Шавкат Мирзиёев ёшларга байрам табриги йўллади
Жамият
−
30 Июнь 2019
6700Хабарингиз бор, бугун, 30 июнь куни Ўзбекистонда "Ёшлар куни" кенг нишонланмоқда.
Ўзбекистон Респубилкаси Президенти Шавкат Мирзиёев байрам муносабати билан Ўзбекистон ёшларига байрам табриги йўллади.
"Қадрли фарзандларим!
Сиз, азиз ўғил-қизларимни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни юртимизда кенг нишонланаётган Ёшлар куни билан чин қалбимдан табриклайман.
Ушбу қутлуғ айёмда барчамиз ёшлик инсон умрининг нақадар гўзал ва беғубор фасли, улкан орзу-умидлар, беқиёс имкониятлар даври эканини янада чуқур ҳис қилиб, сиз, навқирон фарзандларимизга энг эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.
Ўтган қисқа даврда жамиятимиз ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллаган бу байрам давлатимиз, халқимиз ўз фарзандларининг бахти ва камоли учун ҳеч нарсани аямаслигини, мамлакатимиз ёшлари ҳам Ватанимиз равнақи учун хизмат қилишни ўз ҳаётининг мазмуни деб билишини яққол ифода этмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.
Буни кейинги икки йилда шу соҳага оид 3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ўнлаб фармонлари, қарор ва фармойишлари қабул қилингани ҳамда шу асосда улкан ишлар амалга оширилгани ҳам яққол тасдиқлайди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, ҳудудларда эса ҳокимлар раислигида Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгашлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ва “Ёшлар клуби” иш бошлади.
Йигит-қизларимизнинг бизнес лойиҳалари учун “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси томонидан бугунги кунга қадар 692 миллиард 400 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиб, 25 мингга яқин янги иш ўрни яратилгани, республикамиз бўйича 125 та “Ёшлар меҳнат гузари”, 19 та “Ёш тадбиркорлар” коворкинг маркази фойдаланишга топширилгани айниқса эътиборлидир.
Юртимизда ташкил этилаётган янги-янги боғчалар, мактаблар, олий ўқув юртлари, нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари, маданият ва спорт иншоотлари, “Темурбеклар мактаби”, “Президент мактаблари”, “Ижод мактаблари” деб ном олган мутлақо янги намунадаги таълим масканлари бугунги глобаллашув шароитида рақобатга қодир бўлган етук кадрларнинг янги авлодини тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Кейинги пайтда умумхалқ ҳаракатига айланиб бораётган беш ижобий ташаббуснинг мазмуни ва аҳамиятини ёшларимиз чуқур тушуниб, уни амалга оширишда фаол иштирок этаётганини биз албатта юксак баҳолаймиз. Бу йўналишда амалга оширилаётган катта қурилиш ва ободончилик ишлари билан бирга, “Ёшлар кутубхонаси” туркумидаги 470 мингта бадиий адабиётлар республикамиздаги барча мактаблар ҳамда Ёшлар иттифоқининг маҳаллий кенгашларига бепул тарқатилгани муҳим аҳамиятга эга.
Ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун яратилган шароитлар ҳам бугун ўзининг амалий натижасини бермоқда. Бунинг тасдиғини ёш спортчиларимиз хaлқаро мусобақaларда муваффақиятли қатнашиб, 520 та олтин, 544 та кумуш, 588 та бронза медалига сазовор бўлганида ҳам кўриш мумкин.
Азму шижоатли, навқирон йигит-қизларимизнинг ўз соҳасида, жамоат ишларида эришаётган ютуқларини муносиб рағбатлантиришга давлатимиз томонидан катта аҳамият берилмоқда.
Масалан, ўтган йили ана шундай ватанпарвар, фидойи юзлаб ёшларимиз “Дўстлик” ордени ва “Шуҳрат” медали, Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Келажак бунёдкори” медали, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти билан тақдирланди. Яна 28 нафар азамат йигитларимиз янги таъсис этилган “Мард ўғлон” давлат мукофотига сазовор бўлди. Бугун уларнинг сафларига яна бир гуруҳ фаол ёшларимиз қўшилаётгани барчамизни қувонтиради.
Азиз фарзандларим!
Ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, айниқса, уларнинг қарийб 50 фоизини ташкил этадиган қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, оилавий ажримлар, ўсмирлар орасида жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида ёшлар жиноятчилиги 2018 йилга нисбатан 37 фоизга камайгани, адашиб хато йўлга кирган, ўз қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган 599 нафар шахс Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида суд залидан озод қилиниб, уларга енгил жазо турлари тайинлангани жамиятимизда кечиримлилик, меҳр-оқибат ва ўзаро ишонч муҳитини кучайтириш йўлидаги янги қадамдир.
Биз ёшларнинг мамлакатимиз ҳаётидаги демократик жараёнларда фаол иштирок этишига, уларнинг сиёсий ва ижтимоий салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.
Бу борада ўз сафларида 7 миллион 680 минг аъзони бирлаштирган Ёшлар иттифоқи томонидан жойларда олиб борилаётган ишларни эътироф этган ҳолда, уларни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлаш жоиз. Айниқса, бу йил мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўладиган сайловларда чуқур билим, қатъий гражданлик позициясига эга бўлган ёшларимиз фаол қатнашиб, вакиллик органларида муносиб ўрин эгалласа, бу нафақат ёш авлоднинг, балки бутун халқимиз манфаатларини таъминлашга катта ҳисса бўлиб қўшилади.
Қадрли ёш дўстларим!
Бугунги нотинч ва таҳликали замонда ёшларнинг онги ва қалбини эгаллашга қаратилган турли хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётганини барчангиз яхши биласиз. Уларга қарши курашишда халқимизнинг бой тарихи ва маданияти, буюк аждодларимиз жасорати, жонажон Ўзбекистонимизнинг миллий манфаатлари биз учун куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади.
БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон томонидан “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияни ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилгани жаҳолатга қарши – маърифат тамойили асосида олиб бораётган кенг кўламли ишларимизнинг узвий бир қисми бўлиб, у ер юзидаги икки миллиарддан зиёд ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Биз Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этишга маҳкам бел боғлаган эканмиз, бу улуғ ишни эртага эмас, бугун бошлашимиз, бунинг учун аввало навқирон ёшларимизга зарур шароитларни айнан бугун яратиб беришимиз керак.
Шу муносабат билан сизларни ишонтириб айтмоқчиман: биз ёшларнинг орзу-интилишлари, илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш мақсадида бошлаган ишларимизни наинки давом эттирамиз, балки уларни янги, янада юксак босқичга кўтарамиз.
Азиз ўғил-қизларим!
Бугун биз ўз олдимизга қўйган улкан ва масъулиятли вазифалар бутун халқимиз каби сизлардан ҳам ҳар томонлама катта тайёргарлик ва сафарбарликни талаб этмоқда.
Ишончим комил, сизлар замонавий билим ва тараққиёт чўққиларини эгаллаб, ўз амалий ишларингиз, ғайрат-шижоатингиз билан жонажон Ватанимизга муносиб, садоқатли фарзандлар бўласиз.
Сизларни Ёшлар куни билан яна бир бор қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шахсий ва ижтимоий ҳаётингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман."
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев,
LiveБарчаси