бўлган оила аъзоси. Хотин эса ўз навбатида эрининг топган тутганини оила аъзоларига, фарзандларига пишириб-куйдириб берадиган, болалар тарбиясига масъул энг катта ижрочи ҳисобланади. Аёлнинг оиладаги тарбияси эркакка боғлиқ. Бироқ эркакнинг ўзи тарбияга муҳтож бўлса-чи? Ҳар қандай шароитда ҳам оилада кузатиладиган нохуш ҳолатга икки томон ҳам бирдек жавобгар.
Модомики, бугун Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг кўмакчилари бўлган ташкилотларнинг оилавий парокандаликлар ва ажримларнинг олдини олишга қурби етмаётган экан, уларни бирлаштириш орқали жамиятда улкан кучга эга бўлган янги тузилма Оила ва ижтимоий муаммоларни ўрганиш вазирлигини тузишни замоннинг ўзи тақазо этяпти. Зеро, оила жамиятнинг ҳамда давлатнинг асосий бўғини экан, бунга давлат ташкилоти даражасида жавоб бериш пайти келди.
Отанинг ўрни ўзбек оиласида йўқолиб қолди. Биз аёл, аёл деб уни эъзозладик. Хотин-қизларнинг жамиятда ўрнини топишга дастак бўлишга ҳаракат қилдик. Аммо эркак билан шуғулланмадик. Аксар оилаларда фарзандлар отасини менсимайдиган бўлди. Пул топар она фарзанд тарбияси билан шуғулланмай қўйди, оталар аламини айш-ишратдан олди. Йўқ деманг, бор шундайлар. Энг асосийси, кўча жамиятда ўз ўрнини топгану уйда таҳқирланиб, турмушидан бахт топмаган аёл қандай қилиб ўзини бахтлиман деб айтсин? Уйида калтак зарбидан кўзи кўкариб чиққан аёлни қандай қилиб, ҳимоя қилишимиз мумкин? Шунинг учун ҳам бизга Оила вазирлиги керак.
Чунончи, Хотин-қизлар қўмитаси қуйи буғинида штатлар камлиги, туғилганлик ва ўлимни қайд этадиган ФҲДЁ ўз ишидан ортмаётгани, 3-4 та ходими билан жуда кўплаб мавзулардаги тадбирлардан бўшай олмаётгани, боз устига туман ва шаҳарларда штатлари етарли бўлмаган “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳаракатлари самара бермаётган экан, янги ташкил этиладиган вазирликка психологлар, маънавиятчилар, диний маълумотга эга мутахассисларни, катта ҳаётий тажрибага эга зиёлиларни жалб этиш керак.
Шундагина асосий вазифаси оилаларнинг фаровонлигини таъминлайдиган, эркагу аёлнинг ҳуқуқларини бирдек ҳимоя қиладиган, муҳими оилавий муҳит сабаб ҳар томонлама соғлом фикрлайдиган авлод камол топишига кўмак берадиган тузилма вужудга келади.
Тўғри, никоҳ ва оила муносабатлари томонларнинг розилиги билан амалга оширилади ҳамда тугатилади. Бу ишларга давлатнинг аралашуви демократия нуқтаи назаридан ҳам инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ҳам тўғри келмаслиги тайин.
Бироқ кун сайин ўзгараётган бугунги дунё манзараларида бир жинсли никоҳларнинг вужудга келаётгани, туғилиш ўрнига ўлим кўпаётгани, бутун бошли миллатлар курраи заминдан йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолаётгани бор гап.
Бундай кўринишдаги муаммоларни жаҳоннинг исталган давлатида кузатиш мумкин. Миллий қадриятлар миллатнинг “паспорти” ҳисобланади. Ана шу қадриятларнинг дебочасида эса оила аталмиш муқаддас қўрғон турибди. Бу қўрғонни ҳар томонлама ҳимоя қилиш эса ҳеч қачон аҳамиятини йўқотмайди. Модомики, янги вазирлик ҳақидаги фикр кимларгадир ортиқча “бош оғриғи” бўлиши мумкин. Лекин фикрлар хилма-хиллиги деган тушунча бор. Буёғи ҳукмингизга ҳавола.
Акбаржон Абдураимов
LiveБарчаси