Ҳукумат “Внуково” аэропортида қолиб кеган ўзбекистонликларни таъминлаш учун маблағ ажратди
Олам
−
23 Март 2020
7200Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан халқаро ҳаво, автомобиль ва темир йўл алоқаларини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб, Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси томонидан қийин вазиятда қолган ўзбекистонликларга ёрдам бериш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Хусусан, 24 соатлик Оператив штаб ташкил этилди, ватандошларимизнинг Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиш ва меҳнат патентлари муддатларини мамлакатни тарк этмасдан узайтириш масаласи ҳал қилинди, карантин чораларига қарамай ўзбекистонлик талабаларни Россия олий таълим муассасалари ётоқхоналаридан чиқариб юбормаслик бўйича Россиянинг тегишли вазирлик ва идоралари билан иш олиб борилди, Россия томонидан COVID-19 вируси РНКни аниқлаш учун тест-тизимлари олинди. Ўзбекистон фуқароларини Россиядан олиб чиқиш учун бешта чартер рейси ва учта темир йўл поезди ташкил этилди.
Элчихона ўз Ватанларига уча олмаган ва Москва аэропортларида қолиб кетган ўзбекистонликлар билан боғлиқ вазиятни доимий назоратга олган. Элчихона дипломатлари ҳар куни аэропортларга ташриф буюриб, жойлардаги аҳволни ўрганмоқда ва у ердаги фуқароларга озиқ-овқат ташкиллаштиришда ёрдам бермоқда.
“Элчихона томонидан олиб борилган музокаралар натижасида “Внуково” аэропорти раҳбарияти ватандошларимизнинг вақтинча туриши учун “Б” терминалини ажратди, у ер тиббий пункт, санузел, иссиқ овқат ва мебел жиҳозлари билан таъминланган.
Афсуски, дипломатларнинг барча ишонтиришлари ва уринишларига қарамай, “Б” терминалида яратилган махсус зона фақат кунлик овқатланиш учун ишлатилмоқда, рўйхатга олиш пунктлари эса ўзбекистонликларнинг доимий турар жойлари бўлиб қолмоқда”, дейилади хабарда.
Элчихона ватандошларга қулайликлар яратиш мақсадида уларни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан ажратилган маблағ ҳисобидан вақтинча турар жой билан таъминлаш масаласини ишлаб чиқди. Бугунги кунга қадар “Внуково” аэропортида кунига уч марта овқатланиш имконига эга тахминан 150 киши учун жойлар тайёрланган (рақам доимий равишда ўзгармоқда), бу ҳақда ватандошлар тезда хабардор қилинди. Элчихонанинг ушбу таклифини ватандошлар инкор этмоқдалар ва чартер рейсларини кутиб авиабилетларни расмийлаштириш пунктларида қолишни афзал кўрмоқда.
Элчихона янги чартер рейслари ташкил этилгунга қадар 150 нафар ўзбекистонликка “Внуково” аэропортида вақтинча турар жой билан таъминлашга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлайди ва ўз маълумотларини (паспорт ва боғланиш маълумотлари) “Внуково” аэропортидаги “Uzbekistan Airways” АЖ ваколатхонасига керакли чоралар кўриш учун тақдим этишларини сўраб мурожаат этади.
Шу ўринда мавжуд вазият туфайли Ватанга қайта олмайдиган ва авиачипталарга эга фуқаролар сони кўпайган тақдирда, ўз вақтида мурожаат бўлганда Элчихона томонидан уларни жойлаштириш чоралари кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 46 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor