Шавкат Мирзиёев Сингапур Катта вазирини қабул қилди

Жамият

image

Бугун, 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сингапур Республикасининг Катта вазири Ли Сянь Лун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, суҳбат аввалида Катта вазир Сингапур Президенти Тарман Шанмугаратнам ва Бош вазири Лоуренс Вонгнинг самимий саломи ҳамда эзгу тилакларини етказган.

Ўзбекистон – Сингапур муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Сиёсий мулоқот ҳамда барча даражалардаги икки томонлама алоқалар фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Сингапурнинг мамлакат иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми қарийб 2 миллиард долларни ташкил этган.

Сингапур ишбилармонларининг Ўзбекистондаги инвестициявий фаолиятини кенгайтириш режалари қўллаб-қувватланган. Стратегик ва инновацион шериклик бўйича ўрта муддатли қўшма дастурни ишлаб чиқиб, унда савдо, инвестициялар, технологиялар трансфери, давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, инсон капиталини ривожлантириш, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларга устуворлик беришга келишиб олинган.

Ўзбекистонда махсус иқтисодий зоналар фаолиятини такомиллаштириш, Тошкент халқаро молия маркази ва рақамли банк тизимини ривожлантиришда Сингапурнинг илғор тажрибасини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Сингапур олий таълим муассасаларининг Ўзбекистондаги фаолияти бундан буён ҳам қўллаб-қувватланиши билдирилган.

Юқори даражада эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини баҳолаш ва қўшма режаларни мувофиқлаштириш учун сиёсий ва иқтисодий тузилмалар ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланган.

Яқинда Ўзбекистон БМТнинг Медиaция тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилгани олқишланган.

Халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш ҳамда минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг