Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига оид фармонни имзолади
Жамият
−
22 Октябрь 2019
14649Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Қуйида фармон матни тўлиқ келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир.
Ўзбекистонда 1989 йил 21 октябрда эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Айнан ана шу тарихий ҳужжатга биноан ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.
Истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.
Бугун Ўзбекистонимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда.
Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда.
Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир.
Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва кенг жамоатчиликнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида ходимларининг умумий чекланган сони 9 та штат бирлигидан иборат Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилсин ва унинг тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қуйидагилар Давлат тилини ривожлантириш департаментининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш;
давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан, шунингдек, уни ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
ўзбек тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш;
давлат тилини ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
давлат тилини ривожлантириш бўйича дастурлар ва “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш, шунингдек, “Ўзбек тили байрами куни”ни нишонлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;
илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, географик ва бошқа топонимик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш;
давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, бу соҳада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
а) уч ой муддатда:
“Ўзбек тили байрами куни”ни белгилаш бўйича қонун лойиҳасини;
“Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан такомиллаштирган ҳолда унинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин;
б) икки ой муддатда хорижий давлатлар тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар комиссиясини ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисида қарор қабул қилсин;
в) 2020 йил 1 июнга қадар қуйидаги асосий йўналишларни ўз ичига олган 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури лойиҳаларини киритсин:
мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа соҳаларда давлат тилининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш;
таълим муассасаларида давлат тилини ўргатиш ва уни билиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш, давлат тилининг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш;
давлат тили софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш;
давлат тилининг ахборот ва коммуникация технологиялари, хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, ўзбек тилининг компьютер дастурларини яратиш;
давлат тили қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни мунтазам ва ҳар томонлама ўрганиш, уларни бартараф этишга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
мамлакатимиз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатлар тилларининг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш, уларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш;
давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, унинг бошқа тиллар билан алоқалари истиқболларини белгилаш, хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар ва ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун ўзбек тили дарсликлари ва электрон дастурларни ишлаб чиқиш ва уларни кенг миқёсда тарқатиш, ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2019 йил 21 октябрь
LiveБарчаси