Шавкат Мирзиёев Туркий кенгаш Бош котибини қабул қилди
Жамият
−
04 Октябрь 2019
3906Бугун, 4 октябрь куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши мажлиси ва Инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдат Амреевни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Туркий кенгаш ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Мамлакатимиз 14 сентябрь куни 2009 йил 3 октябрда имзоланган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини ратификация қилди ҳамда ташкилотнинг жорий йил 15 октябрь куни Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган еттинчи саммитида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этади.
Ўзбекистон ва Туркий кенгаш мамлакатларини азалдан нафақат маданият, тил, маънавият муштараклиги, балки анъанавий дўстлик ва узаро манфаатли ҳамкорликка асосланган муносабатлар боғлаб туриши таъкидланди.
Учрашувда Туркий кенгашнинг биринчи навбатда савдо, инвестициялар, инновациялар, транспорт, туризм, маданий-гуманитар алмашинувлар каби долзарб йўналишларда амалий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашувчи самарали минтақавий тузилма сифатидаги салоҳиятига юксак баҳо берилди.
Туркий кенгаш бош котиби Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз Кенгашга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида кириши билан самимий табриклади.
Ўзбекистоннинг аъзо бўлиши ташкилот доирасида самарали кўп томонлама ҳамкорликни янада жадал ривожлантиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Бағдат Амреев Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасида, иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади.
Ўзбекистон хорижий шериклар билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришда, аввало, қўшни мамлакатлар билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида улкан муваффақиятларга эришаётганини алоҳида қайд этди.
Олий мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Туркий кенгашнинг бўлажак саммитига тайёргарликнинг бориши тўғрисида маълумот берди ҳамда Кенгаш билан Ўзбекистон ўртасида самарали муносабатларни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини тасдиқлади.