Ўлдирилмаса, ўлдирарди – Оқ уй корчалони Сулаймоний нега ўлдирилганини айтди
Олам
−
07 Январь 2020
20937Агар Қосим Сулаймоний ўлдирилмаганда, у АҚШ дипломатлари ва ҳарбийларини ўлдирарди. Генерал яқин келажакда америкалик дипломатлар ва ҳарбийларга ҳужум қилишни режалаштирган. Бу иддао Оқ уй томонидан илгари сурилмоқда.
Ушбу баёнот бугун, 8 январь куни Fox News телеканалида АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Роберт О’Брайен томонидан эълон қилинди.
“Президент Дональд Трамп ҳар доим очиқ айтадики, унинг асосий вазифаси Америка фуқароларини ҳимоя қилишдир. Бизда мавжуд маълумотларга кўра, Сулаймоний ва унга яқин бўлган гуруҳлар тез орада америкалик дипломатлар ва аскарларни ўлдиришга тайёргарлик кўриб борган. Шунинг учун ҳам Президент ушбу операцияга рухсат берди”, дейди Трампнинг корчалони.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 3 январга ўтар кечаси Бағдодда Эроннинг ташқи сиёсатидаги муҳим фигура, Яқин Шарқдаги шиа гуруҳларини йўллантириб, 20 йилдан буён Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг махсус бўлинмаси “Ал-Қудс”ни бошқарган генерал Қосим Сулаймоний АҚШ ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Ушбу зарба бевосита Президент Дональд Трампнинг буйруғи билан амалга оширилган.
LiveБарчаси