Шавкат Мирзиёев Тельман Ражабов вафоти муносабати билан таъзия билдирди
Жамият
−
13 Август 2020
15438Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Сенат раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов ва Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдоев Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Тельман Ражабов вафоти муносабат билан ҳамдардлик билдирди.
Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Материалшунослик физикаси, илмий асбобсозлик ва микроэлектронлар техникаси соҳасидаги таниқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Тельман Ражабов шу йил 12 августда 85 ёшида вафот этди.
Т.Ражабов 1935 йил 15 августда Самарқанд шаҳрида туғилди. 1959 йили Н.Бауман номидаги Москва техника университетини тугатиб, кейинчалик мазкур университет аспирантурасида таҳсил олди. 1966 йили номзодлик, 1980 йили докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
Ўз меҳнат фаолиятини 1959 йилда Фанлар академияси Физика-техника институтида кичик илмий ходим сифатида бошлаган истеъдодли олим қарийб 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Фанлар академияси Электроника институти лаборатория мудири, Марказий илмий асбобсозлик конструкторлик ва технологик бюроси директори, Тошкент электротехника алоқаси институти ректори, Марказий Осиё телекоммуникация ўқув маркази директори, Тошкент электротехника алоқаси институтининг кафедра мудири лавозимларида самарали меҳнат қилиб, Ўзбекистонда илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш ҳамда юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.
Тельман Ражабов мамлакатимизда физикавий материалшунослик ва микроэлектроникани илмий асбобсозликда қўллаш илмий йўналишининг асосчиси сифатида танилди. Ушбу соҳанинг долзарб илмий ва амалий масалаларига бағишланган кўплаб мақола ва тадқиқотлари, монография ва рисолалари юртимиз ва чет эл илмий жамоатчилигининг эътирофига сазовор бўлди.
Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга сабоқ берган илм-фан фидойисининг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланган.
Академик Т.Ражабовнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди.
Таниқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Тельман Ражабовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Б.Йўлдошев
LiveБарчаси