Шавкат Мирзиёев Туркияга етиб борди
Жамият
−
29 Январь 2329 1 дақиқа
Бугун, 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга расмий ташриф билан Анқара шаҳрига борди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, “Эсенбоға” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонларни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва рафиқаси кутиб олган.

Икки давлат байроқлари кўтарилган, фахрий қоровул саф тортган.

Давлат раҳбарлари ва биринчи хонимлар қисқа учрашув ўтказган. Суҳбатда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Бугун, 29 январь куни Оқсарой қароргоҳида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтади.

Музокараларда сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, энергетика, маданият, гуманитар соҳа ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилади.


Анқара шаҳридаги тадбирлар доирасида Хатай вилоятининг Арсуз туманида “Ўзбекистон” тураржой мажмуасининг очилиши ва Истанбулда ўзбек мактабининг қурилишини бошлашга бағишланган маросим ҳам бўлиб ўтади.