Шавкат Мирзиёев Нукусдаги техникум фаолияти билан танишди
Жамият
−
18 сентябр 414 2 дақиқа
Бугун, 18 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳридаги 1-сон техникум фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатда касбий таълим тизими ислоҳ қилиниб, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, ички ва халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлат раҳбарининг жорий йил 17 июлдаги “Республикада халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мазкур техникумда Буюк Британиянинг “Pearson BTEC” халқаро таълим дастури жорий этилган.

Дунёнинг 70 та мамлакатида қўлланилаётган ушбу дастур Ўзбекистонда илк бор мазкур техникумда йўлга қўйилган. Унинг асосий хусусияти назарий билимларни амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш. Шу мақсадда таълим стандартларига мос замонавий ўқув устахоналари ва рақамли лабораториялар ташкил этилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 11,9 миллиард сўм бўлиб, шундан 2 миллиард сўм ҳамкорлар томонидан ажратилган. Натижада 240 ўринли замонавий устахоналар яратилган. Техникумда жами 1 минг 203 нафар ўқувчи таълим олмоқда.
Муассаса 4 гектар майдонда жойлашган бўлиб, бино ва иншоотларининг умумий майдони 4,6 минг квадрат метрни ташкил этади. Бу ерда дуал таълимни йўлга қўйиб, ҳудуд иқтисодиётининг етакчи тармоқлари учун мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилган. Халқаро дастур битирувчиларига 70 дан ортиқ давлатда тан олинадиган диплом берилади.

Хусусий ҳамкор Саловутдин Илёсов иштирокида “spin-off” таълим дастури ҳам йўлга қўйилган. Унинг доирасида 136 нафар ўқувчи талаб юқори бўлган замонавий касбларни эгалламоқда. Асосий фанлар инглиз тилида ўқитилиб, ўқув-услубий материаллар ҳам шу тилда тақдим этилмоқда. Бу ўқувчиларнинг касбий билимлари билан бирга соҳавий тил кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Амалий тайёргарлик натижасида битирувчиларнинг хорижда ишлаш имкониятлари кенгаймоқда. Жорий йилда техникумда пайвандчилик бўйича ўқитилган 25 нафар ишсиз фуқаро Эстонияга ишга юборилган. Улар ойига 3 минг еврогача иш ҳақи олмоқда.
Шунингдек, ташкил этилаётган 40 миллион долларлик саноат зонаси учун зарур мутахассисларни мазкур техникумда тайёрлаш бўйича келишувларга эришилган. Бу таълимни ишлаб чиқариш билан боғлаш ва битирувчилар бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Давлат раҳбари техникумда яратилган шароитлар билан танишган. Халқаро меҳнат бозорида малакали кадрларга талаб ортиб бораётгани қайд этилиб, ўқув жараёнларини иш берувчилар эҳтиёжларига мувофиқ ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилган.
Live
Барчаси