Шавкат Мирзиёевнинг Олмазор туманига бориши кутилмоқда
Жамият
−
23 Май 2019
5805Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев эртага, 24 май куни Тошкент шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва истиқболли инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишиш мақсадида Олмазор туманига бориши кутилмоқда.
Шавкат Мирзиёев ташрифи давомида Олмазор тумани Қорақамиш 1/2 даҳасидаги “River park” сой бўйи сайилгоҳи, шу ҳудудга туташ замонавий кутубхона мажмуаси, Коворкинг маркази ҳамда “Ёшлик” талабалар шаҳарчасидаги бунёдкорлик ишлари билан танишиши кутилмоқда.
Айни пайтда бу ҳудудларда бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Жумладан, Олмазор туманида ўзгача кўринишли “River park” сайилгоҳи яқинидаги йўлда янгидан асфальт ётқизилди.
Айтиш керакки, бир пайтлар турли чойхоналар, одамларнинг уйларига туташиб кетган пана-пастқам гаражлару, одам юришга истиҳола қиладиган ташландиқ ҳолга келиб қолган ҳудуд атрофи бугун таниб бўлмас даражада ўзгарди.
Янгидан барпо этилган сайилгоҳда Эйфел минораси, Миср эҳромлари, Лувр пирамидаси, Пиза минораси, Биг бен соати, Минораи калон каби машҳур иншоатларнинг кичрайтирилган макетлари барпо этилди. Сой бўйлаб бир нечта фавворалар, аҳоли мазмунли дам олиши учун очиқ осмон остидаги мўъжаз кинотеатр, миллий таомлар ошхонаси ҳам фаолият юрита бошлади. Сойнинг ҳар иккала тарафида велосипед учун махсус йўлаклар барпо этилди. Ҳудудда шунингдек, ресторанлар, дам олиш масканлари, Коворкинг маркази, фитнесс клуби ва аҳолига хизмат кўрсатиш шоҳобчалари барпо этилди.
LiveБарчаси